Суровикин Пригожиннинг исёнидан кейин илк бор кўриниш берди
Армия генерали Сергей Суровикин — россиялик ҳарбий қўмондон, Россия мудофаа вазирлигида жиддий кўтарилишга эришган. У РФ Ҳаво-космик кучлари бош қўмондони лавозимини эгаллаган ва Суриядаги Россия қўшинлари гуруҳини бошқарган. Украинадаги уруш Суровикиннинг янада юксалишига ҳисса қўшди — у 2022 йил кузида Россия босқинига раҳбарлик қилди. Аммо «Вагнер» ХҲК исёнидан кейин Россия пропагандаси Генерал Армагеддон деб атаган қўмондон ғазабга йўлиқди.
Россиянинг Украинадаги қўшинлари гуруҳи собиқ қўмондони, Евгений Пригожиннинг исёнидан кейин ғойиб бўлиб қолган генерал Сергей Суровикин яна жамоатчиликка кўриниш берди. Бу ҳақда россиялик журналист Ксения Собчак ортидан Американинг The New York Times нашри ҳам ёзди. Генерални охирги бор «Вагнер» ХҲКнинг июн ойи охиридаги исёни вақтида кўришганди, ўшанда у Пригожинни тўхташга чақириб, видеомурожаат қилганди (аммо якунда у исёнчиларни қўллашда гумонланиб, тергов қилинди).
Душанба куни Суровикиннинг июн ойидаги исёндан бери илк фотосурати пайдо бўлди, уни Собчак ўз телеграм-каналида эълон қилган. Суратда генерал оддий фуқаро кийимида, қора кўзойнак, шляпа ва кўйлакда, печакгул билан қопланган девор ёнидан рафиқаси билан қўлтиқлашиб кетаётган ҳолатда акс этган, бу суратда Суровикин айнан қаерда бўлганини аниқлашнинг имкони йўқ.
«Генерал Сергей Суровикин чиқди. Соғ-омон, уйида оиласи билан. Москвада. Бугунги сурат», — дея фотога изоҳ берган Собчак.
Суровикин «уйда оиласи билан»лиги ҳақида шу куни кечқурун «Эхо Москви» радиоси собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов ҳам ёзди. «Таътилда ва Мудофаа вазирлиги ихтиёрида», — деган Венедиктов ўз телеграм-каналида.
Собчакни бу фотони журналистлар мудофаа вазири Сергей Шойгудан «Суровикинга нима бўлди ва у тергов қилиняптими?» деб сўраши ортидан эълон қилди. Шойгу бу саволга жавоб беришдан бош тортганди. У «Барча саволлар шуми?» деган ва шундан сўнг кетиб қолган.
Шойгу ортидан Кремл расмийси Дмитрий Песков ҳам журналистларнинг генерал ҳақидаги саволини очиқ қолдирганди.
The New York Times икки америкалик мулозим ва Россия мудофаа вазирлиги билан алоқадор манбасига таяниб, генерал озодликда экани ҳақида хабар берган.
NYT Америка расмий шахслари генерал исёнга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида олдиндан хабардор бўлганини тахмин қилишини эслаб ўтган. Энди расмийлар генерал Суровикин озод этилгани ҳақида айтишган, лекин ҳозирча унинг ҳаракатланиши бўйича қандайдир чекловлар сақланиб қолиши ва бошқа санкциялар ҳақида аниқ гап йўқ. Ёзда ОАВ генералга қўлланган чораларнинг турли вариантларини кўриб чиққанди — тергов изоляторига жойлаштиришдан тортиб, ҳибсга олмасдан изоляция қилишгача.
Нашрнинг Россия мудофаа вазирлигига яқин манбасига кўра, Суровикин Пригожин 23 август кунги авиаҳалокатда вафот этганидан бир неча кун ўтиб озодликка чиқарилган. Шу манба маълумотига кўра, генерал ҳозирча ўз генераллик унвонини сақлаб қолган, аммо у энди ҳарбий хизматда истиқболга эга эмас.
Суровикин Россия ҳаво-космик кучлари қўмондони лавозимидан ҳам четлатилган.
Суровикиннинг Украина урушидаги иштироки хронологияси
2022 ЙИЛ 24 ИЮН
↓
РФ мудофаа вазирлиги илк бор Украинадаги Россия қўшинлари гуруҳлари қўмондонлари ҳақида маълумот беради. Вазирликнинг ҳар кунги ҳарбий ҳаракатларнинг боришига бағишланган навбатдаги брифинги вақтида Сергей Суровикин қўшинларнинг Жанубий гуруҳига қўмондонлик қилаётгани ошкор бўлади.
Ўша вақтда «Жануб» ва «Марказ» гуруҳлари Луҳанск областини эгаллаш учун жангларда қатнашаётганди. Британия разведкаси катта эҳтимол билан РФ мудофаа вазирлиги Донбассдаги ўз гуруҳлари ўртасида «нисбатан самарали» мувофиқликка эришгани ҳақида хабар қилганди.
2022 ЙИЛ 8 ОКТЯБР
↓
Сергей Суровикин Россиянинг Украинадаги қўшинларининг Бирлашган гуруҳи раҳбари этиб тайинланади. РФ мудофаа вазирлиги илк бор босқинга раҳбарлик қилувчи қўмондон номини эълон қилади. Россиядаги ҳукуматпараст нашрлар Суровикинни Генерал Армагеддон деб аташади; унга армияда бундай лақабни «ностандарт ва қатъий ҳаракат қилиш қобилияти» туфайли беришган.
Икки кун ўтиб Россия Украинадаги энергетика ва фуқаролик инфратузилмаларига ёппасига ракета зарбалари беришни бошлайди, бундан мақсад мамлакат қишда токсиз қолишига эришиш эди. «Медуза» манбалари бундай ҳарбий тактика ташаббускори айнан Суровикин бўлганини айтишган. Давомли ракета зарбалари оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлади. Сурияда ҳам Суровикин қўмондонлигидаги рус қўшини фуқаролик объектларини ўққа тутиш воситасида уруш олиб борганди.
2022 ЙИЛ 18 ОКТЯБР
↓
Суровикин Россия пропаганда нашрларига интервю бериб, илк бор жамоатчиликка кўриниш беради. Армия генерали «махсус ҳарбий амалиёт» ҳудудидаги вазиятни кескин деб баҳолайди ва «оддий бўлмаган қарорлар қабул қилиниши»ни анонс қилади.
2022 ЙИЛ 9 НОЯБР
↓
Суровикин Россия телевидениеси эфирида РФ мудофаа вазири Сергей Шойгуга ҳисобот бериб, Херсонни ташлаб чиқиш ҳамда Россия қўшинларини Днипро дарёсининг сўл соҳилига олиб ўтишни таклиф этади. Шойгу бу таклифга кўнади. Кейинги куни россиялик ҳарбийлар Херсонни тарк этишади — бу Россия армияси Украинада 24 феврал кунги босқиндан кейин эгаллаб олишга муваффақ бўлган ягона област маркази ҳисобланарди.
Шундан кейин Суровикин Херсон ва Запорижжя областларида мудофаа стратегияси билан шуғулланади, жумладан «Суровикин чизиғи»ни барпо этади, айни вақтда украинлар ушбу мудофаа чизиғидан ўтишга ҳаракат қилмоқда.
2023 ЙИЛ 11 ЯНВАР
↓
РФ қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов Украинадаги қўшинларнинг янги бош қўмондони этиб тайинланади. Суровикин унинг ўринбосари лавозимига туширилади.
2023 ЙИЛ 24 ИЮН
↓
«Вагнер» ХҲК исёни авжига чиққан маҳалда генерал Суровикин Евгений Пригожиннинг ёлланма жангчиларига мурожаат қилиб, уларни «тўхташ»га, «масалани тинч йўл билан ҳал этиш» ва «доимий дислокация пунктларига қайтиш»га чақиради.
Шу куни кечқурун Пригожин Москва томон «марш» тўхтатилганини эълон қилади — Кремл билан келишувга кўра ХҲК раҳбари ўз ёлланма жангчилари билан Беларусга «кетиши» таклиф этилганди. Шундан кейин Суровикин жамоатчиликка кўриниш бермай қўяди.
Пригожин бу генерал билан олдиндан яхши таниш бўлган, чунки «Вагнер» ХҲК жангчилари Сурияда жанг қилганида, генерал у ерда бош қўмондон ҳисобланарди.
Хусусий ҳарбий компания асосчиси ўз чиқишларида мунтазам равишда Суровикинни мақтаб келади, Герасимовни эса қаттиқ танқид қилади ва бу танқидлар якунда исёнга олиб келади.
2023 ЙИЛ 28 ИЮН
↓
ОАВда Суровикин вагнерчилар исёни ортидан ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Америка махсус хизматлари генерал гўёки Пригожиннинг исёни ҳақида олдиндан хабардор бўлгани ва унинг режасини қўллагани ҳақидаги версияни илгари сурди.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, шундан кейин РФ мудофаа вазирлиги сафларида тозалаш ишлари бошланган. Нашр маълумотига кўра, Суровикин билан бирга Россия армиясининг камида 12 нафар катта зобити қўлга олинган, 15 нафарга яқин зобит четлатилган ёки хизматдан бўшатилган.
2023 ЙИЛ 22 АВГУСТ
↓
«Эхо Москви»нинг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов генерал Суровикин РФ президенти фармони билан Россия ҳаво-космик кучлари қўмондони лавозимидан ҳам четлатилгани ҳақида хабар берди (бундай фармон очиқ манбада эълон қилинмаган).
РБК манбаси ҳам бу маълумотни тасдиқлади ва собиқ қўмондон РФ мудофаа вазирлиги тузилмасидаги бошқа лавозимга ўтказилгани ва айни вақтда таътилда эканини қўшимча қилди.
Ксения Собчак эса Суровикинни Владимир Путиннинг 18 август куни имзоланган ёпиқ фармони билан ишдан олишганини айтди.
РИА Новости манбаси ўрнига ҲКК бош штаби бошлиғи, генерал-полковник Виктор Афзалов ҳаво-космик кучларининг вақтинча қўмондони этиб тайинлангани ҳақида маълум қилган.
Мавзуга оид
21:42
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024