Ўзбекистон | 06:04 / 28.09.2023
48200
2 дақиқада ўқилади

Сергелидаги ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар бор

ССВ ҳодиса жойида ва унинг атрофидаги уйларда жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, ИИВ жабрланганлар сонига аниқлик киритилаётгани ҳақида хабар берди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги омборхонада рўй берган портлаш оқибатида жароҳатланганлар шифохоналарга олиб келинмоқда. ССВ матбуот хизмати ҳолат юзасидан дастлабки маълумотларни тақдим этди.

«Бугун, 28 сентябр куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани «Қурувчилар» даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлган.

Ушбу ёнғин оқибатида жароҳатланганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилоят филиалига олиб келинган. 

Ҳозирга қадар улар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Айни пайтда шифокорлар томонидан жабрланганларга барча керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Даволаш муассасаларида тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокорларимиз ва барча зарур дори-дармон захираси яратилган. Ёнғин оқибатида воқеа жойи ва унинг атрофидаги хонадонларда жароҳатланганларга ҳам шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади», дейилади хабарда.

Ўзбекистон ИИВ ҳам ҳолат юзасидан маълумот берган.

«Жорий йилнинг 28 сентябр куни соат 03:00 да ФВВ Тошкент шаҳар бошқармаси навбатчилик қисмидан тушган хабарга кўра, Сергели тумани Қипчоқ кўчасида жойлашган «Интер Логистика» МЧЖга тегишли омборхонада чақнаш оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин майдони ҳамда жабрланувчилар сони ҳақидаги маълумотларни аниқлаш чоралари кўрилмоқда. 

Ҳодиса содир бўлган жойда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда  соҳавий хизмат ходимларининг шахсий таркиби, ФВВнинг 12 та автоцистерна ва 4 та махсус жиҳозланган автомашинаси, тез-тиббий ёрдам ходимлари ишламоқда», дейилган хабарда.

Мавзуга оид