Ўзбекистон | 11:45 / 11.09.2023
35522
5 дақиқада ўқилади

Шерали Жўраев ва Ўзбекистондаги ижод эркинлиги масаласи

2016 йилга қадар ижодкорлар бирор-бир ҳуқуқбузарлиги сабабли эмас, шунчаки фақат бир шахсга ёқмай қолгани учунгина ўнлаб йиллар давомида тақиқда бўлиши мумкин эди. Бу сиёсат ўзбек санъатининг йирик вакиллари, хусусан Шерали Жўраевни ҳам четлаб ўтмаганди.

4 август куни Ўзбекистон халқ хофизи, таниқли хонанда Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этди. Шерали Жўраевнинг ўзбек санъати, миллий қўшиқчилигига қўшган ҳиссаси ниҳоятда катта. Ҳар бир миллатнинг, халқнинг қўшиқларда ифодаланган руҳий дунёси бўлади. Ўзбек қўшиқчилиги орқали ифодаланган руҳий дунё – ниҳоятда бой. Ва мана шу руҳий дунёнинг бойишида Шерали Жўраевнинг қўшган ҳиссаси жуда сермаҳсул.

Айни пайтда, Шерали Жўраев жуда узоқ вақт тўлақонли ижод қила олмади, ўзининг мухлислари билан Ўзбекистоннинг катта саньат қасрларида кўриша олмади. Сабаби, у 90-йилларнинг бошидан то 2016 йилга қадар “запрет”да, яъни тақиқ остида бўлди.

Ўша даврда, Шерали Жўраев “Халқлар дўстлиги”, “Туркистон” ёки бошқа йирик санъат кошоналарига қўйилмади. Баъзи йилларда эса уни ҳатто тўйларга чақириш ҳам давлат томонидан салбий қабул қилинар эди. Оддий қилиб айтганда, Шерали Жўраев ўзининг энг сермаҳсул йилларини давлатнинг қора рўйхатида, тақиқ остида ўтказишга мажбур бўлди.

Қолаверса, тақиққа учраган фақат у эмасди. Юлдуз Усмонова маълум йиллар Туркияга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Обид Асомов Россияда ўз ижодини давом эттирди. Ўзбекистоннинг ичида қолганлар ҳам қаттиқ босим, назорат ва чекланган ижодий фаолият доирасида қоларди.

Бунинг сабаби – Ўзбекистонда ҳукм сурган қаттиқ авторитаризм эди. Якка шахс авторитаризми. Бутун бир давлатчилик, давлат институтлари, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати якка бир шахснинг қарашлари, кайфияти, инжиқликларига тўлиқ қарам бўлиб қолган эди.

Дунёда 200 дан ортиқ давлат бор. Демократик давлатларда ҳокимият тўлиқ халқнинг хизматкори ҳисобланади. Бунда халқ инжиқ, ҳокимият эса муттасил ўзгарувчан ҳисобланади. Ҳатто, дунёнинг кўплаб авторитар давлатларида ҳам, бутун бир давлатчилик якка шахснинг кайфият ва инжиқликларига асир бўлиб қолмаган.

Ўзбекистондаги санъаткорларга тушган тақиқларнинг сабаби мафкура ёки ҳуқуқ эмас. Ўзбекистондаги авторитаризм – мафкуравий авторитаризм эмасди. Яъни маълум мафкуравий қарашлардан келиб чиқиб, у ёки бу саньаткорни тақиқ остига олмаганди. Қолаверса, санъаткорлар бирон бир қонунни бузгани учун ҳам тақиқ остига олинмаганди. Чунки санъаткорлар, шоирлар ёки бошқа ижод аҳли ҳам, бирон бир қонунни бузмаганди. Асосий сабаб – олдинги давлат раҳбарининг шахсий қарашлари, кайфияти, талқинлари эди. Ўша шахс ёқтирмадими, асосли ҳуқуқий сабаб бўладими-йўқми – фарқи йўқ, ёқтирилмаган шахс қора рўйхатга тушарди.

Нафақат саньаткорлар, қўшиқчилар, шоирлар, адиблар, балки сиёсатчилар ва давлат мулозимлари ҳам жамоатчиликка кўринмас эди, ўзини халққа кўрсатгани қўрқарди. Агар бирон бир мулозим ёки сиёсатчи халққа кўринса, “демак, бу халққа ёқиш ниятида, ҳокимиятни қўлга олишга интилмоқда” деган примитив талқинда баҳоланарди, бу шахсларнинг сиёсий умри қисқарарди.

Эркинлик – комплекс тушунча. Ижодкор аҳли учун, ижодий эркинлик – энг муҳим зарурат. 2016 йилга келиб, ҳокимият ўзгарди. Ҳокимият билан бирга, давлатнинг сиёсати ҳам. Бугунги кунда Ўзбекистонда эркинлик руҳияти бор. Жумладан, ижод эркинлиги мавжуд. Мен шу кунларда қайси қўшиқчи тақиқ остида бўлиши мумкин, деган саволга қизиқиб, журналист дўстларимга юзландим. Аниқлашимча, бугун давлатга ёқимсиз бўлган айрим қўшиқчилар ҳам ижод эркинлиги доирасида ўз фаолиятини олиб бормоқда.

2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлатчилиги жиддий ўзгара бошлади. Лекин, ҳали ҳуқуқий-демократик даражага етиш учун олдимизда жиддий ислоҳотлар турибди. Жамият, одамлар шундай сиёсий маданиятга эришиши керакки, бир томондан бўлаётган ўзгаришларни англаш ва қўллаб-қувватлаш, иккинчи томондан, қилиниши керак бўлган ўзгаришларга қандай эришиш борасида малакага эга бўлишлари зарур.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид