Жамият | 16:00 / 14.07.2023
27192
5 дақиқада ўқилади

«Чол ва денгиз» – инсоннинг енгилмас иродаси ҳақида асар

«Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди» ушбу машҳур жумла кўпчиликка таниш. Эрнест Ҳемингуэйнинг «Чол ва денгиз» асаридан олинган парча асарнинг бутун бир маъно ва ғоясини қамраб олади. Одамни янчиб ташлаш деганда жисми назарда тутилган. Уни бир лаҳзада янчиш, тилка-пора қилиш мумкин, аммо руҳини, иродасини енгиш осон эмас, деярли имконсиз. Чунки инсон зоти енгилишни қабул қилолмайди. Ҳаракатдан, енгиш сари одимлашдан тўхтамайди? Тўхтолмайди. 

Ёзувчи «Чол ва денгиз» асарини 51 ёшида 2 ой давомида ёзган. Демак, у бу пайтда қирчиллама ёшлик давридан ўтиб, кексалик билан юзлашаётган бўлади. Кўнгил тўла орзу-умидлар сараги саракка, пучаги пучакка ажралаётган палла адиб бор маҳоратини ишга солган ҳолда ўзига икки ой давомида «далда» яратади.

Асар воқеа ва қаҳрамонлари жудаям оддий. Аммо шу билан бирга ҳаётнинг азалий ҳақиқатларини ўзида жамлаган. Инсонга ўзгача руҳ, олға боришга чорловчи, имкон берувчи дурдона қисса.

Сюжет:

Асарнинг сюжетига бироз тўхталсак. Сантяго исмли чол Кубадаги кичик қишлоқда яшайди. У балиқчилик билан шуғулланарди. Чолнинг тўрига 84 кундан буён балиқ илинмайди. Аммо у бундан сираям умидсизликка тушмайди. Манолин – чол билан бирга балиқ овлаган бола. Ота-онаси чолни омадсиз санагани учун унга бошқа қайиққа чиқишни буюрган эди. Аммо бола Сантягони жуда яхши кўрарди. Ўзи учун идеал устоз деб билади чолни.

Хуллас, бу гал чол омадига ишониб денгизга йўл олади. Дастлаб, қаҳрамонимиз кичкина тунец балиғини ушлайди. Сўнг эса жуда катта балиқ қармоққа илинади. Улкан балиқ қайиқни узоққа тортиб кета бошлайди. Чол унинг ёнида Манолин йўқлигидан хафа бўлади, бундай пайтларда боланинг ёрдами жуда асқатарди. Шундай қилиб, чол балиқ билан узоқ «жанг» қилади. Умид ва ишонч уни бир зумга бўлса-да тарк этмайди. Сантягога ташқи муваффақият етишмаса ҳам, унинг ишонч, умиди уни олдинга бошлайверади.

Мисли кўрилмаган катталикдаги балиқни ўлдиришга муваффақ бўлади. Ўлган балиқни қайиғига маҳкамлаб, ортга қайтади. Аммо у анча олислаб кетган эди. Балиқдан оқаётган қон акулаларни бошлаб келади. Чол бир неча бор акулалар билан курашиб, анчасини ер тишлатади. Сўнгги кучи қолгунча курашиб, балиқни ҳимоя қилди. Лекин уйига етиб келгунга қадар балиқнинг фақат бош қисми ва суяклари қолганди холос. 

Чол шунчалар катта балиқ тутгандики, илгари унга ишончсизлик билан қараган кўзлар, энди ҳайрат билан боқарди. Гарчи чол бутун балиқ билан қайтмаган бўлса-да, ҳаммасини уддалаганди. Бу муваффақиятига эса унинг умиди, синмас иродаси сабаб бўлди. 

Таҳлил:

Асарда чол ва бола тили орқали бейсбол чемпиони Ди Мажо ҳақида гап боради. Бу чемпионга чол ўзини кўп таққослайди. Бу ҳам бежиз эмас. Ди Мажо минглаб инсонлар қаршисида ўзининг нималарга қодир эканини исботлай олганди. Бизнинг Сантяго эса ёлғиз ўзи, денгизда, атрофида балиқлар ва қушлардан бошқа жонзот йўқ. 

Бу ҳолатда чол ўзига ўзини исботлаши керак. Ҳаётда энг муҳими ҳам, энг қийини ҳам аслида шудир. Чунки инсон билади ўзининг нималарга қодир эканини. Нималар қилишини, нималар қила олишини, қачон ва қай тарзда амалга ошира олиши ўзига яхши аён бўлади. Шундай экан, одам ўзига ўзини исботлаб, катта нарсаларга қодир эканини кўрсатолса, ундаги ўзига ишонч юксалади. Бу эса иродани мустаҳкамлаб, орзуларни катталаштиради. Сантяго буни уддалади. Ўзининг кучлилигини ўзига амалда исботлади.

Асарда ҳар бир буюм, ҳар бир нарса рамзийдир. Денгиз бу – ҳаёт. Қайиқ – умр. Балиқ – орзу. Акулалар – душманларимиз. Денгиз қайиқни чайқатганидек, баъзан довул билан ҳамла қилса, баъзан сокин бўлганидек, умримиз давомида ҳаёт бизга турли синовлар, оғирлиг-у енгиллик, хурсандчиликлар беради. Чол балиқни тутгач уни асраб қолиш учун жон олиб, жон берганидек биз ҳам етишган орзуларимизни акула бўлмиш душманларимиздан ҳимоя қилишга тиришамиз. Курашиб даф қилишга уринамиз. Орзуларимизга чанг солувчи акулалар эса ҳар доим топилади…

Лекин сиз ўзингизни кучли ва иродали ҳисобласангиз, орзунгизни маҳкам ушланг ва у акулаларнинг ифлос тишлари орасида нимталанишига жим қараб турманг. Сантяго чол сингари қўлингизда нимаики бор ҳаммасини ишга солган ҳолда мардонавор курашинг. Чунки сиз бу орзуни чол сингари узоқ вақт, 87 кун кутгансиз…

Гуласал Қодирова

Мавзуга оид