Жаҳон | 22:14 / 11.08.2023
12032
2 дақиқада ўқилади

Маск ва Цукерберг ўртасидаги «жанг» Рим Колизейида ўтказилиши мумкин 

Маск беллашув учун Италия бош вазиридан шахсан рухсат олганини айтди. 

Фото: Getty Images

Америкалик миллиардер Илон Маск Италия расмийлари билан Meta корпорацияси раҳбари Марк Цукербергга қарши режалаштирилган муштлашув жойи борасида келишиб олганини айтди. 

«Италия бош вазири ва Маданият вазири билан гаплашдим. Улар тарихий жой ҳақида келишиб олдилар. Кадрларда Қадимги Рим манзаралари бўлади, замонавий жойлар эмас», деди у. 

Бундан ташқари, Маск алоҳида хабарда «Гладиатор» сўзини ёзди ва бу билан беллашув Италия пойтахтининг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бўлган қадимги Колизей харобалари майдонида ўтказилиши ҳақидаги миш-мишларни билвосита тасдиқлади. 

Маск сўзларига кўра, беллашув иштирокчиларга тегишли бўлган ижтимоий тармоқлар – X, Facebook ва Instagram орқали жонли эфирда намойиш этилади. 

Июль ойида, Facebook ва Instagram платформаларига эгалик қилувчи Meta корпорацияси асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг Threads номли янги ижтимоий тармоқни ишга туширди. У ўтган йили Илон Маск томонидан сотиб олинган Twitter учун рақобатчи бўлиши керак эди. 

Маск Цукербергнинг бизнес стратегиясини масхара қилди ва ўз обуначиларидан бирига Цукерберг билан «қафасда» жанг қилишга тайёрлигини ҳазиломуз тарзда ёзди. Аммо Цукерберг чақирувни жиддий қабул қилган кўринади, дарҳол «Менга жанг ўтказиладиган жойни ёзиб юбор», деган қисқа хабарни жўнатди. 

Шундан сўнг, иккала миллиардер ҳам жангга фаол тайёргарлик кўришни бошладилар ва бир вақтнинг ўзида дуэль жойини келишиб олишга ҳаракат қилишди. Дастлабки маълумотларга кўра, жанг 26 август куни бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид