Жаҳон | 09:40 / 28.08.2023
4983
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ливия ташқи ишлар вазири билан биринчи учрашув ҳақида эълон қилди

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Ливия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари билан махфий учрашув ўтказганини эълон қилди. Триполидаги ҳукумат учрашувни тасодифий деб атади, вазир ишдан бўшатилган.

Фото: TASS / EPA / HANNIBAL HANSCHKE

Исроил ва Ливия ташқи ишлар вазирлари ўтган ҳафта Италияда яширинча учрашди ва бу икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги илк учрашув бўлди, деб хабар берди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги 27 август, якшанба куни. Триполидаги ҳукумат музокараларни рад этиб, учрашувни «тасодифий» деб атамоқда.

Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн ливиялик ҳамкасби Нажла Мангуш билан «икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг катта салоҳиятини» муҳокама қилганини айтди. Бундан ташқари, Коэннинг сўзларига кўра, томонлар Ливиянинг собиқ яҳудий жамоаси меросини сақлаб қолиш муҳимлиги, Исроилнинг ҳуманитар масалаларда, қишлоқ ва сув хўжалигида эҳтимолий ёрдамини муҳокама қилган.

Ливия ташқи ишлар вазири ишдан бўшатилди

Исроил томонининг баёнотидан сўнг Триполида жойлашган ҳукумат бош вазири Абдул Ҳамид Дбейба ташқи ишлар вазирини лавозимидан четлатиб, ушбу масала бўйича маъмурий суриштирув бошлади, деб хабар бермоқда Reuters.

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Мангуш Исроил вакиллари билан учрашишдан бош тортгани ва содир бўлган воқеа «Италия Ташқи ишлар вазирлигига ташрифи чоғида тайёрланмаган, тасодифий учрашув» эканини билдирди. 

Ливия вазирлиги баёнотида айтилишича, келишув «ҳеч қандай мунозаралар, келишувлар ёки маслаҳатлашувларни» ўз ичига олмаган ва Ташқи ишлар вазирлиги Исроил билан «муносабатларни нормаллаштиришга тўлиқ ва мутлақ қаршилигини тасдиқлайди». 

AP: Учрашувга МРБ раҳбари воситачилик қилди 

AP агентлигининг Ливия ҳукуматидаги манбасига таяниб хабар беришича, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш биринчи марта январь ойида Ливияга ташриф буюрган Дбейба ва МРБ директори Уилям Бернс ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинган. Бернс Дбейба ҳукуматини 2020 йилда АҚШ воситачилигидаги «Иброҳим келишувлари» доирасида Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган тўрт араб давлати гуруҳига қўшилишни таклиф қилди, деб ёзади AP. 

Агентлик маълумотларига кўра, Ливия бош вазири дастлаб розилик берган, бироқ мамлакатдаги салбий муносабатдан хавотир билдирган. Ливия Исроил мустақиллигини тан олмайди ва давлатлар ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас. 

Мавзуга оид