Фан-техника | 18:38 / 18.10.2023
180003
6 дақиқада ўқилади

Рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни ўзгартириш: у қандай ишлайди?

Ўзбекистонда яқин ҳафталарда телефон рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш имконияти яратилиши кутилмоқда. Хўш, бу имкониятдан қандай фойдаланилади, компанияни ўзгартириш қанча вақт олади ва қандай ҳолларда ариза рад қилинади?

Фото: Яндекс-харита

Рақамлаштириш вазирлиги 3 октябр кунги матбуот анжуманида Ўзбекистонда рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш имконияти йўлга қўйилишини эълон қилганди.

Ҳозирда Ўзбекистондаги мобил операторлар ўртасида рақамларни узатиш тизими – Mobile Number Portability (mnp.uz) сайти синов тариқасида очилган, лекин тизим ҳозирча ишламаяпти. Рақамлаштириш вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, тизим 24−27 октябр кунлари бўлиб ўтадиган “ICTWeek Uzbekistan 2023” ҳафталигида тўлиқ тақдимот қилинади.

Порталдаги маълумотларга кўра, рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш 4 босқичда амалга оширилади.

1. Абонент рақамини кўчиришга ариза берилади

Абонент рақамини кўчиришга қуйидаги усуллар орқали ариза бериш мумкин:

– мобил алоқа операторларининг офисларида ариза тўлдириш орқали;

– ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали.

2. Абонент рақамини кўчириш хизмати учун ҳақ тўлаш

Бир марталик тўлов абонент ўтаётган операторга тўланади, тўлов миқдори ҳар бир мобил алоқа оператори томонидан мустақил белгиланади.

3. Алоқа операторидан янги SIM-карта олиш

Оператор абонент аризасини қабул қилади, у билан янги келишув тузади ва абонентга вақтинчалик рақамга эга янги SIM-карта топширади. Вақтинчалик рақам назарда тутилган операторга бириктирилган рақамлар тўпламидан танлаб берилади, янги SIM-карта эса абонент томонидан аризада кўрсатилган тариф режасига уланган бўлади.

Келишув тузилган вақтда вақтинчалик рақамга эга SIM-карта фаол бўлади ва абонент унинг рақами фактга кўра янги операторга ўтказилгунига қадар ҳам янги алоқа оператори (resipient-operator) хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Рақамни янги операторга ўтказиш аризаси рад қилинганда, абонент ўзига берилган SIM-карта орқали resipient-operator хизматларидан фойдаланишда давом этиши мумкин. Рақам янги операторга муваффақиятли ўтказилганда, resipient-operator SIM-картадаги вақтинчалик рақамни абонент аризасида ўтказилиши лозим деб кўрсатилган рақамга ўзгартиради. Рақамни бошқа мобил операторига кўчириш 8 иш соатидан ортиқ бўлмаган вақт талаб қилади.

4. Абонент рақамининг муваффаққиятли алмаштирилгани ҳақида SMS'ни кутиш

Янги оператор (resipient-operator) абонентни унинг рақамини бошқа операторга кўчириш жараёни муваффақиятли якунлангани ҳақида оператори ўзгартирилган рақам SIM-картасига SMS юбориш орқали хабардор қилади. Оператор чекланмаган сонда алмаштирилиши мумкин, аммо дастлабки кўчириш вақтидан камида 30 кун ўтган бўлиши лозим.

MNP тизими ишлаш тартиби бўйича қўшимча маълумотлар

Ўзбекистон ҳудудида 5 та мобил алоқа оператори GSM алоқа стандарти бўйича иш юритмоқда: Beeline, Mobi.uz, Ucell, UzMobile, Humans. Агар мобил алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва тўкислигини сақлаб қолади. Агар сизга CDMA мобил алоқа оператори хизмат кўрсатаётган бўлса, техник имконият йўқлиги сабабли алоқа оператори мобил рақамларини кўчиролмайди (Масалан, “Uztelecomʼнинг Uzmobile филиали, “Rubicon Wireless Communication” ITT МЧЖ – Perfectum).

MNP хизматига эга бўлиш учун жисмоний шахс кўчирилаётган рақамини рўйхатга олишда қўлланган шахсни тасдиқловчи ҳужжатни ҳамда юридик шахслар ташкилотнинг СТИРини тақдим этади.

Шунингдек, мобил алоқа оператори ўзгартирилганда, кўрсатилаётган хизмат сифати қониқтирмаса, 30 календар кунидан сўнг дастлабки ёки бошқа операторга қайта ўтиш мумкин.

Мобил алоқа оператори ўзгартирилса, пул маблағларининг баланс сақлаб қолиш масаласи – танланган тариф, тарифларни ўтказиш ва бошқа хизматларга қараб турли хил бўлади. Кўчириш вақтида ҳисобда бўлган маблағларни қайтариш учун фуқаролар ўз мобил алоқа оператори офисига ариза билан мурожаат қилиши керак.

Рақамни кўчириш борасидаги ариза бир қанча сабабларга кўра рад этилиши мумкин:

1-сабаб: агар аризада кўрсатилган маълумотлар олдинги оператордаги маълумотларга (рақам, ФИШ, паспорт маълумотлари) мос келмаса, ариза рад этилади. Ечим: олдинги операторнинг сотувлар ва хизматлар бўлимига мурожаат қилиб, ундаги маълумотларни тўғрилаш, сўнг рақамни кўчириш аризаси қайта топширилади.

2-сабаб: олдинги оператор олдида қарздорлик мавжуд. Ечим: қарздорликни исталган усулда сўндириш, сўнг бошқа операторга ўтиш аризасини унинг офисларидан бирида такроран топшириш лозим.

3-сабаб: рақам охирги марта кўчирилганидан кейин 30 кундан кам муддат ўтган бўлиши. Ечим: 30 кунлик муддат тугашини кутиш ва рақамни кўчириш бўйича аризани такроран топшириш.

4-сабаб: SIM-карта йўқолгани, суд қарорига кўра ёки олдинги мобил алоқа оператори хизматлари учун ҳақ тўланмагани сабабли рақам блокланган бўлса ариза рад этилади. Ечим: оператор офисга мурожаат қилиб, рақамни блокдан очиш ва кўчириш ҳақида такроран ариза бериши лозим.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистонда рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш тизими расман ишга тушмаган, сайтда келтирилган кўрсатмалар тавсия ўрнида холос.

Рақамли технологиялар вазирлигининг маълум қилишича, MNP хизмати аллақачон Европа Иттифоқининг барча мамлакатларида, Сингапур, АҚШ, Канада ва қўшниларимиз Қозоғистон, Россия, Озарбойжонда ҳам мавжуд. Чет эл алоқа бозорининг таҳлилларига кўра, хизмат ишга тушганда сўнг дастлабки 1-2 йил муддат ичида кўчирилган рақамлар 5% ни ташкил қилиши мумкин. Бу хизматнинг йўлга қўйилиши мобил алоқа операторлари орасидаги рақобатни кучайтиришга, натижада, хизмат кўрсатиш сифатининг ошишига сабаб бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда тизимни ишга тушириш учун масъуллар Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ДУК ҳисобланади. Ўзбекистонлик мутахассислар бу борада Россия ва Қозоғистон тажрибаларини ўрганиб қайтган.

Мавзуга оид