Ўзбекистон | 08:11 / 28.09.2023
4620
2 дақиқада ўқилади

Лазиз Қудратов ОИИБ бошқарув кенгаши раиси этиб сайланди

Осиё инфратузилмавий инвестиция банки бошқарувчилар кенгашининг 8-йиллик йиғилишида Ўзбекистон вакили бошқарув кенгаши раиси этиб сайланди.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон делегацияси 25 сентябр куни Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида бошланган Осиё инфратузилмавий инвестиция банки бошқарувчилар кенгашининг 8-йиллик йиғилишида иштирок этди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 25-26 сентябр кунлари «Инфратузилма соҳасида инвестициялар етишмовчилигини бартараф этишда халқаро молия институтларининг роли» ва «Марказий Осиёнинг сув-энергетика муаммоси: Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш» мавзуларида сессиялар бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, банк бошқарувчилари ўртасида бизнес-сессия ўтказилди. Унда инвестициялар, саноат ва савдо вазири, Ўзбекистондан ОИИБ бошқарувчиси Лазиз Қудратов сўзга чиқиб, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор конструктив таклифлар билдирди. Давлат ва хусусий лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини ошириш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини яратиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш таклиф этилди.

Ўзбекистоннинг банкнинг навбатдаги йиллик йиғилишини 2024 йил 25-26 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича таклифини маъқуллаш тўғрисида ОИИБ бошқарув кенгашининг қабул қилган қарори йиғилишнинг асосий масалаларидан бири бўлди.

Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон вакили Лазиз Қудратов ОИИБ бошқарув кенгаши раиси этиб сайланди.

Мавзуга оид