Ўзбекистон | 13:44 / 13.09.2023
14486
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга йўл сифатини аниқлайдиган махсус авто техникалар келтирилди

Жаҳон банкининг 3 миллион доллар маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга йўл сифатини аниқлаш, таҳлил қилишга қодир махсус жиҳозланган техникалар келтирилди. Улар ёрдамида республика йўлларини таъмирлашда инсон омилини камайтириш кўзда тутилган.

Даниядан Ўзбекистонга олиб келинган махсус жиҳозланган техникалар йўл сифатини 95 фоизгача аниқликда таҳлил қила олиш имкониятига эга. Мутахассислар бундай техникаларнинг келтирилишини мамлакатда йўл қурилиши соҳасидаги бир қадам олдинга силжиш, дея баҳоламоқда. Боиси шу пайтгача бундай жараёнлар тахминий ҳисоб-китоблар асосида, инсон омили билан бошқарилган. 

Ушбу техникалар автомобиль йўлларида маълумотлар базасини шакллантириш ва йўлларни тадқиқ қилиш мақсадида олиб келинган. Улар аниқлаган маълумотлар ягона бир электрон тизимга уланади ва бу асосда йўлларнинг ҳолатини инсон омилисиз тоифалаш имконияти яратилади. Яъни қайси ҳудуддаги йўллар таъмирга ёки қуришга муҳтож экани ушбу махсус техникаларнинг ўлчов таҳлиллари асосида хулосаланади. Бу техникаларнинг келтирилишини Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилишида яна бир олдинга силжиш деб баҳолаш мумкин”, — дейди Автомобиль йўллари илмий тадқиқот институти синов лабораторияси бошлиғи Салоҳиддин Қурбонов.

Келтирилган Тoyota ва Ford кроссовер ҳамда пикапларига ўрнатилган жиҳозлар маълумотлар базасини шакллантиришда қуйидаги вазифаларни бажаради:

  1. Toyota RAV4 мобиль сканери лазер нурлари орқали йўл тармоғининг рўйхати ва кадастрини яратиш учун мўлжалланган;
  2. Toyota HILUX мобиль ускунаси йўл иншоотлари, уларнинг атроф-муҳитини инвентаризация қилиш, ҳаракатланиш ва йўлдаги нотекисликлар сифатини ўлчаш, йўл геометрияси ҳамда ГПС маълумотларини олиш вазифаларини бажаради;
  3. Ford F350 жиҳозланган автомобилининг техник имкониятларига эса йўл қопламасининг физик хоссаларини баҳолаш, асфальт қопламаларининг баландлиги ва тузилишини таҳлил қилиш, шунингдек, ерости коммунал тармоқлари мавжудлигини текшириш, юзаки ишқаланиш ва сирпаниш қаршилиги кўрсаткичларини ўлчаш вазифалари киради.

Масъулнинг маълумот беришича, махсус жиҳозланган бу техникалар Жаҳон банкининг 3 млн доллар маблағлари ҳисобига олиб келинган. Ўзбекистонда мавжуд автомобиль йўллари тармоғининг умумий узунлиги тахминан 210 минг кмни ташкил этади. Шундан 43 минг кмга яқини, яъни 20 фоизи Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфига киради. Масъул шунча узунликдаги йўлнинг таҳлилини олиб боришда 3 та мобиль техника комплекси етарли бўлмаслигини ҳам таъкидлади.

«Бу каби техникалардан ҳар бир вилоятда биттадан бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки буларнинг ёрдами билан бир йилда узоғи 10 минг км йўлнинг маълумотлар базасини шакллантиришимиз мумкин. Қўмита тасарруфидаги жами 43 минг км йўлнинг умумий маълумотларини жамлашнинг ўзига 4-5 йил кетиб қолиши мумкин», — дейди Салоҳиддин Қурбонов.

Таъкидланишича, Автомобиль йўллари давлат қўмитасига қарайдиган 43 минг кмли автомобиль йўллари ҳақида маълумотлар жамлангач, қайси йўл қачон, қандай ва қанча маблағ билан таъмирланиши кераклиги электрон таҳлиллар асосида ишлаб чиқилади.

Мавзуга оид