Ўзбекистон | 18:15 / 20.10.2023
11305
2 дақиқада ўқилади

Мулк ва ер солиғи бўйича энг кўп қарздорлар маълум қилинди

17 октябр ҳолатига 181,7 мингта ташкилотнинг 817,7 минг нафардан зиёд ходимида 563,1 млрд сўм солиқ қарздорлиги мавжуд. Энг кўп қарздорлик «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ходимларида экани айтилмоқда.

Фото: AP

Корхона ва ташкилотлар ходимларида мулк ва ер солиғи бўйича 563 млрд сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг «Фискал таҳлиллар» канали маълумот берди.

Қайд қилинишича, 2023 йил 17 октябр ҳолатига 181,7 мингта ташкилотнинг 817,7 минг нафардан зиёд ходимида 960,4 мингта солиқ объекти бўйича 563,1 млрд сўм (мулк солиғи бўйича 209,1 млрд сўм ва ер солиғи бўйича 354 млрд сўм) тўланмаган солиқ қарздорлиги мавжуд.

Шундан 133,2 млрд сўм бюджет ташкилотлари ходимлари, 24,8 млрд сўм нодавлат-нотижорат ташкилотлари ходимлари, 405,1 млрд сўм тижорат ташкилотлари ходимлари ҳисобига тўғри келади.

Ходимларида солиқ қарзи энг кўп бўлган ташкилотлар:

- «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ - 3,4 млрд сўм;

- «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ - 3 млрд сўм;

- «Ҳудудгазтаъминот» АЖ - 2,8 млрд сўм.

Таъкидланишича, жисмоний шахслар томонидан мулк ва ер солиғи 15 апрел ва 15 октябрга қадар тенг улушларда тўланиши лозим.

Мавзуга оид