Ўзбекистон | 10:48 / 28.08.2023
18567
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси жойлашган ер — Ҳисор қўриқхонаси | Манзил

Денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликда жойлашган Амир Темур ғори «Манзил» лойиҳасининг навбатдаги манзили бўлди.

Амир Темур ғори Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида жойлашган. Бу қўриқхона ҳудудида Ўзбекистоннинг энг юқори нуқтаси Ҳазрати Султон чўққиси жойлашган. Унинг денгиз сатҳидан баландлиги 4387 метр. Қўриқхона майдони 80986 гектарни ташкил этади. Қўриқхона ҳудудидаги дарёларнинг асосий сув манбаи катта ҳудудни эгаллаган музликлар бўлиб, эларнинг майдони эса 3155 гектар.

Бу ҳудуднинг ҳайвонот дунёси ҳам ўзига хос. Умуртқали ҳайвонларнинг 276 тури мавжуд. Сут эмизувчиларнинг эса 32 тури яшайди. Улар орасида Илвирс қор қоплони, Қўнғир айиқ, Туркистон силовсини, Ўрта Осиё қундузи,Жайра, Сибир тоғ эчкиси, бўри, тулки ва кўплаб ҳайвонларни учратиш мумкин.

Америкадаги Гранд канёнлар кўпчиликка яхши таниш. Канёнларнинг ландшафт, табиат ва атмосфера Амир Темур ғори жойлашган Қалъали Шерон, яъни шерлар дарасида такрорланади. Минг марта гапиргандан бир марта кўрган афзал дегандек, кўрсатувни томоша қилиб бунга амин бўлиш мумкин.

Ушбу кўрсатув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланди.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус

Мавзуга оид