Бразилиянинг собиқ президенти 8 йил давомида сайловда иштирок этолмайди
Суд уни ўз ваколатларини суиистеъмол қилганини тан олди.
Бразилия суди собиқ президент Жаир Болсонаруни саккиз йилга янги муддатга сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди, деб хабар берди Associated Press.
Аксарият судьялар Болсонару 2022 йилги президентлик сайловидан бир неча ой олдин ўз ваколатларини суиистеъмол қилганини тан олди. Ўша пайтда у хорижий элчиларни чақириб, Бразилияда қўлланилаётган электрон овоз бериш машиналари ҳакерлар ҳужумидан ҳимоясиз эканини ва шунинг учун унинг рақиблари сайловни сохталаштириши мумкинлигини айтган эди.
Суд Болсонару ўз сайловолди кампаниясини илгари суриш учун «ҳукумат алоқа каналларидан» фойдалангани ҳақидаги қарорга келди. Болсонару ҳукм устидан Олий судга шикоят ва апелляция беришга ҳақли.
Бразилияда президентлик сайлови 2022 йил октябрь ойида бўлиб ўтди. Ўнг қанот қарашларига содиқ бўлган Жаир Болсонару иккинчи турда мамлакатни 2003—2010 йилларда бошқарган социалист Лула да Силвага мағлуб бўлди.
Янги президент инаугурациясидан бир ҳафта ўтгач, Болсонару тарафдорлари исён қилиб, парламент бинолари, Олий суд ва президент саройига бостириб киришди. Полиция 400 дан ортиқ одамни ҳибсга олди.
2023 йил январида Бразилия Олий суди Бош прокуратуранинг Болсонаруни тартибсизликлар учун тергов қилинаётган шахслар рўйхатига киритиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди. Бу иш бўйича тергов давом этмоқда.