Ўзбекистон | 20:15 / 09.10.2023
7878
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимига ўтиш масаласи муҳокамаси бошланди 

Энди депутатлар сайлови мажоритар ва пропорционал тизими асосида ўтказилиши мумкин. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини муҳокама қилдилар. 

Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. 

Хусусан, Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайловини аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказиш тартибини киритиш таклиф этилмоқда. Шунда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилади. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланади. 

Шунингдек, сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари тизимини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари сонини тўққиз нафарга тушириш, унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлиши белгиланмоқда. Шу билан бирга, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг ваколатларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда. 

Депутатлар Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар биринчи навбатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясини амалиётга тўғри жорий этишга хизмат қилиши ва бу орқали қатор қонунчилик меъёрлари мувофиқлаштирилишини таъкидлаб ўтган. Таклиф ва фикр-мулоҳазалардан сўнг Конституциявий қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан маъқулланган. 

Мавзуга оид