Жамият | 17:07 / 11.08.2023
24351
5 дақиқада ўқилади

«Отамдан қолган далалар» – ўз юртида елкаси офтоб кўрмаган деҳқон фожиаси

Ўз вақтида мустамлакачиларнинг қонхўрликлари, дориланган далада заҳарланган болалар, пахта тераётиб жўякда туғган аёллар, меҳнат-у азоблардан бошқасини кўрмай ўзини ёққан жувонлар, «ўзбеклар иши»да қурбон бўлган минглаб бегуноҳ жонлар ҳақида эшитганмиз, ўқиганмиз.

Фото: kitobxon.com

Шундай кўплаб оғриқли нуқталарни истеъдодли ёзувчи Тоғай Мурод рўйи-рост, қўрқмасдан, ҳайиқмасдан, содда халқ тилида қаламга олади. Серқуёш юртда елкаси офтоб кўрмай яшаган, меҳмон деса борини сарф қилган, боласидан қизғаниб, меҳмонга тутган танти халқ ҳақида ўпкаси тўлиб-тўлиб ёзади. 

Ёзувчи «Отамдан қолган далалар» асари бошига қуйидагиларни битади: «БМТнинг аъзоси мустақил Ўзбекистон учун битдим. Кўнглимда эл-юртим йўлида нимаики дардим бор ушбу романимда тўкиб солдим». Роман марказида Деҳқонқул образи туради ва бош қаҳрамон тилидан сўзлаб берилади. Деҳқонқул ҳикоясини ўз саргузаштларидан эмас, балки анча наридан – бобоси Жамолиддин кетмон, отаси сурхони Ақрабдан бошлайди. Чунки ота-бобоси тарихини эсламай, билмай туриб Деҳқонқулнинг характери ва қисматини тўла-тўкис англай олмаймиз. 

Бобоси Жалолиддин кетмон оқподшо истилоси чоғида у туғма меҳнаткаш, иймон-эътиқоди бутун шахс. Зулмга қарши беихтиёр оломон сафида бўлади. Охири хўрликка чидай олмай юрти Фарғонани ташлаб, бош олиб кетади. 

Отаси сурхони Ақраб қизил империя ташкил топиши гувоҳи ҳамда қўли гул боғбон. Шу билан бирга, Ақрабда она ватан, фуқаролик туйғуси баланд, юрт мустақиллиги, озодлиги учун жангга киради. Матонат билан ёвни лол қолдириб, ўз юртида жон беради. Асарда Ақраб образи орқали юртимизда мустабид тузумга қарши олиб борилган босмачилик ҳаракатлари очиб берилади.

Деҳқонқул образи – шўролар даври одами. Унга ота-боболаридан фақатгина меҳнаткашлик хислатигина мерос бўлиб қолган эди. Отаси ва бобосига хос юртсеварлик, эрксеварлик, инсоний ғурур, ўзликни англаш ҳисси унга бутунлай бегона эди. Социолистик тузумда вояга етган Деҳқонқул ўзига хос манқурт бир кимса бўлиб, фақат садоқат билангина меҳнат қилишни билади. У деҳқончиликни миридан-сиригача ўрганган, ҳар бир ниҳолнинг дардини биладиган моҳир деҳқон, лекин яқинларининг аҳволини сезмайдиган, ҳис қилмайдиган шахсдир. 

Машъал бригадир бўла туриб қўли қисқалигидан, мотоцикл олишга қурби етмаганидан, аёлининг оддий илтимосларини бажаролмаганидан изтиробга тушмайди. Ижарага олинган костюмлар билан кенгашларга боришга уялмайди. Кенгашдаги ўрни ҳам аниқ – тўрдагилар қарсак чалса қарсак чалади, оёққа турса, оёққа туради. Бозордан олган 2 дона хурмо учун етим ўғлининг оғзи-бурнини қонга белайди. Шунчалик муте ва манқурт бўлиб етишадики, қамоққа олиб кетишаётганда ҳам дала иши, пахта теримини ўйлайди. Бу эса ҳақиқий маънода социал тузумнинг аччиқ меваси эди. 

Асарда Қурбон қорақирғиз ва Жамолиддин кетмоннинг ер савдосидаги оқибати, полковник Чанешевнинг сурхони Ақраб мардлиги олдида бош эгиши, пахта иши даврида раҳбар Усмонхўжаев аёлининг садоқати воқеалари орқали қаҳрамонларнинг характери очиб берилади. Пахта жўягида ухлаб қолиши сабаб заҳарланиб, вафот этган 5-синф ўқувчиси Зиёд ва унинг ўлимига шунчаки қараган мактаб директори ҳақида ўқиган китобхон ғазабланмай қолмайди.

Аммо энг аянчлиси, Деҳқонқулнинг аёли ҳомиладорлик даврида қирмизи олмани фақатгина орзу қила олиши мумкинлиги, кундузи ишдан бўшамай, ярим кечаси нон ёпиши, умрида меҳнатдан бошқасини кўрмаган, арзимас тилакларигада етолмаган жувоннинг ўз жонига қасд қилиши, яъни ўзини ёқиб юбориши ҳақиқий фожиа эди. 

Айнан шу воқеа орқали миллат аёллари характери ва уларнинг фидойилиги, аммо бу фидойиликлари қадрланмаслиги, рағбатлантирилмаслиги кўрсатиб берилган. Аёлни ўзига тириклай ўт қўйишгача олиб бориб, яна бу катта фожиани яширишга уринган, бу йўлда ҳатто бечора аёлни ақлдан озганга чиқарганлар лаънатланган. Асли шундай манқурт кимсалар ҳам ўзбек эди. 

Аёллар ёнмоқда Ўзбекистонда,
Бу ҳақда ёзилмас, бизлар томонда.
У қандай оғриқдир шўрлик гулларни,
Оловга йўллаган, ёққан гулханда…

Миллатнинг айни фожиаси ҳам шу «ўзингдан чиққан бало»ларнинг кўплигида эди-да. Улар мустамлака тузумнинг қўғирчоғига айланиб, ўз қондоши, жондоши бўлмиш ўзбекларга зулм қилди.

Асар орқали Тоғай Мурод ҳақиқий маънода ўзбек халқига ҳайкал қўяди…

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзуга оид