“Ақчагул” — бахтли оиланинг фожиали тақдиридан ҳикоя қилувчи қисса
Оилада эркакнинг ўрни алоҳида, аёлники бўлакча. Иккисининг ҳам ўз роллари мавжуд. Шундай ҳолатлар борки, улар бир-бирининг ўрнини эгаллай олмайди. Агар эркак-аёл ўрни алмашиб қолгудек бўлса, катта кўнгилсизликлар вужудга келиши, оилаги муҳит салбий тарафга ўзгариб кетиши мумкин.
Аммо сир эмаски, оилаларда аёл-эркак роллари алмашиб қолган ҳолатлар учраб туради. Айнан шундай бир оила ва унинг фожиали тақдири қорақалпоқ ёзувчиси Мурадбай Низановнинг “Ақчагул” асарида акс этган.
Сюжет:
Асар Ақчагул исмли уч болали аёлнинг кўчада манти сотиб юриши билан бошланади. Бу аёл ўз вақтида овулининг энг чиройли, кўзга яқин, ақлли қизи эди. У синфдоши Нуржанни ёқтирарди. Вақтики келиб, улар 17 ёшга етганда турмуш қурди. Нуржан овулнинг энг зўр тракторчиси ҳисобланиб, кўплаб ютуқларга эришади. Аммо овул оқсоқолининг ғайирлиги сабабли, адолатсизликка учраб овулни тарк этишга мажбур бўлади.
Оиласи билан келгач Нуржанни шаҳар ҳам қучоқ очиб кутиб олмайди. Ижарада юриб ҳам кўп озор чекишади. Иш излашдаги сарсон-саргардонгарчиликдан сўнг Нуржан ободонлаштириш идорасига ишга киради. У ердаги эски тракторни таъмирлаб, мина бошлайди. Аммо фалокат оёқ остида, деганларидек бир фалокат бўлади-ю, ҳаммаси буткул ўзгариб кетади. Ободонлаштириш ишчилари Нуржаннинг трактори билан терак буташга чиқади. Йўл четида турган тракторга “Камаз” келиб урилади. Трактор тележкасининг устидаги икки кишидан бири ўша ерда вафот этади, бошқаси эса яраланиб, касалхонага тушади.
Нуржанни беш йилга “кесишади”. Қамоқда кўп азобланган Нуржан уйига умуман бошқа инсон бўлиб қайтади. Лоқайд, бепарво. Ҳаммасига қўл силтаган дангасага айланади. Бора-бора хотинининг боқимандаси бўлиш даражасига етади. Ақчагулнинг амал-тақал топиб келган пулига бутун оила кўз тикиб ўтирарди.
Кунлардан бир кун Ақчагул бир идорадан иш топади. Ташкилот раҳбари эса Ақчагулнинг таниши – Сақбай бўлиб чиқади.
Мактаб даврида Сақбай Ақчагулнинг кетидан соя бўлиб юрарди. Қиз эса унга парво қилмайди. Бу табиийки Сақбайнинг ғурурини ўртайди. Юра-юра Ақчагулни эритолмагач “ҳап сеними” дейди-ю, қайта кўриниш бермайди. Мана энди йиллар ўтиб улар кўришди.
Сақбай Ақчагулни тузуккина лавозимга жойлаб қўяди. Ақчагул аввалига қўрқади. Сақбайнинг илгарги сурбетликлари ҳозир ҳам йўқмикан деган ўйда бўлади. Аммо анча вақт ўтса ҳамки Сақбай Ақчагулга ортиқча бирор сўз ҳам, ноўрин қараш ҳам қилмаётганини сезгач кўнгли тинчийди. Илгарги ночорликдан чиқиб, молиявий аҳволини тиклаб олган, ҳатто қизини чет элга ўқиш учун жўнатган Ақчагул ишлашда давом этади.
Аммо шундоқ бир кун келадики, Ақчагул Сақбайнинг тузоғига барибир илинади. Ўз хоҳиши биланмас, албатта. Бу вақтда Нуржан анча ўзига келиб қолган, чет элга ишлашга кетганди. Эркак меҳрини, эътиборини соғинган аёл аввалига билмай тушган тузоғига энди ихтиёрий бир неча бор тушиб кўради. Оқибатда ҳомиладор бўлади.
Қилган гуноҳидан ўкинганча чет элдаги қизига хат ёзади. Хатида ҳаммасига иқрор бўлади ва қизига нима бўлган тақдирдаям ўқиши кераклигини, жамият учун фойдали, ўз йўлини топган аёл бўлиб етишиши лозимлигини тайинлайди. Шундан сўнг ўз жонига қасд қилади...
Таҳлил:
Китобхон, албатта, биринчи навбатда Нуржанни айблаши табиий. Ахир эркак бўлгандан сўнг оиласининг таъминотини қилиб қўйиши, аёлининг кўчаларда тентираб юришига йўл бермаслиги лозиммасмиди? Албатта, оила таъминоти биринчи навбатда эркакнинг гарданида. Аммо ҳаётнинг кетма-кет адолатсиз зарбалари Нуржаннинг иродасига путур етказди. Ортиқ даражада зулм инсонни ё кучли қилади, ёки ерпарчин айлайди. Нуржан шунақа “ерпарчин”га айланди.
Овулдан ноҳақ қувилиши, шаҳарда тинмай турткиланиши, трактор билан боғлиқ ҳодисада айбсиз айбдор бўлиши, қамоқдаги 5 йиллик ўзига аён азоблар уни хотини сигарет олиб келмаса, жанжал қилар даражага етказиб қўйганди. Энди у учун бутун дунё адолатсиз, ҳамма одам худбин, жамики оилалар бахтсиз бўлиб кўринаётганди. Айни шу омиллар уни заиф, лоқайд, қўлни ювиб, қўлтиққа урган ҳолатга келтирганди.
Ақчагул аввалига эрига ёрдам бериш мақсадида ишлаб юрди. Аммо бориб-бориб Нуржандан умиди узилгач, рўзғорнинг бутун ташвишини ўз зиммасига олишга мажбур бўлди. У эрини шу ҳолича, борича севарди. Унга эрининг боқимандалиги сира малол келмасди. Чунки эрининг табиати аслида бошқачалигини, йигитлигида ўта ғурурли бўлганини, ҳаёт уни шу ҳолатга солиб қўйганини яхши биларди, Нуржанга ачинарди.
Агар Сақбай билан ишлашнинг оқибати шундай тугашини билганда ўлақолса рози бўлмасди. Ҳатто бир неча бор ишдан бўшашниям ўйлаб кўрганди. Аммо Ақчагул ҳам аёл. Эри унга охирги марта қачон илиқ, оташин тарзда муносабатда бўлганини эслолмайдиган даражага келганди. У ширин сўзларни, кучли қўлларни соғинганди. Тез таслим бўлди.
Сақбай сингари ўлжа пойлаган бўрилар ҳаётда ҳар доим топилади. Ундайларни оиланинг муқаддаслиги ҳам, бировнинг ҳалолилиги ҳам қизиқтирмайди. Ўз нафсини ўйловчи, кимдирнинг чорасизлигидан чора топувчи, фурсат пойловчилар ҳаётда кўп учрайди. Ақчагул сингари содда ва самимий инсонлар бундай бадбин йиртқичларнинг ўлжаси.
Ақчагул қизи Арзайимга бежиз ўқиб, йўлингни топгин демаганди. Аёл киши ўқиса, ҳунарли бўлса, эл-юрт кезиб дийдаси қотса ўз фикрига эга бўлади. Кўчаларда сарсон бўлмайди. Йўлини, ҳаққини осон топади. Журъатли, иродали аёлларнинг қаршисида Сақбай сингари йиртқичлар шоқол сингари паст кўринади. Унча мунча ифлос панжалар мустақил ва дадил аёлга чўзилавермайди.
Бундан ташқари Арзайим онасига ёзган хатида чет элни ва у ердаги инсонларни таъриф этади. Уларга ҳавас қилади. Бу хат ҳам асарда бекорга келтирилмаган. Ёзувчи бу орқали таълим-у тарбияда ўз юртининг бироз оқсаётганинини, агар чет элнинг айрим илғорликларидан ўрнак олинса, оилалар бундай ночор ҳолатга тушиб қолмаслигини қистириб ўтмоқчи бўлади.
Оила мувозанатини сақлаш осон эмас. Бу вазифага барча аъзолар бирдек киришиши лозим. Қайсидир бири вазифасидан бўйин товласа ёхуд бажармай қўйса катта фожиалар содир бўлиши ҳеч гап эмас.
Гуласал Қодирова
Муаллиф фикр таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин
Мавзуга оид
14:39 / 06.12.2024
Ангела Меркелнинг китоби стартдаёқ бестселлерга айланди
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси
14:40 / 31.08.2024