Жамият | 22:14 / 19.07.2023
24019
3 дақиқада ўқилади

Қулоқда шовқин пайдо бўлиши сабаблари айтилди 

Қулоқдаги шовқин кўпроқ эркакларда, ортиқча вазни бор кишиларда, шунингдек, юқори қон босими, қандли диабет, дислипидемия хасталиклари бўлган беморларда кўпроқ учрайди. 

Фото: Getty Images

Дунё аҳолисининг 5-8 фоизи қулоқда шовқин билан яшайди. Бу хасталик тиннитус деб аталади. Маълумотларга кўра, касаллик, одатда, кексаларга хос бўлиб, 55-65 ёшдаги кишиларнинг ҳар беш нафаридан бири қулоқ шанғиллаши борлигини айтади. 

Бироқ, ушбу муаммо ёшларда ҳам учраб туради. Бу шовқинли жойларга бориш, шунингдек, қулоқчинда баланд овозда мусиқа тинглаш билан боғлиқ. Қулоқларда шовқин бўлиши болаларда камдан-кам учрайди. 

Ушбу хасталикка чалинган беморларнинг 85 фоизи 250 – 8000 Hz тебраниш оралиғидаги товушларни эшитиш имкониятидан маҳрум бўлиши тасдиқланган. 

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қулоқдаги шовқин кўпроқ эркакларда, ортиқча вазни бор кишиларда, шунингдек, юқори қон босими, қандли диабет, дислипидемия хасталиклари бўлган беморларда кўпроқ учрайди. 

Тиннитуснинг артериал гипертензия, бўйин остеохондрози, отит, сенсоневрал эшитиш заифлиги, қон томирлари атеросклерози, стресс, эндокрин касалликлар, эшитиш нервларининг невриномаси, тарқоқ склероз сингари бир неча омиллар таъсирида фаоллашиши исботланган. 

Бундан ташқари, баъзи дориларни қабул қилиш, яқин масофада кучли пиротехниканинг портлаши, концертлардаги ўта баланд товуш таъсиридаги баротравма ва акустик жароҳатлар ҳам қулоқ шанғиллашига сабаб бўлади. 

Тиннитусдан азият чекувчи беморлар қулоқдаги шовқин уйқуга кетишдан олдин, атрофда жимжитлик пайдо бўлганда ниҳоятда аниқ эшитилишини таъкидлашади. Диққатни шовқинга қаратиш уйқусизликка олиб келиши мумкин. 

Агар хасталик ривожланишда давом этса, қулоқ шанғиллаши кундузи, шовқинли муҳитда ҳам безовта қила бошлайди. 

Бемор бу товушга тобора кўпроқ диққат қаратиши натижасида унинг психоэмоционал таъсирчанлиги ортади. Кайфияти ёмонлашиб, депрессив реакциялар ривожланиши мумкин. Тиннитус касаллиги кузатилганда, аввало, унинг сабабини аниқлашга ёрдам берадиган текширувлар ўтказилиши зарур. 

Қуйидаги оддий тавсияларга риоя қилиб, тиннитусдан ҳимояланиш мумкин: 

  • Қулоқчинларда баланд овозда мусиқа тингламаслик. Метрода мусиқа эшитмасликка ҳаракат қилиш, чунки поезд товуши ва қулоқчиндан чиқаётган овоз эшитиш анализаторининг ортиқча зўриқишига олиб келади.
  • Иш фаолияти баланд шовқинлар билан боғлиқ бўлса, қулоқ тиқинларидан фойдаланиш.
  • Кофеин ва спиртли ичимликлардан сақланиш. Улар қулоқда шовқин кучайишига олиб келади.
  • Стрессли вазиятлардан қочиш. Кунига меъёр даражасида, 7-8 соат ухлаш. 

Мавзуга оид