Дарахтларни оқлаш фойдали амалми ёки кўзбўямачиликнинг бир тури?
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасигача ҳам ундан кейин ҳам дарахт экиш, айниқса, кўкарса-кўкармаса уни оҳак билан оқлаб қўйиш ҳудудда ободончилик ишлари намунали йўлга қўйилганининг бир белгиси сифатида қабул қилиниб келинмоқда.
Ушбу мақолада дарахтни оқлаш қаердан пайдо бўлгани, умуман оқлашнинг дарахтларга фойдаси бор-йўқлиги ҳақида фикр юритамиз. Олдинга ўтиб, хулосани айтиш мумкинки, дарахт оқлаш аллақачон кўзбўямачилик элементларидан бирига айланиб бўлган.
Аслида шаҳарларимизда минг-минглаб дарахтлар қўр тўкиб турганида уларни оқлашга имконият ҳам қолмас эди. Дарахтлар сони бармоқ билан санарли экани учун ҳам эскича фикрлайдиган раҳбарлар томонидан дарахтларни оқлаш ишига зўр берилади — «қилинаётган ишлар кўзга ташлансин», қабилида.
Чунки шаҳарда дарахтлар оқланмаганми, демак мутасаддилар дангаса ва ишёқмас, деган қарашлар шаклланиб қолган. Бу қараш асосан собиқ иттифоқ давлатларида, хусусан Ўзбекистонимизда ҳам бор.
Бироқ дарахтларни оҳак билан оқлашнинг фойдасидан зарари кўпроқ. Ўз ишини, дарахтларни севадиган коммунал хўжалик ва ободончилик ташкилотлари дарахтларни оқлашдан аллақачон воз кечишган. Постсовет ҳудудидаги айрим давлатлардан бошқа давлатларнинг тажрибасига қаралса, ҳеч қаерда дарахтлар танасини оқлаш каби тажриба учрамайди. Масалан, Европада дарахтлар оқланмайди, постсовет давлатларининг айримларида ҳам оқлашдан воз кечилган (ҳаттоки қонунчилик йўли билан тақиқланган).
Ботаника боғларининг катта қисмида дарахт таналари табиий ҳолда ўсади ва ҳеч қачон оқланмаган. Нега бу одат бизда кенг тарқалган ва дарахтларни оқлашни оқловчи қандай важлар бор?
Нега дарахтлар оқланади?
Аслида, шаҳарлардаги манзарали эмас, боғлардаги мевали дарахтлар танаси турли ҳашаротлардан сақлаш учун оқланиш урфга айланган.
Mirishkor.uz сайтида ёзилишича, мевали дарахтлар танасини оҳак билан оқлаш анча фойдали ва бу иш асосан эрта баҳорда дарахтлар уйғонишидан олдинроқ ва кеч кузда амалга оширилади. Чунки кузда дарахт танасига жойлашиб олган баъзи зараркунанда ҳашаротлар ёки уларнинг тухумлари қишдаги совуқлардан омон қолиши мумкин. Оҳак эса зараркунанда ҳашаротларнинг пўстлоқ остига беркиниб қишлашига халақит беради.
Қаҳратон қишда тупроқ остида жон сақлаган зараркунанда ҳашаротлар айниқса ёш ниҳоллар танаси бўйлаб тепага чиқиб, барра баргларни еб, дарахтнинг ўсишига халақит қилади, дея ишонилади.
Дарахтни оқлаш жазирамада қуёш нурларидан дарахт танасини ҳимоя қилади, деб ишонилади. Баҳор қуёши нурлари тажовузкор бўлади, ёш ниҳолларнинг ҳали барг чиқармаган новдаларини куйдириб юборади.
Кузги оқлашнинг мақсадлари бироз бошқача: баъзан кутилмаганда тушган совуқ туфайли пўстлоққа зарар етади. Бутун тана бўйлаб ва танасининг ичигача чўзилиши мумкин бўлган йирик ёриқлар пайдо бўлади. Бундай ёриқлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун дарахтнинг юқоридаги шохларигача оқлаш тавсия этилади. Кузги оқлашнинг яна бир мақсади — дарахт танасини кемирувчи жонзотлардан ҳимоя қилиш.
Анъанавий усул тарафдорлари оқлаш дарахт танасини ёғоч замбуруғлари, мохлар, лишайниклардан ҳимоя қилади, деб ҳисоблашади.
Бундай қараганда — ҳаммаси тушунарли ва мантиқли: бу ишлар дарахтни асраш учун қилинаётгандек. Лекин аслида ҳам шундайми?
Нега дарахтларни оқламаслик керак?
Айрим фикрларга кўра, дарахтларни оқлаш тасодифан пайдо бўлган. Иккинчи жаҳон уруши даврларида шаҳар хизматлари йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун умуман маблағга эга бўлмаган. Вазиятдан чиқишнинг айёрона ва арзон усули ўйлаб топилган — ёритилмаган жойлардаги дарахтларнинг танасини оқлаш. Бу, биринчидан, кўчадаги чироқлар йўқлигида йўлларда ҳаракатланишни хавфсиз қилган, иккинчидан, оқланган дарахтларга қараб мўлжал олиб, машиналар тунда чироқларини ҳам ёқишмаган ва душман учун кўринмаган.
Дарахтлар танасини оқлаш амалиёти тинчлик даврида ҳам давом этган, бироқ кўплаб ботаникларнинг фикрича, энди бу эскилик сарқити ва тарих қаъридан ўрин олиши керак. Чунки оқлаш дарахтларга ҳеч қандай ёрдам бермайди, аксинча унинг зарари бор.
Дарахтларни оқлашга қарши бўлганларнинг келтираётган важлари анча кучли:
- Дарахтларни оқлаш учун ишлатиладиган сўндирилган оҳак (калций хидрооксид) ишқорлар гуруҳига киради. Боғбонларга узоқ вақтлардан буён маълумки, ишқор дарахт танасига ёмон таъсир қилади — пўстлоқ қурийди, ҳаттоки ёрилиб, ажралиб тушиши ҳам мумкин. Бу оқлаш дарахтга кучли зарар етказиши мумкинлигини билдиради.
- Кўпинча оқлаш учун бўёқ тайёрлаш асносида елим ва бошқа моддалар ҳам қўшилади. Уларнинг кўпчилиги дарахт пўстлоғига зарар етказади — масалан, елим пўстлоқ ёриқларини тўлдириб қўяди. Фойдали моддалар дарахт танасидан илдиз томон ёмонроқ ҳаракатланади. Энг ёмон ҳолатда илдизга озиқ бормай қўяди ва ўсимлик нобуд бўлади. Яна бир «ярамас модда» — дарахт танасини акрил билан оқлаш ўсимлик учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Ягона фойда — эстетик, «чиройли кўриниш».
- Оҳак ўювчи заҳарли модда ва инсон учун зарарли ҳисобланади. Оқлаш билан узоқ машғул бўлиб, ҳаттоки заҳарланиш ҳам мумкин. Ҳашаротларнинг кўпчилиги учун оқлаш умуман қўрқинчли эмас, боғбонларнинг қарашларига терс ўлароқ, улар янги оқланган тана бўйлаб дарахтнинг учигача бемалол бориб-қайтаверишади.
- Тажрибали боғбонлар оҳак тезда ювилиб кетишини билади. Икки-уч марта ёмғир ёғса бас — ундан деярли ҳеч нарса қолмайди. Шунда энг ашаддийлар дарахтларни яна шитоб билан оқлашга тушишади. Агар оқлашдан қандайдир фойда бўлган тақдирда ҳам унинг умри жуда қисқа. Ёмғир ювган оҳак тупроққа ҳам зарар етказишини унутмаслик керак.
- Оқлаш экилганига 10 йилдан ошган дарахтлар учун мутлақ бефойда. Уларнинг пўстлоғида аллақачон табиий ёриқлар пайдо бўлган бўлади. Бундай ёриқларга оҳак кирмайди, ёки эртаси куниёқ пўстлоқ сиртини қуритиб, бирга ажралиб тушади. Боз устига, бундай тарам-тарам пўстлоқни оқлаш ҳам осон иш эмас.
- Оқлашга қарши асосий важлардан бири — жараённинг нотабиийлиги. Оқлаш ёки унга ўхшаш табиий жараён табиатда учрамайди, демак боғдорчилик маданиятида унга ўрин йўқ.
Хўш, оқлаш керакми ё керак эмас?
Албатта, ҳар бир киши ўзига тегишли хусусий боғда ўз тажрибасига таяниб, чиройли кўриниши учунгина дарахтларини оқлашга ҳақли. Бироқ оқланганда ҳам буни ақл билан амалга ошириш керак. Биологларнинг кўпчилиги боғлардаги ҳали ёш, танаси қотмаган, пўстлоғи шаклланмаган, мустаҳкам илдиз отмаган мевали дарахтларнигина оқлаш керак, деган фикрда. Яъни ўсимлик ўзини ўзи асрай оладиган танага эга бўлгунча.
Экилганига анча вақт бўлган, ўзини тутиб олган мевали дарахтларни оқлаш тавсия этилмайди.
Ёшидан қатъи назар, манзарали дарахтлар ва декоратив ўсимликни оқлаш қатъиян ман этилади. Айниқса, шаҳарларда бунинг дарахтларга ҳеч бир фойдаси йўқ. Қайтага тупроққа зарари бор. Чунки дарахтлар остидаги ерга газон ва гуллар экилади.
Умид қиламизки, Ўзбекистонда секин-аста дарахтларни оқлайдиган, бироқ ўзини оқламайдиган бу ярамас одатдан воз кечилади.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
13:42 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боғга кўчат экди
16:47 / 22.11.2024