Жаҳон | 11:28 / 08.07.2023
8331
2 дақиқада ўқилади

КҚТТ: дунёдаги барча маълум бўлган кимёвий қурол захиралари йўқ қилинди

АҚШ томонидан охирги кимёвий ўқ-дорилар захираси Кентукки штатидаги Блю-Грасс кимёвий моддаларни йўқ қилиш тажриба заводида йўқ қилинди.

Фото: AP

Дунёдаги барча маълум бўлган кимёвий қурол захиралари қайтариб бўлмайдиган тарзда йўқ қилинди. Бу ҳақда Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ)нинг 7 июль, жума куни тарқатилган хабарида айтилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, АҚШнинг кимёвий қурол захирасидаги сўнгги кимёвий ўқ-дорилар «Кимёвий қуроллар бўйича конвенцияга мувофиқ 2023 йил 7 июль, жума куни Кентукки штатидаги Блю-Грасс кимёвий моддаларни йўқ қилиш бўйича тажриба заводида қайтариб бўлмайдиган тарзда йўқ қилинган». Қўшма Штатлар кимёвий қурол захирасига эга бўлган Кимёвий қуроллар бўйича конвенциянинг охирги аъзоси эди. 

«Кимёвий қуролларнинг барча маълум бўлган захираларини йўқ қилишнинг якунланиши ташкилот учун муҳим босқичдир. Бу барча кимёвий қуролларни бутунлай йўқ қилиш бўйича миссияни бажариш йўлидаги муҳим қадам», - деди КҚТТ бош директори Фернандо Ариас Гонсалес.

Ташкилот баёнотида айтилишича, КҚТТ АҚШнинг Пуэбло ва Блю-Грассдаги сўнгги икки кимёвий қуролни йўқ қилиш объектларининг ёпилишини, жумладан, йўқ қилиш жараёни натижасида ҳосил бўлган чиқиндиларни утилизация қилишни кузатишда давом этади.

Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенция 1997 йилда кучга кирганидан бери, КҚТТ бутун дунё бўйлаб иштирокчи давлатлар томонидан эълон қилинган 72 304,34 метрик тонна кимёвий қурол захираларининг йўқ қилинишини қайд этди, дейилади пресс-релизда. Конвенцияни имзоламаган давлатлар орасида Исроил, Миср, Жанубий Судан ва Шимолий Корея бор.

Мавзуга оид