Британия қироли Чарлз III биринчи расмий ташрифи доирасида Францияга борди
Чарлз III ва президент Макрон иқлим, биологик хилма-хиллик, сунъий интеллект, шунингдек, Африка ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилади.
Британия қироли Чарлз III тахтга ўтирганидан кейин биринчи марта Францияга расмий ташриф билан борди.
Парижнинг Орли аэропортида Франция бош вазири Элизабет Борн қирол ва унинг рафиқаси, қиролича Камиллани кутиб олди.
Парижнинг энг машҳур кўчаси бўлмиш Елисей майдонидаги «Зафар арки»да қирол ва қироличани Франция президенти Эммануэл Макрон, унинг рафиқаси Брижит Макрон ва Франция мудофаа вазири Себастян Лекорну кутиб олди.
Икки давлат мадҳиялари янграгач, қирол Чарлз III ва Макрон «Номаълум аскар қабри» пойига гулчамбар қўйишди.
Маросимдан сўнг, қирол Чарлз III ва Макрон икки томонлама учрашув учун бир машинада Елисей саройига йўл олди. Улар иқлим, биологик хилма-хиллик, сунъий интеллект, шунингдек, Африка ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилиши айтилмоқда.
Учрашувдан сўнг, қирол Чарлз III расмий кечки овқатда иштирок этади, уни Макрон Версал саройида мартабали меҳмон шарафига беради.
Қирол Чарлз III Францияга 3 кунлик ташрифи доирасида 21 сентябр куни Франция парламентининг юқори қаноти бўлмиш Сенатда нутқ сўзлайди, сўнгра айни пайтда реставрация ишлари олиб борилаётган Нотр-Дам черковига ташриф буюради.
22 сентябр куни Чарлз III мамлакат жанубидаги Бордо шаҳрига боради. У ерда француз ва британиялик ҳарбийлар билан учрашади.
Эслатиб ўтамиз, Британия қиролининг 26-29 март кунларига мўлжалланган Францияга ташрифи ўша пайтда мамлакатда кучайган норозилик намойишлари туфайли қолдирилган эди.
Қирол Чарлз III Францияга охирги марта 2019 йилда, тахтга ўтиришдан олдин ташриф буюрган эди.
Мавзуга оид
03:11
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
14:42 / 21.12.2024
Чад Франциядан қўшинларини Рамазон ойигача олиб чиқишни талаб қилди
21:42 / 19.12.2024