Иқтисодиёт | 20:31 / 06.10.2023
25005
2 дақиқада ўқилади

Humo карталари ишлашида бир неча кунлик носозликлар кузатилди

Марказий банк вазиятдан хабардор эканини маълум қилиб, тўлов тизими операторини зарур чоралар кўришга чақирди. Компания ўз баёнотида носозлик фақат онлайн тўловлар ва пул ўтказмаларига тааллуқли экани, терминаллар ва банкоматлардаги амалиётлар бўйича муаммо бўлмаганини билдирди.

Фото: Humocard.uz

Сўнгги кунларда Humo карталари эгалари тизим ишлаши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Тўлов тизими бу борадаги илк ахборотини 4 октябр, чоршанба куни эълон қилди. Расмий релизда SMS-хабарнома хизматидаги муаммо сабаб “аксарият Humo карталари фойдаланувчилари” мобил иловаларида тўлов ва пул ўтказмаларини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келаётгани тасдиқланди ва бу борада мутахассислар иш олиб бораётгани айтилди. Шу куни компания SMS-хабарнома билан боғлиқ “барча носозликлар бартараф этилгани”ни маълум қилиб, ноқулайлик учун мижозлардан узр сўради.

5 октябр куни Humo яна бир баёнот чиқариб, муаммо “фақат банк ва тўлов иловаларида” кузатилгани, “Humo терминаллари ва банкоматларига таъсир қилмагани”ни билдирди ҳамда фойдаланувчиларни терминал ишламаётганини айтган сотувчилар устидан солиқ органларига шикоят қилишга чақирди.

Марказий банкнинг 6 октябр кунги ахборотида айтилишича, Humo карталарининг “айрим фойдаланувчилари” тўловларни амалга оширишда, шунингдек, мобил иловалар орқали пул ўтказмаларини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Қайд этилишича, компания МБни бу вазиятдан хабардор қилиб, ҳодиса сабабларини аниқлаш учун барча зарурий чоралар кўрилаётганини билдирган. Ўз навбатида, Марказий банк вазиятни барқарорлаштириш учун зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар берган.

Мавзуга оид