Ҳиндистон инглиз тилидаги расмий номини India’дан Bharat’га ўзгартириши мумкин
Мамлакатнинг ҳукмрон партияси Ҳиндистоннинг қадимий номини қайтаришга уринмоқда. Мухолифат бунга рози эмас. Ўзгартириш бўйича расмий жараён ҳали бошланмади.
Нарендра Моди бошчилигидаги Ҳиндистон ҳукумати 18-22 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган парламент йиғилишида мамлакатнинг расмий номини Бҳарат қилиб ўзгартиришни қўллаб-қувватловчи резолюцияни тақдим этиши мумкин. Бу ҳақда Economic Times хабар берди. Бироқ, бўлажак парламент сессияси кун тартиби ҳали расман эълон қилинмаган.
9 сентябр куни Ҳиндистон пойтахтида G20 саммити ўтказилади. Анъанавий кечки овқатга таклифнома «Ҳиндистон президенти» номидан эмас, балки «Бҳарат президенти» номидан жўнатилган. Ҳиндистон миллий конгресси раҳбари Жаирам Рамеш буни тасдиқлади.
«Бу хабар - ҳақиқат. Энди Конституциянинг 1-моддасини қуйидагича ўқиш мумкин: «Бҳарат, бу Ҳиндистон, Қўшма Штатлар Иттифоқи бўлиши лозим», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Бҳарат — Ҳиндистоннинг ҳинди тилидаги расмий номи бўлиб, мамлакат Бош Қомусида қайд этилган. Ҳиндистон Конституциясининг 1-моддасига биноан, иккала номдан фойдаланишга рухсат берилган.
Ҳиндистоннинг ҳукмрон «Бҳаратия Жаната» партияси вакиллари мамлакат номини Бҳарат деб ўзгартирилишини қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг фикрига кўра, Ҳиндистон (инглизчада India) номи Британия мустамлакасидан қолган «қуллик рамзи», Бҳарат номи эса қадим замонлардан бери мавжуд.
«Британияликлар Бҳарат номини Ҳиндистонга ўзгартирди. Конституциянинг 1-моддасида шундай дейилган: «Ҳиндистон – Бҳарат». Мамлакатимиз минг йиллар давомида «Бҳарат» номи остида мавжуд... Бу қадимги санскрит матнларида учрайдиган мамлакатнинг қадимий номи. «Ҳиндистон» номи мустамлакачи ҳукумат томонидан берилган ва шунинг учун қуллик рамзидир. «Ҳиндистон» номи Конституциядан олиб ташланиши керак», деди депутат Нареш Бансал.
Ҳукмрон партияга мухолиф бўлган INDIA (Ҳиндистон миллий инклюзив ривожланиш альянси) блоки бу ташаббусни қораламоқда. Улар буни «Бҳарата жанатия» партиясининг обрўсини кўтаришга уриниш сифатида баҳоламоқда.
«Ҳиндистон ўз номини Бҳаратга ўзгартирса, «Бҳарата жанатия» партияси Бҳарат сўзини бошқа сўз билан алмаштирадими? Агар баъзи партияларнинг номида Ҳиндистон сўзи бўлса, унда мамлакат номини ўзгартириш шартми? Агар INDIA блоки номини Бҳарат деб ўзгартирса, у ҳолда «Бҳарата жанатия» партияси ҳам номини ўзгартирадими?», деди Деҳли бош вазири Арвинд Кежривал.
Шу билан бирга, депутат Санжай Сингҳ Ҳиндистоннинг расмий номини ўзгартириш масаласини, ҳукуматнинг амалдаги Конституцияни ўзгартиришга уриниш сифатида баҳолади.
Ҳозирча, Ҳиндистон ҳукумати бу борадаги баҳсларга муносабат билдирмади.
Ҳиндистоннинг расмий номини ўзгартириш масаласи биринчи маротаба кўтарилаётгани йўқ. Ушбу масала 2016 ва 2020 йилларда Ҳиндистон Олий суди томонидан кўриб чиқилган. Олий суд ушбу ташаббусларни рад этиб, мамлакат аҳолиси ҳис-туйғулари билан ўйнашмасликка чақирган эди.
Дунё тарихида кўплаб давлатлар ўз номини молиявий, маданий, тарихий ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда ўзгартирган ҳолатлар кўп бўлган.
1972 йилда Цейлон ўз номини Шри-Ланка деб ўзгартирди. 1989 йилда Бирма номи Мьянма қилиб ўзгартирилди. 1935 йилда Форс давлати Эрон деб атала бошлади. Турли йилларда Кампучия – Камбожа, Сиам – Таиланд, Шарқий Покистон – Бангладеш, Македония – Шимолий Македония, Свазиленд – Эсватини деб ўзгартирилган.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024