Ғазода шифохонага ракета зарбаси. Сўнгги маълумотлар
ҲАМАС ҳодисада Исроилни айблаган. ЦАҲАЛ шифохона ҳудудига тушган ракета «Ислом жиҳоди» томонидан учирилганини айтмоқда.
17 октябр куни кечқурун Ғазодаги Ал-Аҳли баптистлар шифохонасида рўй берган портлаш оқибатида юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлди ва яраланди. Шифохона ҳудудидаги черковда Ғазо исроиллик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида ўз уйларини тарк этган фаластинликлар учун бошпана ҳам жойлашганди.
Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати шифохонага зарба учун айбни Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) зиммасига юклаган. Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлиги дастлаб 300 га яқин киши ҳалок бўлганини хабар қилганди. Кейинроқ қурбонлар сони 500 дан ортиқлиги ҳақида хабар пайдо бўлди. Вазирлик маълумотига кўра, яна юзлаб кишилар харобалар остида қолиб кетган бўлиши мумкин. Қурбонлар сони бўйича аниқ расмий рақам йўқ. Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Ал-Аҳлидаги фожиа туфайли уч кунлик мотам эълон қилган.
Ҳарбий таҳлилчилар ва экспертлар Ғазодаги касалхонага Америкада ишлаб чиқарилган JDAM ракетаси билан зарба берилганини аниқлашган. Бу ҳақда турли давлатлардан ўнлаб йирик экспертлар баёнот берган. Американинг JDAM ракетасининг ўзига хос сифати унинг товуши ҳисобланади. Ракета жуда катта тезликда учгани ва маълум бир шаклга эга бўлгани учун унинг товушини бошқа ракеталардан осон фарқлаш мумкин.
ЦАҲАЛ эса Ғазо секторидаги шифохоналар бўйлаб зарбалар бермаётганини маълум қилган. Исроил ҳарбийларига кўра, портлаш «Ислом жиҳоди» гуруҳининг Ал-Аҳли шифохонаси яқинида муваффақиятсиз ракета учириши оқибатида содир бўлган.
ЦАҲАЛ матбуот хизмати ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фаластинликлар Исроил томон ракета учириши акс этган видеони намойиш этган. Унда ракета, ҳозирча номаълум сабабга кўра, 17 октябр куни соат 18:59 да портлаб кетгани — худди шу вақтда шифохонага зарба келиб тушгани айтилган.
RAW FOOTAGE: A rocket aimed at Israel misfired and exploded at 18:59—the same moment a hospital was hit in Gaza. pic.twitter.com/Kf5xJazSap
— Israel Defense Forces (@IDF) October 17, 2023
Шунингдек, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо секторидаги шифохона ҳудудининг зарбадан олдинги ва кейинги ҳолати акс этган видеони намойиш этган.
A failed rocket launch by the Islamic Jihad terrorist organization hit the Al Ahli hospital in Gaza City.
— Israel Defense Forces (@IDF) October 18, 2023
IAF footage from the area around the hospital before and after the failed rocket launch by the Islamic Jihad terrorist organization: pic.twitter.com/AvCAkQULAf
Видеога кўра, ракета зарбаси шифохона биносининг ўзига эмас, унинг ёнидаги автотураргоҳга келиб тушган.
Бироз ўтиб Times of Israel нашри мухбири Исроил армиясининг шифохонага Ғазодан учирилган ракетаси тушгани ҳақидаги баёнотини далиллаш мақсадида кузатув камерасига муҳрланган видеони намойиш этди.
Surveillance camera footage from Netiv Haasara shows a large barrage of rockets being launched from northern Gaza, followed by a massive blast in the Strip, apparently caused by a failed projectile. pic.twitter.com/PdNCbks02r
— Emanuel (Mannie) Fabian (@manniefabian) October 17, 2023
Ғазо сектори шимолидаги Нетив Ха-Асара аҳоли яшаш манзилида олингани айтилган видеода ўнг томондан (яъни Ғазонинг денгиз томонга яқин қисмидан) чап томонга, Исроилнинг жанубий ҳудудлари йўналишида кўплаб ракеталар бирданига учирилгани акс этган. Ракеталарнинг оловли думлари қоронғиликда ғойиб бўлганидан бир неча сония ўтиб, пастда, тахминан ракеталар траекторияси остида кучли портлаш рўй беради.
Бундан ташқари, Исроил мудофаа армияси шу куни Ғазо ҳудудидан учирилган ракеталарнинг радар томонидан қайд этилган траекторияси тасвирланган схемани намойиш этган. Унга кўра, Ал-Аҳли шифохонаси траектория остида жойлашган.
«Фаластин ислом жиҳоди» айбловни рад этган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам шифохонага зарба «фаластинлик жангарилар томонидан йўллангани»ни айтган. «Бутун дунё билиши керак: Ғазо секторидаги шифохонага ЦАҲАЛ эмас, ваҳший террорчилар ҳужум қилди. Бизнинг болаларимизни шафқатсизларча ўлдирганлар ўз болаларини ҳам ўлдиришди», — дея ёзган у твиттер саҳифасида.
Исроил бош вазири маслаҳатчиси Марк Регев BBC билан суҳбатда одатда фаластинликлар Исроил ҳудудига отадиган ракеталарнинг 33 фоизга яқини нишонга етмасдан, Ғазо ҳудудига қулашини таъкидлаган.
Халқаро реакция
Миср Ғазо секторидаги шифохонага зарбани «энг қатъий тарзда» қоралаган. Мамлакат ТИВ халқаро ҳамжамиятни зудлик билан аралашишга чақирган.
Канада бош вазири Жанстин Трюдо ҳодисани «даҳшатли ва мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган» ҳолат деб атади.
Қатар ТИВ исроилликларнинг «шифохоналар, мактаблар ва бошқа аҳоли яшаш манзиллари ҳужумлари» можарони кескинлаштириш ҳисобланишини маълум қилган.
Ал-Аҳли шифохонасига зарбани Туркия, Араб давлатлари лигаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Евроиттифоқ раиси Шарл Мишел қоралади. Миср, Иордания, Саудия Арабистони ва Баҳрайн ҳам рўй берган ҳодисада Исроилни айблаган. Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари 18 октябр куни Ғазодаги шифохонада рўй берган ҳодиса муносабати билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказишга чақирди. РФ ТИВ расмийси Мария Захарова Ғазодаги шифохонага зарбани «ноинсоний ҳаракат» деб атади ва Исроилни ўзининг зарбага алоқадормаслигини исботлашга чақирди. РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Ғазодаги шифохонага зарба учун айбни АҚШ зиммасига юклади.
18 октябрга ўтар кечаси Яқин Шарқнинг бир қатор мамлакатларида Ғазодаги шифохонага зарба туфайли оммавий намойишлар бошланиб кетди. Хусусан, Туркия, Иордания, Миср, Тунис, Сурия, Ливан, Яман ва Эронда акциялар уюштирилди. Намойишчилар Исроил ва АҚШ элчихоналари атрофларида йиғилган. Шунингдек, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ҳам оммавий намойишлар бошланган.
Иорданияда Байден иштирокидаги саммит бекор қилинди
Иордания АҚШ президенти Жо Байден иштирокида 18 октябр кунига режалаштирилган тўрт томонлама саммит бекор қилинганини маълум қилди. Бундан олдинроқ Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос саммитда иштирок этишдан бош тортганди.
«Энди ўт очишни тўхтатишдан бошқа масала ҳақида гаплашишдан маъно йўқ», — деган Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафадий саммит бекор қилиниши ҳақида эълон қиларкан.
Байден ва Аббосдан ташқари, пайшанба кунги саммитда Миср президенти Абдул-Фаттоҳ ас-Сиси ҳамда Иордания қироли Абдуллоҳ II ҳам иштирок этиши кўзда тутилганди.
BBC’нинг АҚШ Давлат департаментидаги мухбири Барбара Плетт-Ашерга кўра, шифохонада рўй берган ҳодиса - Исроилга ташриф билан йўл олган Байден учун барча эҳтимолий сценарийлардан энг ёмони бўлди. Чунки портлаш рўй берган шифохона - шубҳасиз фуқаролик объекти. Бу ерда нафақат касал ва ярадорлар, балки урушдан «хавфсиз ҳудуд»га қочиб келганлар ҳам тўпланганди.
Мактабга зарба
Сешанба куни кундузи Ғазодаги Ал-Магази қочқилар лагери ҳудудидаги мактабга ҳам авиазарба берилгани маълум бўлган, унинг оқибатида, БМТ маълумотига кўра, камида олти киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, ўнлаб кишилар яралангани, уларнинг сони ошиши мумкинлиги айтилган.
«Бу ғазабни келтиради ва тинч аҳоли ҳаётига очиқдан очиқ эътиборсизликни яна бир бор намойиш этади, — дейилади баёнотда. — Ғазода хавфсиз жой қолмади, ҳатто UNRWA объектлари ҳам хавфсиз эмас».
Фаластинлик қочқинларга кўмак бериш агентлиги (UNRWA) зарба Исроил Ғазо секторини бомбардимон қилиши чоғида келиб тушганини таъкидлаган.
«Бу мактаб камида 4000 киши учун бошпанага айланган. Уларнинг борадиган бошқа жойи йўқ ва улар ҳозир ҳам ҳеч қаерга кетмаяпти», — дея хабар берган ташкилот.
7 октябрдан буён Исроил ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги 5 мингдан ортиқ объектига зарба йўллаган ва Фаластин тинч аҳолиси орасида «кўп сонли қурбонлардан қочиш» учун бошқа кўплаб зарбаларни бекор қилган, деган сешанба куни Reuters агентлиги билан аноним тарзда суҳбатлашган исроиллик мулозим.
У кўп кунлик бомбардимонлар давомида айнан қанча зарба бекор қилинганига аниқлик киритмаган. Фаластин соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига кўра, ҳозиргача қурбонлар сони 3 минг кишидан ошган.
Агентлик суҳбатдоши бундай амалиётларнинг ҳар бири Исроилнинг «энг олий даражадаги» раҳбарияти томонидан маъқулланишини қўшимча қилган.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024