Жаҳон | 20:04 / 21.06.2023
24327
10 дақиқада ўқилади

Украинанинг секин давом этаётган қарши ҳужуми. Томонларда қандай режалар бор?

Фото: EPA

Запорижжя ва Донецк области жанубида тўқнашувлар давом этмоқда, баъзи чизиқларда жанглар тобора шиддатли тус олмоқда. Украина қуролли кучлари аста-секин турли ҳудудларда Россия мудофаасини ёриб ўтяпти, Россия қўшинлари эса Украина армиясини асосий мудофаа чизиғига етиб бормасдан олдин тўхтатишни режалаштириб, қарши ҳужумга ўтишга ва захираларни қайта жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда. BBC мухбири Иля Абишев фронтдаги сўнгги воқеаларни таҳлил қилди.

«Украина қўшинлари Запорижжя ва Донецк областларидаги икки ҳафталик ҳужум амалиёти давомида саккизта аҳоли пунктини озод қилди. Булар Новодаривка, Левадне, Сторожеве, Макаривка, Блаҳодатне, Лобкове, Нескучне ва Пятихатки», деган 19 июн куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр.

Унинг сўзларига кўра, Украина ҳарбийлари Россия мудофаасига умумий ҳисобда 7 км ичкарилаган, жанубдаги озод қилинган ҳудудлар майдони 113 квадрат километрни ташкил қилади.

Шу билан бирга, Маляр Россия қўшинлари ташаббусни ўз қўлига олишга уринаётган Луҳанск области ғарби ва Донецк области шимолидаги мураккаб вазият ҳақида ҳам гапирган.

«Душман ўз кучларини шимолга йиғди ҳамда ташаббусни биздан тортиб олишга уриниб, Лиман ва Купянск йўналишларида фаол ҳужумга ўтмоқда. Душман ҳаракатининг юқори фаоллиги қайд этилди. Шафқатсиз жанглар давом этмоқда. Бизнинг қўшинларимиз душманнинг олдинга силжишига йўл қўймаяпти», деди Украина мудофаа вазири ўринбосари.

Украина қуролли кучларининг Жанубий Донецк, Запорижжя ва Донецк йўналишларида фаол ҳужумга ўтиш ҳаракатлари ҳақида Россия мудофаа вазирлиги ҳам хабар берган. Вазирлик расмийси Игор Конашенковнинг маълум қилишича, Украина қуролли кучларининг ҳужумлари қайтарилган — тўрттаси Донецк йўналишида, учтаси — Запорижжя ва Донецк области чегарасидаги Времевка бўртиғида ва иккитаси Запорижжия областининг Малая Токмачка ҳудудида. Конашенков бой берилган ҳудудлар ҳақида гапирмаган.

Икки томон ҳам душман катта талафoт кўрганини даъво қилмоқда.

Тасдиқланган фотосуратлар ва видеолар асосида ҳар икки томоннинг техник йўқотишларини ҳисоблайдиган Oryx мудофаа таҳлилий портали маълумотларига кўра, Россия июн ойи бошидан бери 129 та техника, жумладан, 32 та танк йўқотган. Украина эса 155 та техника, шу жумладан 24 та танкдан айрилган.

Мустақил ҳарбий таҳлилчилар Украина жанубидаги жангларда икки томоннинг йўқотишларини тахминан бир хил деб баҳоламоқда. Фото: Reuters

Запорижжя ва Донецк областларининг бир қисмида Украина қўшинлари фаоллашганидан кейинги жанговар ҳаракатларнинг умумий манзараси секин-аста аниқроқ бўлиб бормоқда.

Украина қуролли кучлари фронт чизиғининг турли қисмларида — Каховка сув омбори қирғоғидаги Василйивка шаҳридан Донецк областининг ғарбий қисмигача бўлган ҳудудлардаги Россия мудофаасининг биринчи чизиғига ҳужум қилмоқда.

Баъзи ҳудудларда украиналик ҳарбийлар олдинга силжиб, бир қанча аҳоли пунктларини, жумладан, Россия армияси учун таянч нуқта бўлиб хизмат қилган аҳоли манзилларини эгаллашга муваффақ бўлди.

Шу билан бирга, Украина бўлинмаларининг Бахмут шимоли ва жанубидаги босими ҳам тўхтамаяпти — Украина қуролли кучлари шаҳарнинг қуршов хавфи остида қолдириб, Россия қўмондонлигини бунинг олдини олиш учун ушбу йўналишга ҳам захираларни ташлашга мажбур қилди. Шунингдек, Украина кучлари Днипронинг ўнг соҳилида, Нова Каховка ҳудудида жамланаётгани ҳақида ҳам хабарлар мавжуд.

Россия армияси эса Купянск ва Лиман йўналишларида қарама-қарши таҳдидларни яратмоқда, шунингдек, украинларни уларнинг Донецк атрофидаги муҳим таянч пунктлари ҳисобланган Авдийивка ва Марйинкадан сиқиб чиқаришга уринмоқда.

Аммо барибир, асосий эътибор июн ойи бошидан бери шиддатли жанглар давом этаётган Запорижжя областига қаратилган ва бу ерда вазият жуда баҳсли кўринади.

У ерда нималар бўляпти ва томонларнинг режалари қандай?

Россия

Украина жанубида ҳужум амалиётлари ўтказиш учун етарли ресурсларга эга бўлмаган Россия қўмондонлиги 2022 йилдан буён бу ерда стратегик мудофаага ўтган.

Херсон, Запорижжя ва Донецк областининг бир қисмидаги фронт чизиғининг узунлигини ҳисобга олган ҳолда (агар Днипронинг денгизга қуйилиш жойидан Волноваха районигача ҳисобланса 450 километрдан ортиқ), мудофаа ғарбий қанотда табиий сув тўсиғига, шарқий қанотда эса танкларга қарши кучли ҳимоя истеҳкомларига таянган.

Норасмий равишда «Суровикин линияси» деб аталадиган бу истеҳкомлар хандақлар, блиндажлар, танкларга қарши зовурлар, бетон тўсиқларнинг кенг тармоғи ҳамда бошқа истеҳкомлардан, шунингдек, кенг миналанган майдонлардан ташкил топган.

Ҳаммаси бўлиб камида учта ҳимоя чизиғи ташкил қилинган, улар ҳамма жойда ҳам бир-бирига параллел эмас, уларнинг ҳар бири алоҳида функцияни бажаради.

Каменск — Работино — Пологи — Старомлиновка — Волноваха шартли чизиғи бўйлаб ўтадиган биринчи ҳимоя чизиғи операцион зона бўлиб хизмат қилади. У ерда мудофаа қўшинлари сони нисбатан кам, аммо айнан шу ерда бутун ҳудудни эгалловчи энг кўп миналанган майдонлар бор.

Биринчи мудофаа чизиғининг вазифаси душманнинг олдинга силжишини тўхтатиш ёки ҳеч бўлмаганда ушлаб туриш.

Агар душман катта куч билан ҳужумга ўтса, қўшимча портловчи тўсиқлар ўрнатиш ва артиллерия ва авиация нишонларини белгилаш, шунингдек, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда душман иккинчи мудофаа чизиғига ҳужум қилишда плацдарм сифатида фойдаланишига йўл қўймаслик учун позицияларни ва мустаҳкамланган ҳудудларни ушлаб туриш олдинги ҳимоя чизиғидаги аскарларнинг вазифаларидир.

Бунда асосий ғоя олдинга силжиётган Украина бўлинмаларини заифлаштириш, биринчи мудофаа чизиғини ёриб ўтгач, уларда иккинчи ҳимоя чизиғига ҳужум қилиш учун етарли куч ва воситалар қолдирмасликдир. Айнан иккинчи чизиқда ҳарбий техника ва шахсий таркибнинг асосий қисми жойлашган.

Ва энг ёмон сценарий учун учинчи ҳимоя чизиғи мавжуд.

Запорижжя областидаги амалиёт бошида украин техникаларининг кўп қисми миналанган майдонларга тушиб қолиб портлаб кетди. Фото: EPA

Украина

«Суровикин линияси» каби истеҳкомлар чизиғи қурилишини яшириш имконсиз. Шубҳасиз, йирик ҳужумга тайёргарлик кўраётган украиналик генераллар у ҳақда маълумотга эга бўлган ва биринчи чизиққа катта кучлар билан ҳужум қилиш хавфли эканини яхши билган.

Украинага хайрихоҳ бўлганларнинг аксарияти умид қилган кенг кўламли ҳал қилувчи зарба ўрнига, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги, афтидан, Запорижжя ва Донецк областларининг бир қисмидаги Россия мудофаа чизиғини босқичма-босқич янчишга қарор қилган.

Операциянинг биринчи босқичида нисбатан кичик кучлар жангга ташланди, аммо ҳужум бутун фронт бўйлаб амалга оширилди. Украина қўшинлари бу билан бир неча мақсадни кўзлаган бўлиши мумкин.

Биринчидан, улар Россия армиясининг мудофаа ҳудудини кенгайтиришга ва унинг логистикасини мураккаблаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда фронт чизиғидаги вазият шундайки, Украина қўшинлари гўё шартли доира ичида, руслар эса унинг ташқи томонида. Ушбу конфигурация Украина қуролли кучлари фойдасига ишлайди, чунки улар қисқа логистика йўли туфайли манёврларни анча тез ва осон бажаради, ўқ-дорилар ва техникаларни олдинги чизиққа Россия армиясига қараганда анча тезроқ етказиб беради.

Иккинчидан, Украина қуролли кучларининг секин олдинга силжиши натижасида пайдо бўлувчи кичик ҳимоя тўсиқлари Россиянинг биринчи мудофаа линиясига қўшилиб, аста-секин кенгайиб, иккинчи мудофаа чизиғига яқинлашади, бу эса асосий кучларни жангга олиб кириш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Украина армияси секинлик билан бўлса-да, олдинга силжимоқда. 

Россия ва Украина учун асосий қийинчиликлар нималар?

Олдинги чизиқда миналанган майдонларнинг кўплиги нафақат Украина қуролли кучларининг ҳужумкор операцияларини, балки фаол мудофаани ҳам қийинлаштиради.

Миналар туфайли кўпинча қанот манёврларини амалга ошириш мумкин эмас ва натижада Украина бўлинмаларини улар эгаллаб олган аҳоли пунктларидан сиқиб чиқаришга уринишлар тўғридан тўғри қарши ҳужумлар ёки артиллерия зарбалари ёрдамида амалга оширилиши мумкин.

Мудофаа чизиғининг жуда узунлиги Россия қўмондонлиги олдига захираларни хавфли ҳудудларга ўз вақтида кўчириш, улардан тежамкорлик билан фойдаланиш ва шу билан бирга бошқа йўналишларни заифлаштирмаслик талабларини қўяди.

Айни вақтда, иккинчи чизиқда мудофаа позициясини эгаллаган рус бўлинмалари ҳам жангга кираётгани ҳақида кўплаб хабарлар мавжуд. Бу Россия қўмондонлигининг режасига кўра, Украина зирҳли техникаси ва Украина қуролли кучларининг энг яхши ўқитилган бўлинмаларининг асосий зарбасини қайтариши керак бўлган бўлинмалардир.

Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россия илгари Днипронинг чап соҳилида жойлашган бўлинмаларни Запорижжяга кўчиришни бошлаган.

Украина армиясига ҳам осон эмас. Улар ҳужум операцияларидаги муқаррар йўқотишлар, шунингдек, Россиянинг ҳаводаги устунлиги билан ҳисоблашиши керак.

Россия мудофаасининг асосий чизиғини ёриб ўтиш учун украинлар ҳарбий ташаббусни ҳам, зарба берувчи кучларининг асосий ўзагини ҳам сақлаб туриши керак – ҳали бу мудофаа чизиғига етиб борилгани йўқ.

Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари «Суровикин линияси»ни битта участкада ёриб ўтишнинг ўзи етарли эмас, чунки бу ҳолда зарба йўналиши душманга маълум бўлади. Улар уч ёки тўрт, эҳтимол ундан ҳам кўпроқ йўналишда ҳимоя чизиғини бузиб ўтиш керак.

Ва бу ҳам Украинанинг муваффақиятини кафолатламайди. Ҳозирча эса Украина армияси ўзининг секин юришини давом эттирмоқда.

Мавзуга оид