Жаҳон | 20:57 / 22.09.2023
12542
2 дақиқада ўқилади

Мариана ботиғи тубида янги вирус топилди

У том маънода тирик организмларнинг геномида омон қолиш ва биргаликда ривожланиш хусусиятига эга. 

Фото: American Society for Microbiology

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Мариана ботиғидаги 8900 метр чуқурликда янги бактериофагни топди. «Маълумотларимизга кўра, бу дунё океанидаги энг чуқур фаглардан биридир», деди тадқиқот гуруҳи аъзоси Мин Ван. 

Олимларнинг фикрича, vB_HmeY_H4907 деб номланган янги фаг икки занжирли ДНКга эга бўлган сифовирусларнинг мутлақо янги оиласини ифодалайди. У кўпинча чуқур денгиз сувларида ва гидротермал тешикларда жойлашган Halomonas бактериялар гуруҳини зарарлайди. 

Фаглар ва мезбон бактериялар кўпинча биргаликда эволюцияга учрагани сабабли, тадқиқотчилар янги фаг ДНКсининг геном таҳлилини ўтказди. 

Таҳлил натижаларига кўра, вирус лизоген хусусиятга эга - у ўз геномини мезбон геномига киритади, яъни бактериал ҳужайра бўлинганда вируснинг генетик материали ҳам кўчирилади ва янги ҳужайраларга ўтказилади. 

Ушбу ДНК алмашинуви иккала организм ҳам сув остидаги шундай оғир шароитларда қандай омон қолганини тушунтириши мумкин, бу эса биргаликда эволюция қилганини англатади. Бироқ, бу имкониятни тўлиқ ўрганиш учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади. 

Энди олимлар бошқа экстремал муҳитларда янги вирусларни қидиришни давом эттирмоқчи, бу уларнинг табиати, чуқур денгиздаги ва ундан ташқаридаги микроблар ҳаёти ҳақидаги тушунчаларни кенгайтиришига умид билдирилмоқда.

Мавзуга оид