Ўзбекистон | 08:16 / 02.08.2023
11221
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Мустақиллик кунига тайёргарлик кўриш бошланди

Фото: XS

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби;

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури.

Республика комиссиясига барча ҳудудларда “уч авлод учрашуви” тадбирлари, анжуманлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари ва бошқа тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида атоқли илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли спортчилардан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этиш топширилди.

Қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

янгиланган Конституция мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

сўнгги йилларда республика иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни аниқ мисоллар асосида кенг ёритиш;

“Ҳар бир кун - бу имконият, ҳар бир кун - бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш;

соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ижтимоий дастурларга алоҳида эътибор қаратиш ва бошқалар.

Ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда - тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида - Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.

Мавзуга оид