Ўзбекистон | 07:05 / 22.09.2023
23915
2 дақиқада ўқилади

Чустда вояга етмаган болаларнинг заҳарланиши юз берди

Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст туманида боғча болалари заҳарлангани ва туман тиббиёт бирлашмасига юзга яқин бола олиб келингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик жами 71 нафар боланинг соғлигидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Бош прокуратура хабарига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Текшириш давомида вояга етмаган болаларнинг заҳарланиши сабаблари аниқланиши ва бу ҳақида қўшимча равишда хабар қилиниши айтилган. 

“Вояга етмаган болалар нимадан заҳарлангани ҳали номаълум бўлганлиги сабабли жамоатчиликдан нотўғри ва турли тахминларга асосланган хабарларни тарқатмасликларни сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, текшириш жараёни назоратга олинган. 

“Чуст туманида фавқулодда ҳолат эълон қилингани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилган маҳкама баёнотида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган.

Мавзуга оид