Ўзбекистон | 19:18 / 27.09.2023
24159
7 дақиқада ўқилади

Аварияларга сабаб бўлаётган “ҳайвонлар”: йўл синов майдони эмас

Учқудуқ туманида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган икки машинанинг тўқнашиб кетиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди. ЙТҲ содир бўлган жойда йўл четига сигир макети ўрнатилган. Огоҳлантирув мақсадида ўрнатилган бу каби макетлар тунги вақтларда ҳайдовчилар учун хавфга айланаётган бўлиши мумкин. 

Фото: Kun.uz

“Навоий-Зарафшон-Учқудуқ” йўлининг катта қисми чўл ҳудудидан ўтган. Қизилқум чўлининг бу қисмида чорва моллари кўп учрайди ва улар эркин қўйиб юборилган ҳолда боқилади. Шу сабабли, кутилмаганда йўлдан қўй, от, туя ёки қорамол ўтиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу эса ҳайдовчилар учун доим хавф бўлиб келган.

Ушбу йўлда уй ҳайвонлари билан боғлиқ автоҳалокатлар кўп учраб туради. Уларнинг айримлари инсонларнинг ўлими билан якунланган

Шу сабабли, мазкур йўлнинг чўл ҳудудидан ўтган қисмида уй ҳайвонлари шаклидаги ўнлаб макетлар ўрнатиб чиқилган.

Аммо ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун ўйлаб топилган бу “инновацион” ғоянинг фойдасидан зарари кўп бўлиши мумкин.

“Қотил” макет

Ҳайвон кўринишидаги макетлар ҳайдовчиларни огоҳлантиришдан кўра кўпроқ чалғитади. Бу чалғитиш айниқса тунги вақтларда каррасига ошади: “ҳайвонлар” гўёки йўлга чиқиб келаётгандек ҳолатда қўйилган. Табиийки, унга кўзи тушган ҳайдовчида йўлга ҳайвон чиқиб келаяпти, деган тасаввур уйғонади. Ҳайдовчи онгли равишда ҳайвонни уриб юбормаслик учун ундан қочиш мақсадида рулни қарама қарши томонга буради. Айни шу вазиятда қарама-қарши томонидан машина келаётган бўлса, тўқнашув содир бўлади.

Икки кун олдин Учқудуқ туманида уч кишининг ўлими билан якун топган ЙТҲ содир бўлди. Nexia ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланган. Оқибатда икки машина тўқнашиб кетган.

ЙТҲ содир бўлган жойда йўл четига сигир макети ўрнатилган. 

Kun.uz’да мавжуд бўлган маълумотга кўра, ЙТҲ содир бўлган жойда йўлнинг умумий кенглиги 15 метрни, қатнов қисмининг кенглиги 9 метрни ташкил этади. Йўлнинг ушбу оралиғи шу йил май ойида таъмирланган. Демак, ҳайдовчи кутилмаганда бошқарувни йўқотиши учун учта вариант бор: техник носозлик, ухлаб қолиш ёки нимадандир чалғиш. Бу бошқарувни йўқотган ҳайдовчини сигир макети чалғитган бўлиши мумкин, деган тахминни юзага чиқаради.  

“Инновацион” ажал

Навоийда йўлни тажриба майдонига айлантириш оддий ҳол: янги “инновация” ўйлаб топилади ва мутахассислар хулосаси олинмасдан, экспертлар фикри ўрганилмаган ҳолда дарҳол йўлда синаб кўрилади. Ҳайдовчилар эса бевосита мазкур “тажриба” иштирокчиларига айланади.

Масалан, 2022 йилнинг ноябр ойи бошида “Навоий-Зарафшон-Учқудуқ” йўлининг кимсасиз чўл зонасида йўл четига антиқа макет ўрнатилди. У кўп ҳолларда ажални тасвирлашда ишлатиладиган кўриниш – қўлида катта чолғи тутган, қора кийимли одам шаклида эди. Ушбу макет ўша куниёқ ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Эътирозлар ўринли эди: кимсасиз чўл ҳудудида ярим тунда машина ҳайдаб келаётган ҳайдовчи ушбу макетга кўзи тушиб, қўрқиб кетиши табиий. Кутилмаганда келган қўрқув эса катта тезликда машина бошқариб келаётган инсонни чалғитиб, авария ҳолатини юзага келтириши ҳеч гап эмас.

Эътирозлардан сўнг “ажал” макети олиб ташланди.

“Йўл белгилари бор, макетга ҳожат йўқ”

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги эксперт Носиржон Зокировга кўра, уй ҳайвонлари кўринишидаги макетлар ҳайдовчиларни тун вақтида чалғитиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ўқидим. Яна ўша стандарт формулировка – ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши ҳаракатланиш томонига ўтиб кетган ва рўпарадаги транспорт воситаси билан тўқнашган. Натижада уч нафар йўловчи ҳаётдан кўз юмган.

Мазкур тўқнашув содир бўлган жойдан олинган фотосуратда йўлнинг четига ўрнатилган сигир макетини кўриш мумкин. Савол – бу нима? Нима учун бундай макет ўрнатилган? Қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатда бирорта ҳайвоннинг макетини ўрнатиш белгиланган? Шу каби ўрнатилган макетлар ҳайдовчиларни, айниқса сутканинг қоронғи вақтида чалғитмайдими?

Аслида амалдаги йўл ҳаракати қоидаларида огоҳлантирувчи белгилар гуруҳига мансуб бўлган 1.24, яъни “Мол ҳайдаб ўтиш” белгиси мавжуд. Демак, уй ҳайвонлари йўлни кесиб ўтиш мумкин бўлган жойлардан олдин ҳайдовчиларни огоҳлантириш мақсадида шу йўл белгиси ўрнатилиши керак. Ёки ёввойи ҳайвонлар йўлни кесиб ўтиши мумкин бўлган эҳтимолий жойлар олдидан 1.25 – “Ёввойи ҳайвонлар” белгиси ўрнатилади. Агар мазкур огоҳлантирувчи белгилар талаб даражасида ўрнатилса, бошқа ҳеч қандай макетларни ўрнатишга ҳожат қолмайди.

Қолаверса, йўл белгиларининг ташқи сирти ёруғлик қайтарувчи элемент билан қопланганлиги боис уни узоқ масофадан кўриш имконияти мавжуд бўлади”, дейди Носиржон Зокиров.

Экспертнинг қўшимча қилишича, йўлларнинг хавфсиз инфратузилмасини яратишда ҳеч қандай майда-чуйда, эътибордан четда қоладиган нарсалар мавжуд эмас. Йўл белгилари ва чизиқларининг етишмаслиги, йўлларнинг ёритилмаганлиги, ўрнатилган светофорларнинг яхши кўринмаслиги қаторида, йўлларда ўрнатиладиган, ҳайдовчиларни чалғитадиган ҳар хил паннолар, рекламалар ва макетлар йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқариши мумкин.

Тунда хавфга айланади 

Тунда ҳайдовчининг йўлни кўриш имконияти чекланади. Айниқса, “Навоий-Зарафшон-Учқудуқ” йўли асосан чўл ҳудудидан ўтганлиги сабабли сунъий ёритилмайди.

ИИВ ЖХД ЙҲХ хизматининг маълум қилишича, тунда ҳайдовчи йўлдан ўтаётган пиёданинг кийган кийимига қараб турли масофада кўриши мумкин. Бу масофа қора рангли кийимда 18 метрни, қизил рангли кийимда 24 метрни, сариқ рангли кийимда 37 метрни, оқ рангли кийимда эса 55 метрни ташкил қилади.  

Демак, сунъий ёритилмаган чўл ҳудудида ярим тунда машинасини катта тезликда бошқараётган ҳайдовчи йўл четида ўрнатилган ҳайвон макетини нари борса 30-40 метр масофадан илғаши мумкин. Айниқса, макет шу турдаги ҳайвон саксовул орасидан чиқиб келаётгани каби ўрнатилган бўлса, ҳайдовчи шошиб қолиб, кескин тормоз бериши ёки аварияли ҳолатни юзага келтириши ҳеч гап эмас.

Хориж давлатлари йўлларида ҳам Навоийдаги каби уй ҳайвонлари макети деярли учрамайди. Кутилмаганда йўлни уй ҳайвонлари кесиб ўтиши мумкин бўлган ҳудудларда огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилади холос.

Аслида, шунинг ўзи етарли. Ортиқча “инновация” тунги вақтда, айниқса сунъий ёритилмайдиган чўл зонасида ҳайдовчини фақатгина чалғитиши ёки қўрқитиши мумкин.   

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид