Ўзбекистон | 13:40 / 10.08.2023
12353
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 8 килограммдан ортиқ «опий»нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 8,3 кг “опий” гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ургут туманида яшовчи опа-сингил 911 гр “опий” моддасини 12 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, улар моддани мазкур туманда истиқомат қилувчи 2 нафар шахсдан олгани аниқланиб, улар ҳам қўлга олинди.

Шунингдек, мазкур шахсларнинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати вақтида, улардан бирининг уйидан 228 гр “опий” ва иккинчисининг уйидан эса 7 кг 187 гр “опий” моддаси холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, тезкор тадбир давомида олинган жами 8 кг 326 гр “опий” моддаси Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда мазкур 4 нафар фуқарога нисбатан ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид