Жаҳон | 10:27 / 16.10.2023
14781
3 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Аббос: Фаластин-Исроил можароси сиёсий ечим билан якунланиши керак

Фаластин миллий маъмурияти раҳбарининг таъкидлашича, асирга олинган тинч аҳолини озод қилиш керак.

Фото: Contributor/Getty Images

Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАС ҳаракатлари ва сиёсати Фаластин халқи манфаатларини акс эттирмаяпти, деди Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Венесуэла раҳбари Николас Мадуро билан телефон орқали мулоқоти чоғида. Сиёсатчилар ўртасидаги суҳбатдан парчаларни 16 октябр, душанба куни Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги эълон қилди.

Аббос ҳам фаластинликлар, ҳам исроилликлар ўртасида тинч аҳолининг ўлдирилишига қарши эканини билдирди, шунингдек, «ҳар икки томондан тинч аҳоли, асирлар ва қўлга олинганларни» озод қилишга чақирди, деб ёзади WAFA. Фаластин-Исроил можароси сиёсий ечим билан якунланиши керак, бунга эса, сиёсатчилар ўртасидаги суҳбатдан парчаларга кўра, зўравонликсиз йўл билан эришилади. 

Фаластин раҳбари, шунингдек, «халқнинг Ғазо секторидан кўчирилишини бутунлай рад этиши»га ишора қилиб, буни «фаластинликлар учун иккинчи Накба» (фаластинлик арабларнинг 1947-1949 йиллардаги араб-исроил уруши натижасида кетиши) деб атади. Ғазо секторида гуманитар йўлаклар очилиши, аҳоли сув ва дори-дармон билан таъминланиши керак, деди Аббос. 

Исроил Ғазо сектори жанубига сув таъминотини тиклади 

Исроил энергетика вазири Исраэл Кац 15 октябр куни мамлакат расмийлари АҚШ президенти Жо Байден билан музокаралардан сўнг Ғазо сектори жанубида аҳолини эвакуация қилишга ёрдам берадиган сув таъминотини тиклашга келишиб олганини айтди. 

Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) бир кун аввал Ғазо секторида қуруқликда кенг кўламли операция ўтказишга тайёрланаётганини тасдиқлади. ЦАХАЛ вакиллари баёнотига кўра, бу ҳаракатлар фақат Исроил таъкидлаётган Ғазо сектори шимолидан жанубга тинч аҳолини эвакуация қилиш зарурати туфайли кечиктирилмоқда. 

Байден фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади, аммо ҲАМАС иштирокисиз 

Яқин Шарқдаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун ҳали имкон бор ва Фаластин халқи ўз ҳокимиятига эга чиқиши, «Фаластин давлатига йўл бўлиши керак», аммо можаро кескинлашувининг янги босқичи ҳисобга олинса, бу ечимга ҳозирча эришиш мумкин эмас, деди АҚШ президенти Жо Байден. 

Шу билан бирга, Америка етакчисининг таъкидлашича, ҲАМАС фаластинликларнинг манфаатларини ифодаламайди ва Исроил, эҳтимол, «Фаластин халқининг муҳим қисми ҳаракат позициясига қўшилмаслигини» тушунади. Гуруҳнинг ўзи, Байденга кўра, «бутунлай йўқ қилиниши» керак ва Исроил буни қилишга ҳақли. 

Мавзуга оид