Ўзбекистон | 12:42 / 12.09.2023
28127
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «иқлимий ёз» давом этмоқда - «Ўзгидромет»

Ўзбекистонда кузнинг бошланиши иқлим шароитига кўра тақвим саналарига мос келмайди.

Фото: Kun.uz

Сентябр ойи, тақвим бўйича куз ойи деб ҳисобланса-да, лекин Ўзбекистонда ёз фасли каби ҳали ҳам асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво, фақат ёзга қараганда қулайроқ ҳарорат фони устун туради.

Иқлимшунос олимларнинг фикрича, Ўзбекистонда куз аслида ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати +20 даражадан пастга тушганда бошланади.

“Ўзгидромет”нинг кўп йиллик иқлимий маълумотларга таяниб хабар беришича, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати сентябр ойининг сўнгги ўн кунлигида +20 даражадан пастга тушади, аммо ой охиригача ушбу қийматга яқин бўлиб туради.

Сентябр ойида ёғингарчилик йилнинг энг қуруқ ойи - август ойига нисбатан бироз кўп бўлади. Ҳудуднинг катта қисми бўйича ойлик ёғингарчилик миқдори бироз бўлиб, 2-5 ммни ташкил этади, жанубда ва чўл ҳудудларда эса ундан ҳам кам бўлади.

Октябр ойида кунлар қисқара бошлаганда, ҳарорат пасайиши сезиларли бўлганда, ёмғир тез-тез ёғганда ҳақиқий куз бошланади.

Сентябр ойидаги об-ҳаво шароити ҳар доим ҳам иқлимий, яъни ўртача кўп йиллик шароитларга мос келмайди. Айрим йилларда ёғингарчилик меъёрдан 2-3 марта кўп ёки ойнинг ўртача ҳарорати меъёрдан +1...+1,5 даражага паст бўлади. Аммо бундай сентябр ойлари кам, ўртача ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилади.

Октябрда ва айниқса, ноябрда ўртача ҳаво ҳарорати янада юқори тезликда пасайишда давом этади. Ёғингарчилик тез-тез ва кўпроқ миқдорда бўлади. Ноябр ойида ва камдан-кам ҳолларда октябр ойида ҳарорат салбий қийматларгача пасаяди ва ёғингарчилик нафақат ёмғир шаклида, балки қор шаклида ҳам ёғади.

Ўзбекистонда куз ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати +5 даражагача пасайганга қадар давом этади. Ҳудуднинг катта қисмида бу тақвим саналарига мос бўлиб, ноябр ойининг энг охирида содир бўлади. Бироқ, республика шимолида «иқлимий куз» ноябр ойининг биринчи ўн кунлигида тугайди. Аммо энг чекка жанубда эса деярли декабр ойининг охиригача ўртача кеча-кундузлик ҳарорат +5 даражадан юқори бўлиб қолади.

Ушбу ҳафтанинг охиригача республика ҳудуди бўйича об-ҳаво шароитида деярли ўзгаришлар кутилмайди. Кейинги ҳафтада об-ҳаво ёмонлашиши мумкин, аммо бу қисқа муддатли бўлади. Шуни айтиш жоизки, сентябр ойининг ўртаси бўлишига қарамай, Ўзбекистонда «иқлимий ёз» давом этмоқда.

Мавзуга оид