Жамият | 18:50 / 25.07.2023
46315
9 дақиқада ўқилади

Педофилия камаяётгани йўқ. Бунга сабаб нима?

Педофилия билан боғлиқ жиноятлар тўхтагани йўқ: 2023 йил 6 ойида 16 ёшга тўлмаганларга нисбатан жинсий тажовуз билан боғлиқ ишлар учун 257 нафар шахсларга суд ҳукмлари ўқилган. Бу ҳозирча ҳуқуқ тартибот органларига маълум бўлгани, қозон ёпиқлигича қолиб кетаётган ҳолатлар қанча?

Фото: Getty Images

Яқинда Фарғонада 11 ёшли қизни зўрлаб ўлдиришда гумонланиб, 17 ёшли йигит қўлга олинди. Олмалиқ шаҳрида ёш болаларни ахлоқсиз ҳаракатлар қилишга мажбурлаган 39 ёшли эркак ушланди.

Қанчалик кўп қораланмасин болаларга нисбатан зўравонликлар, хусусан, педофилия ҳамон содир бўлишда давом этмоқда. Kun.uz педофилия билан боғлиқ жиноятлар бўйича Олий суд ахборот хизматидан маълумот олди. Унга кўра, 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомида:

  • 15 нафар жиноятчи 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;
  • 44 нафар жиноятчи 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш;
  • 163 нафар жиноятчи 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилишда;
  • 35 нафар жиноятчи 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жиноятларини содир этгани учун жазоланган. 

Бу рақамларнинг орасида ҳали одамлар ёдидан чиқмаган Муслима фожиаси ҳам бор. Педофилиянинг, зўравонликнинг олдини олиш учун яна нималар қилиш керак? Kun.uz яна бир бор жамоатчилик фаолларининг бу ҳақдаги фикрларига қулоқ тутди.

Фируз Аллаев, тадбиркор:

«Тарғибот. Мавзуни кўпроқ кўтариш, муҳокама қилиш аҳолининг муаммога нисбатан диққатини жалб қилади. Тарғиботда педофилиянинг болага таъсири, унинг ёмонликларига алоҳида эътибор бериш керак.

Таълим. Ахлоқий томондан ташқари, болаларга шахсий дахлсизлик, ўз хавфсизлигини таъминлашни ўргатиш долзарб ҳисобланади. Бола ўргатилса, хавфни ёки ўзига нисбатан ноахлоқий ҳаракатни сезса, нима қилишини билиши керак. Ўзимизда болаликда педофил қурбони бўлган кўпчилик ўша пайтда у нарса ёмонлигини билмаган ҳам. Шу учун болалар билан бу мавзуни муҳокама қилиш зарур деб ўйлайман. Ўзбекистонда мактабларда жинсий таълим зарурлигини бир неча йилдан бери айтиб келамиз. Мавзу нозик бўлгани учун ҳали-бери жорий қилинмаса керак. Ҳеч бўлмаса, ота-оналар вазиятни қўлга олиб, боласининг ҳимояси учун ҳам буни тушунтириши муҳимдир.

Қонунлар ва жазони кучайтириш. Жазо муқаррарлиги, унинг оғирлиги ҳам педофилларни тийиб турувчи механизм бўлади. Йилдан йилга қонунчиликни янада кучайтиришимиз зарур. Педофил 2-3 йиллик жазо билан қутулиб қолса ва амалдор билан бўлган кейсдаги каби суд фақат жамоатчилик босими билангина ишласа, вазият яхшиланиши қийин бўлади. Жазо қатъий, оғир ва муқаррар бўлиши керак.

Соҳага боғлиқ кадрларни ўқитиш. Мактаб психологлари, ўқитувчилар, ИИВ ходимлари, маҳалла нозирлари, хуллас болалар билан ишлайдиган ҳар қандай ходимларни бу бўйича ўқитиш, бола педофил қурбонига айланганини қандай пайқашни ўргатиш керак. Шунда педофилия оилада бўлган ҳолатда, булар уни англаши ва бола ҳимоясига отланиши мумкин. 

Қурбонларни қўллаб-қувватлаш. Педофилия билан боғлиқ муаммолар очилмаслигининг асосий сабабларидан бири жамият муносабатидир. Воқеа жамиятда кенг муҳокама қилинади, педофил қурбонлари энди «ижтимоий қурбон»га ҳам айланишади, жамият томонидан ҳам дискриминацияга учрашади. Аксинча, бунақа ҳолатда жамият ҳам, давлат ҳам қурбонларни қўллаб-қувватлаши, улар вазиятдан чиқиб кетиши учун зарур молиявий, тиббий ва психологик ёрдамни бериши, жамият қурбонларга нисбатан ўзининг парадигмасини ўзгартириши зарур. Педофилияга учраганлар айбдор эмас, қурбон, буни ҳаммамиз ҳис қилишимиз керак.

Фуқаролик жамиятининг аҳамияти ошиши. Педофил амалдорлар кейсида фуқаролик жамияти муҳим роль ўйнади. Шунга ўхшаб, ҳар бир кейсда ижтимоий жамоатчилик жим турмаслиги, имкон борича аҳолига ҳам, ҳукуматга ҳам муаммонинг жиддийлигини етказиши долзарб ҳисобланади. Булар биринчи фактор, тарғиботда ҳам роль ўйнашади».

Шаҳноза Соатова, блогер, Адлия вазирининг маслаҳатчиси:

«Бу воқеанинг даҳшатли жойи шуки, болаларимиз айрим ҳолларда умуман хавфсиз ва ҳимоясиз. Ота-оналар болаларнинг хавфсизлиги масаласига енгил қарашмоқда. Шу оила Сергелидаги марҳума Муслима фожиасини ҳатто эшитмаган ҳам бўлса керак деб ўйлайман. Чунки уни эшитган ҳар бир ота-она оддий ота-оналик инстинкти туфайли ҳам боласини қаттиқроқ ҳимоя қилади. Қизчанинг ҳаётига зомин бўлган ўсмирлар бундай иш учун бир умрга қамалишини билишмаганми? Билишса, балки қўрқишарди. 

Нимага жар солмаяпмиз ҳамма жойда, нимага кўчаларга ижтимоий баннерлар илиб ташламаяпмиз, телевидениеда ижтимоий рекламалар бермаяпмиз, смс-хабарнома жўнатмаяпмиз ва ҳоказо? Бунақа ҳолатлар статистикаси балки ошмагандир, лекин барҳам топгани ҳам йўқ-ку. Ҳар бир болани қаттиқ ҳимоя қилишимиз, элементар хавфсизлик қоидаларини керак бўлса ёш боласи бор ҳар бир уйнинг эшигига ёпиштириб чиқишимиз керак. Билган – қуролланган демакдир».

Азиза Умарова, блогер, жамоат фаоли:

«1. Шошилинч тарзда, мактабларда жинсий тарбия дарсларини, яъни болаларга уларнинг жинсий аъзоларига умуман танларига тегинишга ҳеч кимнинг тегинишга ҳаққи йўқлигини уқтирувчи дарсларни жорий этиш зарур. Шунингдек, бу дарсларда, болаларга порнография зарарлари ва уларни томоша қилишга йўл қўйилмаслиги тушунтирилиши ҳамда болалар ва ота-оналарга бешта муҳим қоидани тушунтириш зарур:

- Кўчада бегоналар билан мулоқотга киришмаслик ва уларни уйга киритиб бўлмаслиги.

- Нотанишлар билан лифтга кирмаслик.

- Нотанишлар машинасига ўтирмаслик.

- Нотанишлардан совғаларни қабул қилмаслик ва уларнинг уйига ёки бошқа жойга бориш таклифига рози бўлмаслик.

- Имкон борича, кўчада ёлғиз қолмаслик, айниқса қоронғи тушгандан кейин.

2. Камида бир йил ҳушёрлик оширилиши ва милиция, Миллий гвардия ва хавфсизлик органларининг барча эътибори педофилия, вояга етмаганларга қарши жинсий жиноятларга қарши курашга қаратилиши керак. 

3. Ҳар бир хабар берувчи ахборот ресурслар, яъни телевизор, автобусдаги роликлар, радио болалар хавфсизлиги ҳақида сўзлаши керак. Болани нотаниш шахслар билан бирор жойга юбориш мумкин бўлган ҳолатларга йўл қўймаслик зарур. 

4. Жиноятга жазо муносиб ва мутаносиб жазо бўлиши керак. Умрбод қамоқ жазоси ёки ўлим жазосини жорий қилиш зарур.

Шунингдек, вояга етмаганларга жинсий зўравонлик қилганларнинг, яъни педофилларнинг давлат реестри юритилиши керак».

Ўзбекистонда бу каби жиноятларга чек қўйиш йўллари ҳақида бонг уриларкан, қонунчиликда жазоларнинг юмшоқлиги айтилди. Апрелда қабул қилинган янги қонунда жазо бироз кучайтирилди. Мазкур қонун билан Ўзбекистонда ҳам педофилларнинг реестри юритиладиган бўлди. Бу реестрга болаларни зўрлаган шахслар киритилади ва уларга таълим соҳасида ишлаш тақиқланди. Улар нафақат таълимда ишлай олмайди, умуман болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши ман этилади.

Юридик фанлари доктори, профессор Лола Саидованинг айтишича, мазкур реестрни ташкил қилиш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий қилиниши кечикяпти:

“Бу жиноятчиларни, яъни педофиллар рўйхатини юритиш Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилганди. Бироқ ҳалигача бу механизм яратилмади”, дейди профессор.

Дунё тажрибаси қанақа?

Дунё тажрибасида қўшни давлатларда ва ривожланган мамлакатлар қонунларида педофилларни аёвсиз жазолаш йўлга қўйилган. Масалан, Қозоғистонда 2016 йилда имзоланган «Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, қўшни давлатда педофилларга нисбатан кимёвий кастрация шаклида кескин жазо чораси қўллашга рухсат берилган. Бу жиноятни содир этганлар Қозоғистон Жиноят кодексининг 50-моддасига биноан умрбод озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган.

Қозоғистонда вояга етмаган шахсларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган шахсларнинг очиқ реестри.

Украинада эса бундай жиноят учун 7 йилдан 15 йилгача (амнистиясиз) қамоқ жазоси берилади. Педофилларнинг очиқ реестри юритилади ва мажбурий кимёвий кастрация қилинади. Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлар устидан умрбод маъмурий назорат ўрнатилган.

Қайд этиш жоиз, 2017 йил «Хавфсиз шаҳар» дастури қабул қилинганди. 2020 йил президент фармонига кўра «Хавфсиз маҳалла» тизими жорий этилиши айтилганди. Ҳар ҳил дастурлар-у саъй-ҳаракатларга қарамай кун сайин шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам хавф даражаси камаётгани йўқ. Амалий ҳаракатларни бошлаш вақти эса аллақачон келган…

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид