Ўзбекистон | 17:26 / 29.07.2023
31702
2 дақиқада ўқилади

Блогер Олимжон Ҳайдаров товламачиликда гумонланиб қўлга олинди

Фарғоналик блогер ва жамоатчилик фаоли Олимжон Ҳайдаров бугун, 29 июл куни ҳуқуқ тартибот органлари томонидан товламачиликда гумонланиб қўлга олинди. ИИБ у Қўқондаги бозор ҳақида салбий мазмундаги мақолани чиқармаслик учун пул талаб қилганини айтмоқда.

Сурат Олимжон Ҳайдаровнинг Facebook саҳифасидан олинди.

Фарғона вилояти ИИБ блогер Олимжон Ҳайдаров товламачилик устида қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.

“Аниқланишича, фуқаро О.Х. жорий йилнинг 12 июнь куни “Қўқон Истиқлол” савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали, савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларига жойлаштирган.

Қўшимча равишда, блогер “Қўқон Истиқлол” савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга уриниб, ўзи томонидан тайёрланган “Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?» номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига, 10 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилиб, ундан умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2.500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган”, – дейилади расмий хабарда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Ҳайдаров 12 июл куни Telegram-каналида Қўқондаги ёниб кетган бозорда дўкони бўлган кўплаб тадбиркорлар реконструкциядан кейин дўконсиз қолиши мумкинлигини айтиб мақола эълон қилган.

Танқидий чиқишлари билан танилган Олимжон Ҳайдаров 2022 йил июлида диний адоватни тарғиб қилувчи материаллар тарқатишда айбланиб, 15 сутка маъмурий қамоққа олинган, 2 суткадан кейин апелляция суди қарори билан озод этилганди. У, шунингдек, ўтган йили декабрда митинглар ўтказиш тартибини бузиш ва ёлғон ахборот тарқатишда айбланиб 21 млн сўм жаримага тортилганди.

Мавзуга оид