Иқтисодиёт | 09:52 / 31.07.2023
15240
1 дақиқада ўқилади

Миср Ўзбекистон автомобилсозлик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқармоқчи 

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев иштирокида “Ўзавтосаноат” ва Elsewedy Electric бош директори Абдулазиз Гамал ўртасида видео-конференц-алоқа орқали музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: evu.uz

Учрашувда автомобилсозлик саноати эҳтиёжлари учун кабель ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга Миср томонидан инвестиция жалб қилиш, шунингдек, мамлакат экспорти географиясини биргаликда кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон автосаноати учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга йўналтирилган сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини ўрганиш мақсадида мувофиқлаштириш ва тезкор ахборот алмашиш учун масъул ходимлар тайинланди.

Лойиҳанинг техник хусусиятлари, ҳажмлари ва ер участкаси ҳақида маълумот олингандан сўнг, батафсил муҳокама учун семинарлар ўтказишга ҳам келишиб олинди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Elsewedy Electric трансмиллий компанияси 1938 йилда ташкил этилган бўлиб, 17 минг нафар ходимга эга. Унинг активи – 6 миллиард доллар, йиллик даромади – 3 миллиард долларни ташкил қилади. 

Мавзуга оид