Спорт | 14:21 / 26.09.2023
7408
2 дақиқада ўқилади

Ҳангжоу-2022. Музаффарбек Тўрабоев – Осиё Ўйинлари чемпиони!

Ўзбекистон дзюдо миллий жамоаси делегациямизга навбатдаги олтин медални тақдим этди.

Фото: МОҚ

Осиё Ўйинларидаги байроқдоримиз Музаффарбек Тўрабоев дзюдо бўйича -100 кг вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг Осиё Ўйинлари-2022даги бешинчи олтин медали соҳибига айланди.У қизиқарли кечган финал баҳсида мўғулистонлик Гончигсурен Батхуягни мағлубиятга учратди.

Музаффарбек Тўрабоев чоракфиналда туркманистонлик спортчини, яримфиналда эса Қозоғистон вакилини мағлуб этиб финалга чиққанди. 

Маълумот учун, ҳозиргача дзюдочилардан икки спортчи олтин медалга эга чиққанди. Дастлабки кунда Диёра Келдиёрова Осиё Ўйинлари-2022 ғолибига айланган бўлса, душанба куни Муроджон Йўлдошев чемпионликка эришганди. Давлат Бобонов бугун кумуш медалига эга чиққанди. Вакилларимиз дзюдо бўйича ҳозирча умумжамоа ҳисобида жами 7та медал (3та олтин, 1та кумуш, 3та бронза) билан Япониядан кейинги 2-ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этиш жоиз, Тўрабоевнинг олтин медали Ўзбекистоннинг Осиё Ўйинлари-2022даги 20-медалига айланди. Делегациямиз ҳозирча 5та олтин, 6та кумуш ва 9та бронза медалига эгалик қилиб, умумжамоа ҳисобида 4-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид