Ўзбекистон | 10:29 / 22.06.2023
11238
5 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили қабулига оид матбуот анжумани ўтказилди – асосий маълумотлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари янги ўқув йили бўйича пайдо бўлаётган саволлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Kun.uz тадбирнинг муҳим маълумотларини бир саҳифага жамлади.

Фото: Telegram / Rasmiy_xabarlar_Official

21 июн куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари иштирокида 2023/2024 ўқув йили қабулига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Масъуллар бу йил қабулда қандай ўзгаришлар бўлиши, савол варақаларининг тарқалиб кетмаслиги учун кўрилаётган чоралар, қабулда мактаб баҳоларининг инобатга олиниши каби масалаларда саволларга жавоб берди.

Бу йил бакалавриат учун кундузги таълим тўлов-контракт қабул квоталари 92 254 тани ташкил этмоқда, давлат гранти эса 34860 та этиб белгиланган.

 “Ўтган йилгига нисбатан 2023/2024 ўқув йилида қабул квоталари сони грант учун 10 фоизга, тўлов-контрактга 1 фоизга оширилган. Бу ерда грантда кўпроқ ўсиш бор”, – дейди вазирлик департамент бошлиғи Абдували Холиқов.

Маълумот берилишича, имтиёзлар асосида ўқишга кириш учун умумий тасдиқланган квотадан ташқари 15 мингта қўшимча квота ажратилган.

Шунингдек, анжуманда имтиҳон назоратчилари қандай танлов асосида олингани масаласига ҳам тўхтаб ўтилди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Фарҳод Мирзаевнинг берган маълумотига кўра, бу йил гуруҳ назоратчиларини танлаб олиш очиқ платформага ҳужжат топшириш асосида ташкил қилинган бўлиб, 8956 нафар талабгор гуруҳ назоратчиси сифатида рўйхатдан ўтган.

Махсус ўқув курсларидан ўтганидан кейин, тест ва суҳбат орқали 4000га яқин гуруҳ назоратчиси танлаб олинган. Шартнома асосида уларга ҳар кунлик тўлов ва тушлик учун пул берилиши белгиланган”, – деди Мирзаев.

Имтиҳон натижалари чиқишида мактаб баҳоларининг инобатга олиниш масаласи нега ортга сурилаётганига ҳам изоҳ берилди. Вазирлик департамент бошлиғи Абдували Холиқов бу жараён ҳали бери жорий қилиниши имконсиз эканини ҳам маълум қилди. У бу жараён кечикаётганига сабаб сифатида абитуриентлар орасида 15 йил олдин мактабни тугатганлар ва лицей, коллеж ўқувчилари ҳам борлиги эканини айтди. 

“Кўпчилик абитуриент деганда бу йилги мактаб битирувчиларини тушунади, лекин 15 йил олдин мактабни битирган абитуриентлар ҳам бор. Яъни тенг ҳуқуқлилик деган нарса бузилади. Чунки 15 йил олдинги мактаб битирувчиси балларининг ўртачасини чиқариш учун электрон база йўқ. Шу сабаб бу жараён 100 фоиз барча абитуриент учун ишлайдиган ҳолатга келгандан кейин ишлатилади. Бу йил ҳам эҳтимоли кам. Чунки одинги йилларда тугатган абитуриентлар сони жуда ҳам кўп”, – деди у.

Мавзуга Фарҳод Мирзаевнинг қўшимча қилишича, мактаб баҳолари инобатга олинишининг ҳужжат топшириш жараёнига ҳеч қандай таъсири йўқ, агар бу инобатга олинадиган бўлса, мандатгача аниқ бўлади.

Шунингдек, журналистлар тест варақаларининг тарқалиб кетиш ҳолатлари олдини олиш учун нима ишлар қилинаётганига ҳам қизиқишди.  

Агентлик мутахассиси Жамшид Одиловнинг жавобига кўра, имтиҳондан олдин диагностика тестлари ўтказиб турилади. Абитуриентлар ўтган йилларда шундай тест китобларини расмга олиб тарқатиб юборишгани сабабли тест саволлари тарқаляпти, деган ваҳима пайдо бўлган.

Мабодо жараённинг ўзида тест варақасини расмга тушириш ҳолати бўлса, абитуриент дарҳол далолатнома тузиб, имтиҳондан четлаштирилади. Сизларда бу саволлар бошқа абитуриентларга тушиши эҳтимоли борми, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Бизда барча саволлар янгидан шакллантирилади. Дейлик, 5 август 1-сменада бўлиб ўтган тест топшириғи, 2-смена ёки бошқа бир кунда умуман такрорланмайди”, – деб тушунтирди Одилов.

Қабул жараёнларига оид келиб тушган саволлар орасида, Фарғонадаги Сўх ҳудуди абитуриентлари учун бу йил ҳам қўшимча квота ажратилиши сўралган. Бу саволга Холиқов жавоб берди.

Бу йилги қабул квотаси бўйича қабул комиссиясининг баёни ҳали тасдиқланмади. Бизда Навоийнинг Учқудуқ, Конимех, Томди туманлари, шунингдек, Бухоро ва Самарқанднинг ҳам айрим туманларига доимий квота ажратилади. Қолган ҳудудлар эса вақтинча, 2-3 йиллик бўлиши мумкин. Сўх учун ўтган йили имтиёз берилган. Бу йил ҳали йўқ. Буни давлат комиссияси кўриб чиқади”, – деди Холиқов.

Анжуман cўнгида агентлик мутахассислари абитуриентлардан тест жараёнларига кечикмасликни сўрашди. Чунки кечиккан ёки бошқа сабаб билан тестга келолмайдиган абитуриентлар учун қайта тест ташкил қилиб берилмайди.

Фақатгина бир йил – пандемия вақтида касал бўлганлар учун тест имтиҳони қайта ташкил қилиб берилганди. Лекин ҳозирги меъёрий ҳужжатларда кечикканлар учун тестни қайта ўтказиш назарда тутилмаган”, – деди Фарҳод Мирзаев.

Мавзуга оид