Ўзбекистон | 05:47 / 28.09.2023
136409
5 дақиқада ўқилади

Сергелида кучли портлаш рўй берди. Асосий маълумотлар

Айни вақтда ёнғинни ўчириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса «Самолёт қулаши оқибатида содир бўлгани» ҳақидаги хабарлар рад этилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада кучли портлаш оқибатида йирик ёнғин рўй берди. Ўзбекистон ФВВ вазият юзасидан дастлабки маълумотларни тақдим этди.

«Бугун, 28 сентябр куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган. 

Шунга кўра, 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон соат 02:48 да ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб бориб, ҳозирда ёнғинни ўчириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ёнғин оқибатида фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари бўйича ҳозирча маълумот келиб тушмади.

Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади», дейилган хабарда.

  • ФВВ ёнғин соат 05:02 да қуршаб олингани, ёнғин майдони қисқартирилиб борилаётгани ҳақида хабар берди. 

ФВВ Сергели туманидаги ҳодиса «Самолёт қулаши оқибатида содир бўлгани» ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этган.

«Айрим ижтимоий тармоқларда Сергели туманидаги ҳодиса «Самолёт қулаши оқибатида содир бўлган» мазмунидаги фейк хабарлар тарқалмоқда. Бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ёнғин ҳодисаси «Inter Logistics» МЧЖга қарашли омборхонада содир бўлган», дейилган хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, портлаш оқибатида жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиалига олиб келинган.

«Ҳозирга қадар улар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Айни пайтда шифокорлар томонидан жабрланганларга барча керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади хабарда.

Ёнғин оқибатида воқеа жойи ва унинг атрофидаги хонадонларда жароҳатланганларга ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилаётгани маълум қилинган.

ИИВ жабрланганлар сонига аниқлик киритилаётгани ҳақида хабар берди.

Божхона қўмитаси ушбу омбор тадбиркорлик субъектига тегишли бўлиб, Божхона қўмитаси вакиллари ҳам воқеа жойида бўлиб тургани ҳақида хабар берди. Ёнғин сабаблари тегишли идоралар билан ҳамкорликда ўрганилиб қўшимча маълумот эълон қилиниши айтилган.

Uzbekistan Airports Тошкентдаги портлаш пойтахт аэропорти фаолиятига таъсир қилмагани, халқаро аэропорт чекловларсиз, одатий режимда ишлаётгани ҳақида хабар берди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги вазият назорат остида эканини маълум қилди. Воқеа жойига етиб борган шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов Қурувчи массивидаги портлашда жабрланган уй эгаларига етказилган зарар қопланишини маълум қилди. «Моддий зарар 2-3 кун ичида қопланади, бу муаммоларни ҳал қиламиз», деган у.

«Тошкент метрополитени» Сергелидаги портлаш натижасида ҳудудга яқин бўлган метрополитеннинг Ер усти ҳалқа йўлининг «Қурувчилар» бекатининг меъморий қисмига енгил шикаст етгани, бу ҳолат йўловчи ва поездлар ҳаракатига таъсир кўрсатмагани ҳақида хабар берди.

Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган. Ёнғинни бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам бериш ва зарарни қоплаш бўйича тезкор тегишли чоралар кўрилмоқда. Ёнғинни ўчириш ишларига Мудофаа вазирлиги вертолёти жалб этилган.

Interlogistics корхонасига эгалик қилувчи Халқаро логистика маркази (United Cargo Center) маълум қилишича, портлаш рўй берган омборхонада портловчи ва ёнувчи моддалар бўлмаган, портлаш оқибатида омборхона ходимларидан ҳеч ким жабрланмаган.

Сергели тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, омборхонада рўй берган кучли портлаш оқибатида камида 1 киши ҳалок бўлган. Кейинроқ Ўзбекистон ССВ ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаб, яна 163 киши турли даражада тан жароҳатлари олгани ҳақида хабар берди.

Ҳукумат комиссияси тузилди, унга бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилик қилади.

ИИВ Тергов департаменти томонидан ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид