Жаҳон | 18:00 / 31.08.2023
12114
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда «Мустақиллик куни» нишонланди

Президент Жапаров Ўш шаҳрида фуқароларни қутлади.

Фото: knews.kg

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри яқинидаги Сулаймон тоғи этагида мамлакат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Алимбек Додхоҳ номли хиёбонда байрам муносабати билан Давлат байроғи кўтарилиши маросими ўтказилди. Тадбирда мамлакат президенти, Қуролли кучлар бош қўмондони Садир Жапаров иштирок этиб, нутқ сўзлади ва қирғиз халқини байрам билан муборакбод этди.

«31 август – Қирғизистон мустақиллиги куни. Бу байрам бутун халқимиз учун жуда қадрли ва муҳим. Мен Буюк Ипак йўлида жойлашган, ўзининг Сулаймон тоғи билан машҳур ушбу сахий заминда, жанубий пойтахтимиз саналган шаҳарда туриб, кўп асрлик бой тарихга эга буюк қирғиз элини қутлаётганимдан фахрланаман. Ҳаммангизни чин юракдан мустақиллик айёми билан табриклайман», деди у.

Давлат раҳбари мустақил Қирғизистонни ривожлантириш ва кучайтиришга чақирди.

«Бугунгидек мураккаб бир даврда ривожланган давлатни барпо этиш ўз қўлимизда. Бунинг учун бизда барча шароит бор. Ушбу тарихий имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак. Келинг, юртимизнинг табиий бойликларидан, инсон ресурсларидан тўғри, оқилона, тежаб фойдаланайлик, ота-боболаримиздан мерос қолган мустақил Қирғизистонни ривожлантирайлик, кучайтирайлик ва кейинги авлодларга шундай қолдирайлик», деди у.

Жапаров 7 миллионлик қирғиз халқи келажакда 70 миллионга етишига умид билдирди.

«Бизни кичик халқ санашар эди ва биз ҳеч кимга ўхшамас эдик, ҳозир, Худога шукур, 7 миллионмиз. Юртимиз обод бўлсин, дард билмасин, 7 миллион аҳолимиз 70 миллионга етсин», деди у.

Мавзуга оид