Спорт | 21:10 / 14.10.2023
26610
2 дақиқада ўқилади

ЦСКА клубининг ўзбекистонлик футболчиси машғулотга 30 кг палов буюртма қилди

Россиянинг ЦСКА клуби аъзоси Иван Обляков жамоадоши, ўзбекистонлик Аббосбек Файзуллаев барчани палов билан меҳмон қилганини айтди.

Фото: ЦСКА

ЦСКА футбол клуби етакчиларидан бири Иван Обляков ўзбекистонлик Аббосбек Файзуллаевни жамоа қандай қабул қилгани ҳақида гапириб берди. Ёш легионер сентябр ойида «армиячи»ларнинг энг яхши футболчиси деб топилган эди.

— Уни қандай кутиб олишди? Истеъдодни дарҳол пайқадингизми?

— Биринчи машғулотлардан буни айтиш қийин эди ва унга вақт керак эди. Кейин у мослашди, биз уни яхши қабул қилдик, у билан мулоқот қиламиз, у яхши йигит. Унинг яхши фазилатлари бор, ҳаётда камтарин, лекин футбол майдонида унинг кўп ҳаракат қилаётганини, меҳнат қилаётганини кўриш мумкин. Ва у жамоага ёрдам бермоқда, албатта.

— Машғулотлардан бирига 30 килограмм ўзбек паловини олиб келгани ростми?

— Ҳа, яқинда шундай бўлди. Биз машғулот ўтказаётган эдик, у қаердандир палов буюрди. Битта катта қозонда палов олиб келишди, шунинг учун ҳаммамиз мазали тушлик қилдик.

Аббосбек Файзуллаев шу йилнинг август ойида Россия чемпионатига кўчиб ўтди. У «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 19 ёшли яримҳимоячи трансфери учун ЦСКА клуби «Пахтакор»га 500 минг евро тўлаши хабар қилинди. Файзуллаев ЦСКА билан «3+1» кўринишида шартнома имзолади.

ЦСКА клубидаги фаолияти давомида Файзуллаев «Ростов» дарвозасига гол урди, «Криля Советов»га қарши ўйинда Фёдор Чаловга голли узатма берди.

Мавзуга оид