Жаҳон | 20:23 / 17.08.2023
7727
3 дақиқада ўқилади

Америкалик олимлар ген терапияси ёрдамида маймунни пиёнисталикдан даволашди

Америкалик олимлари алкоголга ружу қўйишдан халос қилувчи лекин бошқа вазиятларда хулқ-атворга таъсир ўтказмайдиган ген терапияси ишлаб чиқиб, уни синов остидаги макака маймунларида муваффақиятли синашган.

Алкоголга ружу қўйган макака зотли маймун. Фото: newizv.ru

Ушбу усул Паркинсон касалига чалинган инсонларни даволашда синалгани сингари, пиёнисталикка оғир ружу қўйган инсонларни даволашда ҳам қўл келиши мумкин. Чунки макака зотли маймунлар устида ўтказилган тадқиқотлар даволаш курсидан сўнг уларда алкогол истеъмоли кескин камайганини кўрсатган.

«Алкоголни истеъмол қилиш даражаси қарийб нолга тушган, — деган The Guardian нашрига тадқиқотга бошчилик қилган Орегон саломатлик университетининг приматлар миллий тадқиқот маркази профессори Кэтлин Грант. — Бир неча ой давомида бу ҳайвонлар алкоголли ичимликлар ичишдан буткул воз кечиб, оддий сувни маъқул кўра бошлашган».

Алкоголга ружу қўйиш 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган инсонлар ўртасида ўлим, ногиронлик ва саломатликни йўқотиш бўйича энг катта риск омили ҳисобланади. Алкоголни сурункали истеъмол қилиш мияда дофамин гормонининг ажралишини пасайтиради ва алкоголга ружу қўйган инсонлар уни истеъмол қилишдан лаззатланмай қолишади.

«Афтидан, пиёнисталар мастлик ҳолатини сақлаб туриш учунгина янада кўпроқ ичишга ҳаракат қилишади», — деган Грант.

«Бу терапия алкоголли маҳсулотларни сурункали истеъмол қиладиган инсонлар ва приматлар миясидаги дофамин рецепторлар ишидаги ўзгаришларга қарши курашишга йўналтирилган», — деган тадқиқотчилардан яна бири, профессор Кристоф Банкевич.

Тадқиқот учун иккита ёш макакалар гуруҳи танлаб олинган. Улар узоқ вақт мобайнида этанолнинг 4 фоизлик эритмасини истеъмол қилишга кўниктирилган. Гуруҳлардан бири ген терапиясини ўтаган, иккинчисига плацебо берилган.

Nature Medicine журналида чоп этилган тадқиқотга кўра макакалар ортиқча дофамин ажратиб чиқара бошлашган ва кейинчалик алкогол истеъмолини 90 фоизгача камайтиришган.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, ген терапияси асаб тизимига киритилганидан сўнг макакаларда дастлабки ҳафталарданоқ алкоголга бўлган истак сўна бошлаган. Тез орада бу усул инсонларда ҳам синаб кўрилиши мумкин.

«Биз неврологик, эҳтимол психологик ўзгаришларга қарши ген терапияси даврига қадам қўймоқдамиз, фикримча, бу йўналишдаги тадқиқотлар жуда истиқболли», — деган Грант. 

Мавзуга оид