Жаҳон | 09:04 / 23.09.2023
6047
4 дақиқада ўқилади

Ереванда намойишчилар Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда

Полиция бир кун давомида 100 га яқин намойишчини қўлга олди. Аввалроқ арман мухолифати Никол Пашинян ва унинг ҳукуматини ҳокимиятдан четлатиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи миллий қўмита ташкил этилишини эълон қилган эди.

Фото: Sputnik / Асатур Есаянц

Арманистон пойтахтида 22 сентябр, жума куни кечқурун Озарбойжоннинг Қорабоғдаги ҳарбий амалиёти фонида навбатдаги норозилик намойиши бўлиб ўтди. Ереван марказида Республика майдонидаги митингга мингга яқин одам йиғилди, деб хабар беради DW мухбири. Намойишчилар бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилди.

Кеча кун давомида шаҳардаги намойишларда 98 киши қўлга олинди, дея аниқлик киритмоқда «Интерфакс» Арманистон полициясига таяниб. Куннинг биринчи ярмида қўлга олинганлар орасида мамлакат иккинчи президенти Роберт Кочаряннинг ўғли Левон Кочарян ҳам бор. Унинг адвокати айтишича, полиция кичик Кочарянни қўлга олиш вақтида калтаклаган ва у касалхонага олиб кетилган. Бундан ташқари, намойиш етакчиларидан бири, собиқ мухолифат депутати Андраник Теванян вақтинча ушланган. 

Парламентдаги мухолифат бош вазирга импичмент эълон қилиш жараёнини бошламоқчи

Аввалроқ арман мухолифати Никол Пашинян ва унинг ҳукуматини ҳокимиятдан четлатиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи миллий қўмита ташкил этилишини эълон қилган эди. «Дашнакцутюн» партияси вакили Ишхон Сагателян парламент мухолифати вазирлар маҳкамаси раҳбарига импичмент эълон қилиш жараёнини бошлашини айтди. 

Озарбойжон Қорабоғда ҳарбий операция бошланганини эълон қилганидан кейин, 19 сентябр куни бош вазир Пашинян истеъфосини талаб қилган намойишлар кузатилди. Намойишлар вақти-вақти билан полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Намойишчилар, жумладан, Ереваннинг бир қатор марказий кўчалари бўйлаб транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди. Митингларга бир қанча олий ўқув юртлари талабалари қўшилди. Бундан ташқари, норозилик намойишлари Россиянинг Арманистондаги элчихонаси олдида бўлиб ўтди. 

Озарбойжоннинг Қорабоғдаги операцияси 

19 сентябр куни эрталаб Озарбойжон Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлари»ни эълон қилди ва тан олинмаган республика ҳудудини, жумладан, унинг пойтахти Степанакертни ўраб ола бошлади. Боку арман қўшинларини олиб чиқиб кетишни ва минтақадаги «режим ўзгаришини» талаб қилишини билдирди. 

Эртаси куни томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Келишув доирасида арман ҳарбийлари Россия тинчликпарвар контингентини жойлаштириш зонасидан олиб чиқилади, «Қорабоғ мудофаа армияси» қўшинлари тарқатиб юборилади ва тўлиқ қуролсизлантирилади, оғир ҳарбий техника ва қурол-яроғлар Қорабоғ ҳудудидан олиб кетилади. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Бокунинг минтақадаги мақсадларига эришганини маълум қилди. 

Арманистон томонига кўра, отишма давомида камида 200 киши ҳалок бўлган, яна 400 киши яраланган. Бундан ташқари, бир неча россиялик тинчликпарварлар ҳалок бўлди. 

Қорабоғ аҳолиси Арманистонга кетиши мумкин 

22 сентябр куни Арманистон бош вазири Қорабоғга йирик ҳуманитар юклар партиясини етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланганини эълон қилди. Арманистон ҳукумати минтақадан қочқинларни қабул қилишга тайёргарлик кўришда давом этмоқда. Пашиняннинг сўзларига кўра, Қорабоғни тарк этадиган одамлар учун республикада 40 мингдан ортиқ ўрин тайёрланган. 

Мавзуга оид