Жамият | 13:25 / 28.08.2023
43865
19 дақиқада ўқилади

Пропагандачига айланган истеъдод. Никита Михалковнинг танлови ҳақида

Публицист Иқбол Қўшшаева Россия ташвиқот воситаларидан бирига айланган «Бесогон ТВ» ва унинг муаллифи, ўтмишда истеъдодли актёр ва режиссёр бўлган, «Оскар» мукофотини қўлга киритган Никита Михалков ҳақидаги фикрларини билдирди.

Мен энг кўп қўрқадиган нарса — маданий тилдаги сиёсий тарғибот. Бу ўта даҳшатли қурол. Одамларнинг маънавий-ахлоқий ҳиссий ҳолатига таъсир этувчи тажовузкор ташвиқотдан-да ҳалокатли куч йўқ.  Пропаганда давлатнинг ўз халқига қилган ёвуз жиноятидан бошқа нарса эмас. Ташвиқот стандартларини қўллайдиган қурилмага айланиб қолган ҳукуматнинг ягона мақсади — муаммоларни бартараф этишга чоғланган одамларни ўз маслагидан чалғитишдир.

Александр Сокуров, кинорежиссёр, Россия халқ артисти.

Нега Европа дейишса одамлар тўтиқушдек фақат бир иллатни гапиради? Демократия, инсон ҳақ-ҳуқуқлари тушунчаси қачондан бошлаб ахлоқсизликка тенг бўлиб қолди? Нима учун юрт озодлигини, мустақиллигини асрашни  ўйламасдан нуқул қайсидир давлатга қарамлик ҳақидаги таъкидлар, ҳатто орзулар кучайди? Қачондан бошлаб нажотни ўзимиздан эмас, ўзгалардан излайдиган бўлиб қолдик? Ватан манфаати билан бир ҳовуч гуруҳ манфаати ўртасидаги тафовутни нега илғай олмаяпмиз? Нима учун сўзлашув луғатимизда «ўттизинчи йиллар»нинг совуқдан совуқ иборалари — «ватан хоини», «халқ душмани», «хорижий агент» каби жумлалар яна қайта тирилди? Нега халқ золим мустабидларга мубтало бўлади? Ўзини қон қақшатган қўлларни севади?

Борган сари миямиздаги занжирларнинг шақир-шуқур шовқини кучайиб бораётгандек. Ўзбекистон ОАВдаги узоқ йиллик қаттиқ цензура, зерикарли якранглик сабаб халқимиз ўзга давлат марказий телевидениесининг чин мухлисига айланди. Давлат ўз қўли, ўз ихтиёри билан халқини ғоявий жиҳатдан хавфли давлат мафкураси изнига топшириб қўйганини, майда-ички сиёсий амбициялар туфайли катта сиёсатда ютқазаётганини сезмай қолди.

Нарёқдагилар суҳбатларнинг «султони» ғийбатни шоу санъатига кўчиришни қойиллатарди. Бора-бора одамларнинг индивидуал истаклари, шахсий танловлари, парда орти сирларига банди издиҳом «биз сиёсатни тушунмаймиз», «катталар нима қилаётганини ўзи яхши билади» деган догмада қотди қолди. Дарвоқе, у шоуларда ноодатий ҳаёт тарзи ҳақидаги гаплар ҳам сиздирилар, баҳонада устамонлик билан Ғарб дунёси томон шағалча отиб қўйиларди. Бора-бора ўша шағалча харсанг тошга, харсанг тош эса ракетаю танкларга айланди.

Эсимда, 2015 йилда Андрей Малаховнинг кўрсатувига СССР халқ артисти Малика Каландарова эндиликда қиз бола андомига кирган «ўғли» билан иштирок этди. Тожикистонлик машҳур раққоса узоқ йиллар олдин оиласи билан Америкага кўчиб кетганди. Унинг ўғли ҳаётидаги энг зиддиятли, қалтис қарорни ўша ерда қабул қилади. Қиссадан ҳисса шуки, туппа-тузук шарқнинг боласи Ғарбга бориб айнийди! Осонгина чиқарилган бундай хулосанинг олдида каландаровалар оиласининг кулфати атрофида айланаётган гап-сўзлар бир пул. Албатта, ўз ишининг устаси бўлган Малахов ҳеч қачон ҳукмфармо таъкид оҳангида гапирмайди, у касб этикаси ҳадисини олган журналист. Лекин томошабиннинг ўзи  шу фикрга эмаклаб келиши учун дарча очиб қўяди.

Нафс бор жойда жиноят бор, нафас бор жойда жаҳолат бор, одам бор жойда хатоликлар бор, гўзаллик бор жойда шайтон ҳасади бор. Инсон мукаммал мавжудот эмас. У билан боғлиқ муаммолар ниҳоясиз мавзулардир. Узр, маиший-ахлоқий масалалардан буткул кўз юмиш керак демайман. Лекин унутмаслигимиз керакки, «жаҳолат сассиғига» қайта-қайта бош билан ботавериш бошсиз одамлар жамиятини вужудга келтиради. Разолат ҳақида тинимсиз гапиравериш одамзотнинг разолатга қарши иммунитетини ўлдириб, дийдасини қотиради.

«Биз ҳал этиб бўлмас зиддиятлар дунёсида яшаяпмиз, шунинг учун ҳам мен пропаганданинг ўрнини буткул инкор эта олмайман. Бироқ бугунги замонавий ташвиқотнинг мудҳиш жинояти унинг тажовузкорлигида, бошқа миллатлар тилини, тарихини йўқ қилишга қаратилганидадир. Ўзгалар ҳам ўз маданиятини ҳимоя қилишга ҳаққи бор экани унутиляпти.  Ҳатто ўғли қамалган, эри ўлдирилган Анна Ахматова уруш бошланганда     «Сени сақлаймиз, рус тили, бир зум – Унутмаймиз, бу сўз улуғ, бой» деб гўё рус тили ҳимоясига отланади. «Буюк рус тили», «буюк рус дунёси» тушунчаси —  улкан хатомиздир.

Евгений Жаринов, адабиётшунос, профессор.

Мен Андрей Малахов, Дмитрий Киселёв, Тигран Кеосаян, Маргарита Симонян, Владимир Соловёв ва Олга Скабеева кабиларнинг тарғиботчилик салоҳияти ҳақида гапирмоқчи эмасман. Айниқса, Соловёв ва Скабеевани таниб олиш у қадар қийин эмас. Уларнинг оҳангидаги шиддат, жазавада айтилган бири-бирига зид гаплар мағзини чақиш учун катта ақл, нозик фаросатга ҳожат ҳам йўқ. Масалан, Соловёв бир чиқишида «эр йигит учун энг катта бахт — Ватани учун жонини фидо этмоқдир» деса, иккинчисида «нега менинг ўғлим урушга бориши керак, у ҳаром ўлиб кетиш учун туғилмаган-ку» деб бақиради...

Лекин улар сафининг энг олдида майин табассумли, зиёли юзли, ақлли кўзли бир доно бобо бор... Ҳаммага бирдек қадрдон бу башанг зот овозларини  кўтаравермайдилар. Бир қараганда гапларининг эга-кесими ҳам жой-жойида, донолар доноси дейсиз. Айнан шу кишининг Youtube платформасига жойлаштирилган «БесогонTV» муаллифлик дастурига бизнинг ҳамюртларимиз изоҳлар ёзиб туришади. «Старые добрые времена»ни қўмсатганлари учун кўзёшлар ила энтика-энтика раҳматлар айтадилар. 

Ҳа, гап машҳури замон Никита Сергеевич Михалков ҳақида кетяпти.

Скриншот: «Жестокий романс» филмидан кадр

Никита Сергеевич руснинг дунё тан олган режиссёри эди. Эди! Кинодаги олий мукофот — «Оскар»нинг совриндори 2022 йилнинг июнида Кремлнинг олий мукофоти «Меҳнат қаҳрамони» ордени соҳибига айланди. Биргина «Бесогон» мисолида патриотлик йўлидаги жонбозлиги учун ҳукумат томонидан муносиб тақдирланди.

Унинг ижодидан менга энг кўп таъсир қилгани «Обломов ҳаётидан бир неча кун» фильмидир. Режиссёр айнан ўша филмида юрак атмосферасини ярата олган. Қалб иқлими нималигини кўриш мумкин. Ортиқча пафосларсиз, самимий изтироб билан рус қалби бор таровати, инжаликлари билан чиқиб келади. Руснинг бепоён далалари, кўм-кўк дарахт барглари шитир-шитири муаллиф ўз Ватанини ичкин муҳаббат билан севишидан дарак берарди. Бора-бора ўша ичкин, самимий туйғулар унинг ҳам ижодий, ҳам ижтимоий фаолиятида тажовузкорона тус олиб «буюк рус» ғоясига эврила боради. «Обломов»даги шоирона ичкинлик ғурур-ифтихор шамойилида мана-мен деб юзага қалқиб чиқди, шикастадил ҳассослик публицистик жўшқин пафосга кўчди. Ўз тупроғини, тарихини севадиган жўмард йигит самимияти эса сиёсий даъволарга айланди. Хуллас, Никита Михалков маънавий ҳодисасининг эволюцияси тадрижий ўсишдан таназзул томон тинимсиз одим отмоқда. Ҳа, мудом бола бўлиб қолган Обломов унинг дунёсини буткул тарк этди.

Постсовет республикаларининг бугунги авлоди кинорежиссёр Никита Михалковдан кўра Никита Бесогонни кўпроқ танишади. Деярли ҳар кун «Никита Бесогон» бўлиб русийзабон оилаларга ташриф буюрадилар. Унинг охирги ўн-ўн беш йил давомида олган филмлари сарфлаган харажатини умуман оқлай олмади. Яъни михалковча мафкура уфуриб турган филмлар ўз томошабинини топа олмади. Айтмоқчи, унинг отамерос ноёб қобилияти бор. У ҳукумат нима хоҳлаётганини ҳиссий билағонлик билан олдиндан илғай олади. Давлат истаги билан ўз маслагини битта оқимда, бир маромда суздиришни дўндиради. Михалковдаги айнан шу салоҳият уни «буюк рус дунёси»нинг катта ташвиқотчисига, халқлар онгини манипуляция қилишга қодир воизга айлантирди.

«Ватанпарварлик йўлида буйруқ билан бажариладиган қаҳрамонлик, беҳуда зўравонлик ва шуларга ўхшаш жирканч ҳаракатларнинг уйғунлигидан қаттиқ нафратланаман. Бундай қабиҳликда иштирок этишдан кўра ўзимни бурда-бурда қилиб ташлашларига рози бўлардим. Урушни нафрат, разолат, қабиҳлик деб биламан. Халқларнинг соғлом фикри тизимли ташкил этилган тарғибот билан бўғилмаганида эди – уруш ва келишмовчиликларнинг разил кўланкаси аллақачон йўқолиб кетган бўларди».

Альберт ЭЙНШТЕЙН

Дастур одатда иш кабинетида ёзилади. Режиссёр айланма курсисининг орқа фонида оқиш-сарғиш тусли тўрт телефонга кўзимиз тушади, улардан биттаси, оқишроғи ажралиб туради. Бир нечта иконаларни кўрамиз. Ўнг қўл томонидаги дераза токчасида беш бюст саф тортиб турибди. Уларнинг қадду-басти руснинг шонли императорларини, ҳарбий саркардаларини эслатади. Иш столида ён дафтар-у қоғозлар. Албатта, унинг устида Россия Федерациясининг мўъжазгина байроғи қўр тўкиб турибди. Хона интерьерининг ўзи кўрсатув муаллифининг тўлақонли образини гавдалантириб беради. Кинода ҳеч бир детал ўринсиз қўйилмаганидек, биз санаган буюмларнинг ҳам ҳар бирининг ўз вазифаси бор, улар ташвиқотчининг аниқ мақсадига йўналтирилган.

Фото: БесогонTV/YouTube.com

Россия империяси тарихий арбобларининг ҳайкалчалари — унинг ўтмиши шонли, бугуни шарафли қудратли давлат миқёсидаги шахс эканига ишора;

Байроқ — буюк Россиянинг жонфидо ватанпарвари;

Қоғозлар-у ёндафтар — мутафаккир ижодкорлигидан далолат;

Орқада тизилиб турган бир турдаги телефонлар — санъат арбобининг бевосита ҳукуматга дахлдор хос одамлигидан, яъни ўзи айтмоқчи элитанинг сара вакили эканидан дарак беради;

Иконалар — рус православи анъаналарига содиқ мўътабар сиймолигини кўз-кўзлайди.

Михалков филмларида фойдаланилган Эдуард Артёмовнинг мусиқалари кўрсатувнинг «ташриф қоғози»га, маънавий паспортига айлантирилган.  Куйнинг мўъжизавий сеҳри, қудрати таъсирида ёмонлик билан яхшиликнинг сарҳадлари бузилади, ёвузлик билан эзгуликнинг мезонлари куйиб кулга айланади. Биргина «БесогонTV»нинг ўзи айнан мусиқа ёрдамида пропагандачилар одамларнинг ҳиссиёти билан қандай ўйнаши, улар онгини қай йўл билан бошқариши борасидаги тадқиқотга жиддийгина манба бўла олади. Қизиғи, кейинги пайтлар Россия марказий телевидениесининг информацион дастурлари ҳам журналистикадаги олтин қоидадан чекинишяпти, маълумотларни мусиқа фонида сиздиришга уринишлар бор. Чунки бу жараёнда холислик йўқолади. Бизнинг ақлимиз етган нарсага уларнинг ақли етмайдими? Йўқ, кечирасиз. Жуда яхши билишади. Билгани учун ҳам мусиқий безаклардан унумли фойдаланишади!

«Бесогон»нинг бир неча сонларини кўриш давомида чиқарган хулосаларим:

1. Аниқ мақсадни кўзлаган ташвиқотчи иккинчи муқобил ҳақиқатга ўрин қолдирмайди.

2. Тоталитар пропаганда — ахлоқ ҳимояси шиори остида ахлоқсизликни тарғиб этади. «БесогонTV»нинг деярли ҳар сонида ЛГБТ ҳақида, ғайриинсоний ҳаёт тарзи ҳақида гапирилади, одам тубан тушиши мумкинлигининг кўп қирралари кўрсатилади. Дунё хаёлингга ҳам келмайдиган иллатларга бисёр эканига амин бўласан. Гўё уларни ёмонлаяпти, лекин сенинг кўнглинг ўша ёмонликнинг турларига бора-бора кўника боради. Бироқ пропагандачини масаланинг бу томони умуман қизиқтирмайди. Унинг мақсади битта: гўё ўша ахлоқсизликлар кенг қулоч отган ҳудудни, унинг сиёсий системасини ёмонотлиқ қилса бўлди. Азбаройи рақибини бадном қилмоқ учун ўзи ҳам ботқоққа юз бор ботишга тайёр. Улар Давлат қомусига падаркушлик жазоси ҳақидаги қонунни киритмаган Марк Аврелий фалсафасидан минг чақирим нарида юради.

3. Тажовузкор пропаганда — мисоли Аллоҳ лаънатлаган қора жоду. У ўз мақсади учун инсон онгини бошқармоққа уринади, инсон иродасига тазйиқ ўтказади. У кўзлаган натижанинг миқёси ниҳоятда тор, оқибати кўламини ўйлаш уларнинг вазифасига кирмайди.

4. Сиёсий пропаганда қуроллари — ватанпарварлик, дин, ахлоқ, оилавий қадриятлар, азалий анъаналар, миллий ўзлик ва муҳофазакорлик. Айнан шулар воситасида инсондаги инсонийлик иммунитети ўлдирилади, одамни ОДАМдан озод этади. Дин-у диёнат ва ахлоқ мавзуси ҳеч қачон эскирмайдиган бедаво дард, айнан ана шу икки тушунчани маънавий тутумга айлантириб одамлар юрагига осон кириб олиш, уларнинг туйғуларини, ҳиссиётларини мушук ямлаб ютишдан олдин сичқонни қандай эрмак қилса, худди шундай ўйнаши, эзғилаши мумкин. Сиз бунда худосиз диндорнинг турқи тароватини кўрасиз.

5. Руҳан маҳв этилган одам фикрлаш лаёқатидан мосуво бўлади, энди унда руҳий фалажлик даври бошланади. Ватан учун деб отасидан воз кечади, ўзгалар тўқиган ёлғон тарихни кўзига суртади. Ватан учун деб ўз ўғлини шараф билан ўзга юрт тупроғида қон тўкишга жўната олади.

6. Муҳофазакор демагог демократияни, эркин сўзни, тараққиётни инкор этади.  Айнан эркинликни ёмонотлиқ қилиш учун, озод одамни олабўжи қиёфасида кўрсатмоқ ниятида ҳар қандай иллатларни, тубанликларни тап тортмай ёпиштиради, ёлғон-у ҳақиқатни пайвандлаб ташлайди. Эркинлик ва ахлоқ ўртасида мустаҳкам Хитой деворини ўрнатади. Уддалайди ҳам.

7. Авторитар давлат пропагандачиси якка қўл ҳокимиятга хайрихоҳ бўлади, иқтидордаги ҳукуматнинг чексиз қудратига топинади. Шахс култини яратишда баҳолиқудрат ҳисса қўшади.

Никита Сергеевич шу йилнинг май ойида Тошкентга келиб «Рус сезони» маданий лойиҳасини очиб кетганидан бир ярим ой ўтиб «БесогонTV»нинг «Биз жамоамизда ялмоғизни тарбиялаймиз» (23 июн. 2023 й.) сони намойиш этилади. У мигрантлар масаласи билан бирга қўшни республикаларда русофоблик иллати қандай шакллантирилаётганига тўхталади. «Ўрта Осиё («Марказий Осиё» эмас?!) республикаларида, масалан, Ўзбекистон тарихи дарсликларида 292 марта «рус мустамлакачилиги» ҳақида сўз боради. «Улуғ Ватан уруши» уруши атамаси умуман йўқ. Баъзи ўринларда «у ёки бу республиканинг Иккинчи Жаҳон урушидаги иштироки» дея шунчаки эслаб ўтилган. Сталин эса жиноятчи сифатида Гитлер билан тенг кўрилади», деб ёзилган матнни ўқиб шарҳлайди. Ваҳоланки, унинг ўзи айнан Сталин даври қораланган антисовет филми сабаб «Оскар» мукофотини қўлга киритган эди.

Марказий Осиё мактабларида рус тили яхши ўқитилмаслиги жиддий муаммо қилиб кўрсатилади. Рус тили дарси Россия Федерацияси талабларига биноан йўлга қўйилиши шартлигини таъкидлайди. Айнан шу дастурда яна бир бор Владимир Путиннинг «СССРнинг тарқалиши йигирманчи аср геосиёсатидаги улкан фалокатдир» деган машҳур гапига алоҳида урғу беради. Ва 1991 йил иттифоқни сақлаб қолиш борасида ўтган референдум натижаларини эслайди. Қўшни давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқдан ажралмаслик борасидаги 93,7 фоиз овозини мутлақ ҳақиқат ўрнида қабул қилади ва томошабинга уқтиради. «Улар СССРнинг парчаланишини ўз фожиаси деб билди» дейди. Ўтмишнинг хира саҳифасига айланган ўша референдум ҳақида кўп ёзишган. Бу ҳақда тарихчилар, ўша жараённинг жонли гувоҳлари гапиргани маъқул. Фақат менинг ёдимда қолгани ўн еттинчи март референдуми арафасида Шофиркон туман ҳокимияти томонидан «Сиёсий хато қилишга ҳаққингиз йўқ! Биз барибир СССРдан ажралмаймиз» мазмунидаги сарғимтир тусли даъват варақачаси тарқатилганди. Ва айнан ўша куни «Ўзбекистон» телеканалидан пропагандачи Тигран Кеосаяннинг отаси Эдмонд Кеосаян ишлаган инқилобий руҳ уфуриб турган соф совет филми  «Қўлга тушмас қасоскорлар» намойиш этилди.

Ҳеч қачон танлов ҳуқуқи берилмаган халқ номидан гапириш ҳам мустамлакачи пропаганданинг ўзига хос бош хусусиятидир.

2022 йил апрелининг илк кунларида «Откуда ноги растут» — соф ўзбекона ифода билан ўгирилганда «Шамол қаердан эсди» деган ном билан «Бесогон»нинг навбатдаги баҳсли сони чиқди. Унда фашистлар Германияси СС қўшини генерал-лейтенанти Фриц фон Шолц Германиянинг ҳозирги канцлери Олаф Шолцнинг бобоси деган маълумотлар келтирилади. Бироқ бу гаплар фейк экани, Шолцнинг бобоси темирйўл ишчиси бўлгани, Фриц фон Шолцнинг эса фарзанди бўлмагани ҳақидаги ҳақиқатлар тезда юзага чиқди. Хўш, кўрсатув ижодкорларига бу ёлғон нега керак бўлди? Чунки ўша дамда Олаф Шолц мазлум давлат армиясига ёрдам бериш кераклиги ҳақида гапира бошлаганди. Олманинг тагига олма тушади, невара фашист бобосининг ишини давом эттиряпти, деган маломатга важ керак бўлиб қолди.

Айнан шу сонда «Биринчи канал»нинг исёнкор муҳаррири Марина Овсянникованинг қилмиши ҳам тилга олинади. Муаллиф гапи орасида «дамычка-одиночка» деб қистириб ўтиб кетади. У аёл ёлғизлигини таъкидлаш орқали Машанинг руҳияти жойида эмас эди, нима қилаётганини ўзи билмайди, ёмонлиги учун ҳам тул хотин бўлиб юрибди ёки пул бериб ёлланган деган информацияларни одамлар онгига сиздиряпти. Унинг иши ҳеч қанақа қаҳрамонлик эмас, тўғри иш эмас, деган маъно билан мияларни ювишнинг халқона йўли бу. Ҳатто бу сон Петербург мактабларидаги бошланғич синф ўқувчиларига ҳам кўрсатилган.

«Давос и ныне там» — «Давос ҳали ҳам бор» деб номланган сонида Полша президенти Анжей Дуданинг бобоси билан боғлиқ ёлғонлар тарқатилади. Эмишки, Дуданинг бобоси Степан Бандера билан дўст бўлган экан. Бу информация Дуда Зеленскийни бағрига босган тасвир фонида айтилди. Ваҳоланки бу факт ҳам бошқалари қатори йўққа чиқди.

Аналитиклар «БесогонTV»нинг ягона ютуғи муаллиф видеотасвирлар ва мусиқа омухталигида драматик кайфиятни ярата олишида дейишади. Чиндан ҳам исталган бир сонини олинг, бошдан оёқ мусиқа иштирок этади. Тасвирлар-у мусиқалар комбинацияси ниҳоятда муваффақиятли чиққан.

Никита Сергеевич апокалипсис, яъни қиёмат қойим ҳақида ҳам хавотирланиб турадилар. Гўё замин хотимасини Ғарб дунёси ясайди. Бу ҳақда бир нима дейишга ожизман. Лекин ақл ёвузликка хизмат қилса, итоатгўй истеъдод иблис эрмагига айланса, илоҳийликка даъвогар санъат ўз ўрнини арзон ташвиқотга бўшатиб берса, бақироқ-жўн шиорлар теранликни, шеъриятни чекинтирса — шунинг ўзи Ернинг ҳалокат томон кетаётганидан дарак эмасми?

Иқбол Қўшшаева

Мавзуга оид