Ўзбекистон | 15:03 / 28.09.2023
21489
2 дақиқада ўқилади

Сергелидаги ёнғин 8 соат давом этган — ФВВ

Сергелидаги омборхонада чиққан ёнғин 8 соат давом этган, уни бартараф этиш ишларига ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ФВВ Сергели туманида содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисида қўшимча маълумот берди.

Маълум қилинишича, соат 2:48 да воқеа жойига етиб келган ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 05:02 да ёнғинни қуршаб олган, соат 10:47 да батамом ўчирилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида фавқулодда вазиятни ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.

Ёнғин жойига Ўзбекистон бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи А.Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.

Воқеа жойида тегишли ташкилот ва хизматлар ҳамкорлигида тезкор штаб ташкил этилди. 

Ёнғинни бартараф этиш ишларига ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинди. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра, 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди.

Вазият тўлиқ назоратга олиниб, ҳозирда унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Содир бўлган ёнғин юзасидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари Тошкент шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Мавзуга оид