Намойишчилар Бағдоддаги Швеция элчихонасига ўт қўйди
Бағдодда намойишчилар Швеция элчихонасига бостириб кириб, уни ёқиб юборди. Сабаб - Стокҳолмда Қуръонни ёқиш бўйича акция режалаштирилган.
Бағдодда намойишчилар Швеция элчихонаси биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборди, деб хабар бермоқда Reuters. Ироқ пойтахтида бўлиб турган AFP мухбирининг хабар беришича, 20 июль, пайшанбага ўтар кечаси бинодан тутун кўтарилаётгани кузатилган.
Воқеа Стокҳолмда Ироқ элчихонаси олдида ўтказилиши режалаштирилган намойишдан олдин содир бўлган. Швециянинг ТТ ахборот агентлиги таъкидлаганидек, ташкилотчилар рўйхатдан ўтиш вақтида митингда Ироқ байроғи ва Қуръонни ёқиб юбормоқчи эканини айтган. Бунга жавобан Ироқ шиаларининг нуфузли вакили Муқтада Садр Швециянинг Бағдоддаги элчихонаси олдида намойишлар ўтказишга чақирди. Reuters агентлигига кўра, акцияда юзлаб одамлар иштирок этган, AFP ўнлаб намойишчилар йиғилгани ҳақида ёзяпти. Хабар қилинишича, митингда тартибни сақлаши керак бўлган кўплаб полициячилар борлигига қарамай, намойишчилар элчихонага ўт қўйган.
Reuters агентлиги Швеция Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Ироқ пойтахтидаги элчихона ходимлари хавфсиз эканини хабар қилмоқда. Вазирлик матбуот хизмати, шунингдек, Ироқ расмийлари дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимлари хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш учун масъул эканини таъкидлади.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига уюштирилган ҳужумни қоралаб баёнот берди, деб хабар қилмоқда AP. «Ироқ ҳукумати ваколатли хавфсизлик органларига воқеа тафсилотларини, ушбу ҳаракат учун айбдорларни аниқлаш ва уларни қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун зудлик билан тергов ўтказиш ва зарур хавфсизлик чораларини кўришни буюрди», дейилади Ироқ ТИВ баёнотида.
Мавзуга оид
22:51 / 17.12.2024
Швеция бошпана тақдим этиш қоидаларини кучайтиради
11:10 / 28.11.2024
Швециядаги саммит иштирокчилари РФга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёр
22:14 / 19.11.2024
Швеция прокуратураси Болтиқ денгизи тубидан ўтган кабелларга шикаст етказилишини қўпорувчилик деб баҳолади
22:40 / 05.11.2024