Ўзбекистон | 22:02 / 02.08.2023
14518
3 дақиқада ўқилади

Камбағалликни қисқартириш бўйича янги чоралар маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва имтиёзли ресурсларнинг етиб боришини осонлаштириш бўйича чора-тадбирларни эълон қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашади.

Бунинг учун Япониянинг Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ташкилоти экспертлари ёрдамида Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади.

Бунда, салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун “улушдорлик” капитали берилади. Бу мутлақо янги молиявий манба бўлади.

Бу ишларни молиялаштириш учун Тадбиркорлик жамғармаси фаолияти ҳам тубдан ўзгаради ва унга тадбиркорларга улушдор бўлиб кириш ваколати берилади.

Шунингдек, “маҳалладаги еттилик” кафиллиги билан гаровсиз бериладиган оилавий тадбиркорлик кредитлари миқдори ҳозирги 33 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилади. Бу маблағларнинг бир қисмини нақд пул кўринишида беришга рухсат этилади.

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида ҳозиргача 4,5 минг нафар тадбиркор 65 триллион сўмлик лойиҳани ишга тушириб, 400 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ташаббус билдирган. Уларга яратилган янги шароитлар ҳисобига 1 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари бериш ҳисоб-китоб қилинган.

Бундан ташқари, дастурга кирмаган, лекин 40 тадан 50 тагача иш ўрни яратиш имкониятига эга яна 2 мингта тадбиркор бор. Шунингдек, 14 та тажриба туманида ушбу дастурда қатнашиб, 50 минг аҳолини иш билан таъминлаш ташаббусини билдирган қўшимча 725 нафар тадбиркор ҳам аниқланди.

Тегишли вазирлар ва вилоят ҳокимларига ушбу лойиҳани юргизиб, 400 минг ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш топширилди. Йил якунига қадар дастур билан 10 минг нафар тадбиркорни қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, тадбиркорни рўйхатга олиш, лойиҳасини шакллантириш, бизнес-режа ишлаб чиқишга кўмаклашиш, молиявий ва ҳуқуқий маслаҳат бериш каби хизматлар бир жойда кўрсатилиши кераклиги қайд этилди.

Бандлик комплекси раҳбарларига вилоят ҳокимлари билан бирга 500 минг аҳолини касаначиликка жалб қилиш чораларини кўриш топширилди.

“Касаначилар мактаби” ташкил қилиниши, унда тадбиркор ва касаначиларга бепул консалтинг хизматлари кўрсатилиб, ўқитиш ва малакасини ошириш йўлга қўйилиши белгиланди.

Йил якунига қадар 200 минг аҳоли рўйхатини маҳаллабай тасдиқлаб, юқори даромадли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишга топшириқ берилди.

Бунда муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш, интерьер дизайнери, IT, электрон савдо, электромобилларга хизмат кўрсатиш каби юқори даромадли касбларга ўқитиш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Умуман, йиғилишда белгилаб берилган ишларнинг ташкил этилиши орқали йил якунигача:

  • камбағаллик даражасини 14 фоиздан 12 фоизга тушириб, 200 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш;
  • 2 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш;
  • 55 минг нафар ўзини ўзи банд қилганларни кичик бизнес субъектига айланитириш;
  • 5 мингта кичик корхона ўрта тадбиркорлар тоифасига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Мавзуга оид