Баҳодир Жалолов Осиё ўйинлари финалига чиқди
У хитойлик боксчини нокаутга учратди. Финалда қозоғистонлик Қўнқабаевга қарши жанг кутмоқда.
Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов Осиё ўйинлари финалига йўл олди.
Энг оғир вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жалолов яримфиналда хитойлик Байикевузи Данабиекени 1-раунднинг илк дақиқасидаёқ нокаут билан мағлубиятга учратишга эришди.
Бу орқали у Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини ҳам ҳал қилди, бу унинг фаолиятидаги учинчи Олимпиада бўлади.
Жалолов турнирдаги биринчи жангида ҳам тожикистонлик Муҳаммад Абрординовни нокаутга учратганди. У энди 5 октябр куни азалий рақиби, қозоғистонлик Қамчибек Қўнқабаевга қарши олтин медал учун жанг қилади.
Ўзбекистонлик боксчи жангдан кейин Sport телеканалига берган интервюсида ҳаваскор ва профессионал бокс орасида ҳаракатланиш қийин бўлаётгани, Париж-2024 Олимпиадаси унинг ҳаваскор боксдаги сўнгги турнири бўлиб қолишини билдирган.
«Тан олишим керак, қийин бўляпти. Чунки биз у ёқда 8-10 раундлик жангларга тайёргарлик кўрамиз, у ёқда сал секинроқ, оёқда туриб ҳаракатланиш керак. Лекин ҳаваскорда уч раундда кўп нарса ҳал бўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун биз иложи борича барчасини шу вақт ичида якунлашимиз керак.
Шу нарсага мослашишим сал қийин бўляпти. Осиё ўйинларидан икки ой олдин келиб, уч раундлик жангларда тайёргарлик кўрдим, ўргандим, анча ўзимга келиб олдим. Лекин барибир бу жуда қийин иш.
Худо хоҳласа, Олимпиадага бораман, Олимпиада ўйинлари ҳаваскор боксдаги охирги фаолиятим бўлиши керак», деган боксчи.
Мавзуга оид
08:47 / 22.12.2024
Усик Фюрини яна енгди
21:57 / 18.12.2024
Фюри ва Усик бокс жангида илк марта сунъий интеллектга асосланган ҳакам бўлади
04:18 / 15.12.2024
Муроджон Аҳмадалиев нокаут билан ғалаба қозониб, камар соҳибига айланди
15:42 / 13.12.2024