Ўзбекистон | 20:14 / 04.10.2023
12006
5 дақиқада ўқилади

Тўлов интизоми муаммоси: Тошкентда сув таъминоти ходимларига тажовуз қилинди

“Ўзсувтаъминот” Тошкент шаҳрида сувдан қарздорлиги бор хонадон эгаларининг сув таъминоти корхонаси ходимларини ҳақоратлаб, уларга таҳдид қилаётган тарсвирларини эълон қилди. Компания хабарига кўра, бу истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракатларига тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари баҳо бермоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тасвирлардан кўриниб турибдики, хонадонлар сув учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган, натижада анчагина қарз бўлиб кетган, бугунги кунда тўлаш малол келяпти.

Бизнингча, бундай муносабатга сабаб – сув таъминоти корхонаси (газ ва электр ҳам) ходимлари орган ходими эмас. Одамлар айнан шу сабабли уларни назар-писанд қилмасдан, бемалол ҳақорат қилиш ва уриш мумкин, деб ўйлашади. Ҳарқалай, бу касб эгалари уруш ва сўкиш ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатишдек оғир оқибат келтириб чиқарадиган МИБ ходими эмас, улар бу қилмиши учун жиноий эмас, маъмурий жавобгарликка тортилишади.

Электр ва газдан фарқли ўлароқ, сув ҳисоблагичлари онлайн бошқариш функциясига эга эмас. Газ ёки электрдагидек, пули олдиндан тўланмаган бўлса ва қарздорлик ҳосил бўлса сув таъминотини узиб ҳам бўлмайди. Ҳаттоки шунчаки бориб, сув қувурини қўлда узиш ҳам осон эмас: жуда кўп жойда қувурлар ер остидан тортилган. Кўп қаватли уйларда ҳам сувдан узиш осон иш эмас – қувурлар хонадоннинг ичидан ўтган, буни амалга оширишга қарздор хонадон эгалари албатта йўл қўйишмайди.

Айни пайтда сув таъминоти учун тарифлар кўп жойларда оширилган: 1 метр куб сув учун тўлов миқдори турли ҳудудларда 1500–2000 сўм атрофида. Оқова учун ҳам жойига қараб шу миқдорнинг 50–100 фоизи қўшимча ҳисобланади.

Албатта, сув учун ойма-ой тўлов амалга оширилса, бу оила бюджетига таъсир кўрсатмайди. 2-3 йилдан буён йиғилиб ётган қарздорликда ҳисоблагич кўрсаткичига кўра тўпланган қарздорлик бугунги кундаги актуал тариф нархларида ҳисобланади. Чунки ўтган йилларда айнан қанча сув ишлатилганини аниқлашнинг имкони йўқ. Масалан, 3 йил аввал сувнинг бир метр куби 500 сўм, бугун 1500 сўм бўлса, уч йил давомида ишлатилган ва пули тўланмаган сув ҳажмининг барчаси 1500 сўмдан ҳисобланади.

Ўз-ўзидан, бу жуда катта қарздорлик суммаси келиб чиқишига сабаб бўлади ва одамларнинг тўлагиси келмайди.

Бундай вазиятда сув таъминоти корхонаси абонентни судга бериши ва қарздорлик суммасини МИБ орқали ундиришдан бошқа иложи қолмайди. МИБ эса пулни қандай қилиб ундиришни билади.

Бундай вазият юзага келишига коррупцион омилларнинг ҳам таъсири бор. Одамлар миллионлаб қарз бўлса ҳам “200-300 минг сўм пора эвазига ҳисоблагич кўрсаткичини ортга қайтариб, қарзни йўқ қиламан”, деб ўйлайди. Афсуски, сув таъминоти корхоналарининг шундай “хизмат” кўрсатувчи ходимлари ҳам бор. Одамлар ҳам буни яхши билишади.

Қолаверса, айрим жойларда сув таъминоти ходимларига сув учун нақд тўлов қилиб, квитанция олмаган одамлар ҳам бор. Ўтган 2-3 йил ичида инспектор ўзгаради, тўловлар кассага кирим қилинмаган, қарздорлик сақланиб, бугунги кун нархида янада каттароқ сумма кўринишига келган бўлади. Бу ҳам айрим истеъмолчиларнинг эътирозига сабаб бўлади.

Худди мана шу коррупцион омил айниқса ҳовли жойларда турувчиларнинг сувдан хўжасизларча фойдаланишига замин яратади: улар машина ва гилам ювишади, ёзда бассейн тўлдиришади, ҳовли ва кўчаларга шилта қилиб сув сепишади. Айримлар эса газон ва дарахтларни суғоришади.

Албатта, сувни тежаб ишлатиш, унинг учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш истеъмолчилик маданияти юқори бўлган инсонларга хос қадриятга айланиши лозим.

Ҳозир газ ва электр таъминотида қарздорларни автоматик тармоқдан узиш тизими муваффақиятли қўлланилмоқда. Сув ҳисоблагичларининг ҳам автоматик ҳисоб юритувчи ва маълумотларни тизимга узатувчи замонавийлари бор. Агар тўлов интизоми шаклланмас экан, хонадонларга ана шундай ҳисоблагичлар ўрнатишдан бошқа илож қолмайди.

Коммунал соҳада тартиб бўлиши шарт. Қолаверса, ўз хизмат вазифасини амалга ошираётган сув, газ, электр таъминоти ходимларига тажовуз учун ҳам алоҳида оғирроқ жазо белгилаш учун фурсат етган. Булар сирасига халқ билан ишловчи ва турли зўравонликларга дуч келаётган ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини ҳам қўшиш мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Мавзуга оид