Ўзбекистон | 11:09 / 28.09.2023
21967
2 дақиқада ўқилади

Сергелидаги портлаш оқибатида 163 киши жароҳатланган — ССВ

Жароҳатланганларнинг 24 нафари турли ҳудудлардаги олти шифохонага жойлаштирилган. Қолган қисмига саломатлиги яхши бўлгани учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.  

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар Сергели тумани Қурувчилар даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли портлаш оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 163 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ушбу ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилди», дейилади хабарда. 

Қолган 138 кишининг саломатлиги яхши бўлгани учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.  

Вазирлик ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир ўсмир воқеа жойида вафот этганини тасдиқлаган. У шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган. 

«Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли. 

Беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби республикамизнинг энг етакчи мутахассислари жалб қилинган. 

Даволаш муассасаларида тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур дори-дармон захираси яратилган», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид