Ўзбекистон | 13:58 / 20.07.2023
5678
2 дақиқада ўқилади

Йўл қурилиши объектларида 400га яқин қоидабузилиш ҳолати аниқланди

Беш ой давомида “Ўзйўлинспекция” Ўзбекистондаги йўл объектларида 400га яқин қоидабузарликларни аниқлади. 20та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, 52та ҳолатда сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича талабнома киритилган.

Фото: Kun.uz

“Ўзйўлинспекция” ходимлари томонидан умумий фойдаланишдаги ҳамда минтақавий автомобил йўлларини ва сунъий иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, сақлаш объектларида сифат назорати ўрнатилган тартибда ташкиллаштирилиб, жорий йил январ-май ойлари давомида 1519та объектда сифат назорати олиб борилди

Натижада йўл қурилиши объектларида аниқланган 389та қоидабузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, сақловчи ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимларига 254та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилди.

Хабар қилинишича, 254та кўрсатмадан 202тасининг ижроси таъминланган. Қолган 52та кўрсатманинг ижроси устидан назорат ўрнатилган. 

Йўл қурилиши объектларида қўпол равишда қоидабузилишларга йўл қўйган ва давлат инспекторлари томонидан берилган кўрсатмаларни белгиланган муддатда бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар қўлланиши учун 20та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган ҳамда 14та ҳолат бўйича 19,8 млн сўмлик жарима қўлланган.

52та ҳолат юзасидан 1958,99 млн сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича талабнома киритилган ҳамда 619,48 млн сўмлик 31та талабноманинг ижроси таъминланган. Қолган талабномаларнинг ижроси устидан назорат ўрнатилган.

Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талабларида белгиланган ижро ҳужжатларини расмийлаштиришдаги камчиликлар учун масъул ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун уларнинг раҳбарларига тақдимнома киритилган.

Мавзуга оид