Фан-техника | 22:33 / 03.07.2023
85267
3 дақиқада ўқилади

ФСБ Telegram'даги трафикни кузатишни ўрганиб олган — NYT

Россияда Telegram, WhatsApp ва Signal каби шифрланган платформаларни кузатиб борувчи дастур ишлаб чиқилган. Дастур махсус хизматларга иловалар орқали жўнатилаётган хабарларни ўқиш имконини бермаса-да, фойдаланувчининг иловада қачон, қаерда ва ким билан мулоқот қилаётгани ҳақида ахборот бериши мумкин. Бу ҳақда New York Times ўзига сиздирилган ҳужжатларга таяниб хабар тарқатди.

Фото: Kun.uz

Нашрнинг ёзишича, Россияда мессенжерларнинг фойдаланувчиларини кузатувчи дастур давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, бу ҳақдаги ҳужжатлар, схемалар, ёзишмалар ва скриншотлар NYT'га жосуслик технологиясини ишлаб чиқувчилардан, шунингдек, киберхавфсизлик экспертлари, рақамли активистлар ва РФнинг рақамли жосуслик операцияларига жалб этилган шахсдан келиб тушган.

Дастур яратувчилари ўз маҳсулотларини Марказий Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Америка минтақалари давлатларига сотишга уринаётгани айтилмоқда.

Газетага кўра, Россия махсус хизматлари охирги йилларда интернетдаги ўзгача фикрловчи инсонларга қарши инструментларнинг катта арсеналини тўплаган. Бу борада РФ “тез орада Хитой ва Эронни ортда қолдириши” айтилмоқда. Украинадаги уруш бошлангач, Россия ичкарисидаги тизимга қарши инсонлар билан курашиш учун жосуслик технологияларига талаб ва буюртмалар янада ошган.

Таъкидланишича, 2022 йилгача қисман миллиардер Алишер Усмоновга тегишли бўлган Citadel Group – жосуслик технологияларини ишлаб чиқиш бозоридаги етакчилардан бири. Бу гуруҳ таркибидаги MFI Soft компанияси NetBeholder номли дастурни ишлаб чиққан. Дастур мессенжер фойдаланувчисининг ким билан, қачон ва қаерда алоқага чиқаётганини, шунингдек юборилаётган хабарга файл илова қилинган-қилинмаганини аниқлаш имконини беради. Шу билан бирга, технология ёзишмалар ва жўнатмаларнинг мазмунини аниқлай олмайди.

Бундан ташқари, суриштирувга кўра, NetBeholder иккита телефоннинг кун давомидаги жойлашувини кузатиб, улар бир-бирига яқин келган-келмаганини аниқлаши мумкин. Шунингдек, бу дастур телекоммуникация тармоқлари абонентларининг маълумотларидан фойдаланган ҳолда, шахс қайси давлатдан ёки РФнинг қайси ҳудудидан туриб мессенжердан фойдаланаётганини аниқлай олади. Муқаддам бундай маълумотни олиш учун расмийлар мессенжерга эгалик қилувчи компанияга сўров жўнатиши керак бўларди, компания эса сўровга ижобий ёки салбий жавоб беришни мустақил ҳал қиларди.

Telegram ва Signal компаниялари, газета сўровига жавобан, уларнинг иловалари трафикни яшириш имкониятига эга эмаслигини таъкидлаган. Яъни бу иловалар интернет провайдердан фойдаланувчи ундан фойдаланаётганини яширишга мўлжалланмаган. Шу билан бирга, компаниялар расмий изоҳида фойдаланувчилар махфийликни ошириш учун иловалардаги қўшимча функциялардан фойдаланиши мумкинлиги таъкидланган.

WhatsApp тақдим этган расмий ахборотда эса шахсий маълумотларга жосуслик қилиш шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиши таъкидланиб, илова яратувчилари шахсий мулоқотларни ҳимоя қилишда давом этиши қайд этилган.

Мавзуга оид