Ўзбекистон | 23:11 / 23.10.2023
13403
10 дақиқада ўқилади

“Кераксиз орзуларга берилиб вақтни исроф қилманг” — Беруний Алимов

Умр ортиқча хотиржамлигингизга тоқат қиладиган, хатоларингизни кечираверадиган, кўкка совурган имкониятларингизни қайтариб бераверадиган доимий ҳамроҳингиз эмас. Уни тежашни, вақтни мазмунли ва фойдали сарфлашни ўрганиш зарур. Буларнинг барчаси инсондаги қатъият сабабгина реаллашади. Эндиликда “STATUS” лойиҳаси орқали тажрибали, муваффақиятли шахслар томонидан керакли мотивларга, кўникмаларга эга бўлишингиз мумкин. Кўрсатувимизнинг бугунги меҳмони Янги медиа таълим маркази директори Беруний Алимов.

— Ижтимоий тармоқларда сизни кузатувчилар яхши билишади. Кўплаб тадбирларда, конференцияларда, хорижий сафарларда кўп бўласиз. Буларнинг ҳаммасига улгуриш, вақтни тақсимлаш қийин эмасми?

Беруний Алимов

— Кундалик режани олдиндан белгилаб қўйсак, ҳаммасига улгурса бўлади, менимча. Баъзи ҳамкасбларим ҳазиллашиб, сизнинг кунингиз 48 соатми, деб қўйишади. Шу оддий 24 соат, фақат жой-жойида тақсимлай олиш керак. Кўп ишлайсизми, дейишади. Йўқ, керагича ишлайман, дам олишга ҳам, бошқа ишларгаям вақт топилади. Диссертация ҳимоя қилдим 12 деганда, вақт кетадиган ишлар булар ҳам.

Талабалар ҳали вақт бор, кейин қиламан деб юришади. Бир талаба фалон тилни ўрганишни бошладим, дейди, бир йилдан кейин сўрасам, йўқ ҳали ўрганолмадим, деган жавобни беради. Чунки вақтини тўғри йўналтира олмаган бўлади. Тил ўрганаётганда одам сўзларни дафтарга ёзиб ёдлаш керак, шунда такрорлаш, сўз устида ишлаш кўп бўлади. Ухлашдан олдин сўзларни бир такрорлаш керак, кечқурун мия шуни лисонга сингдириб туради. Тил ўрганишда баҳона қилиш керак эмас. Кейин, бошқа тил, бегона деган баҳона бўлиши керакмас, одамлар шу тилда гаплашяптими, демак, у тилни ўрганса бўлади. Қунт билан, астойдил киришилса, бир хорижий тилни 4-5 ойда ҳам ўзлаштирса бўлади.

Оптимизм тарафдориман мен. Ҳозирги ёш йигит-қизлар билан танишиб, яқинроқ суҳбат қурсангиз, пессимизм кўриниб туради. Ҳали ёш, лекин ҳеч нарсага эришмадим, улгурмадим, деб бошлашади. Ундай бўлиши керак эмас.

— Ёшларда натижадорлик ортиши, яхши мутахассис бўлиши учун уларда қандай қадриятлар шаклланиши керак деб ўйлайсиз?

Беруний Алимов

— Дангасаликнинг негизида зерикиш бор. Ҳозирги ёшларда шу нарса бор. Зериккан одамнинг қўли ишга бормайди, ўзларича нима бўлаётганини тушунтириб беролмайди.

Пул масаласи ҳам бор. Бунда яхшироқ имкониятлар қараш керак, бу йил камроқ ойликка ишлаётган бўлса, янаям яхшироқ имкониятлар изласин. Бир журналист пулга муносабатингиз қандай, деб сўраб қолганди. Жуда яхши. Биз топганимиз орқали кимгадир ёрдам беришимиз мумкин, қариндошларга қарашишимиз мумкин, ҳатто қўшниларга.

Одамнинг ўзида ғоя бўлса, уни амалга ошириш жудаям осон аслида. Ёшларга имконият кўп деяпмиз-ку, лекин уларнинг олдида турган челленжлар ҳам кўп. Дейлик, оддий ахборот маъносида. Тез алданиб қолишяпти, алдов билан хорижга кетишяпти ҳам. Ёшларнинг ўзларида атрофдан олаётган ахборотларни текшириб кўриш кўникмасини шакллантириш керак, ҳозир қониқарли ҳолатда эмас бу жиҳат. Турли информацияларга ўралашиб қолишяпти. Катта тўсиқ бу. Шундай даврда яшаяпмизки, имконият ҳам кўп, халақит берадиган нарсалар ҳам.

Бизнинг замонда бир соҳанинг устаси бўлиш учун юзта одамнинг ичида яхшироқ кўриниш керак бўлган бўлса, ҳозир ўн мингта одамнинг ичида яхшироқ бўлиш керак. Рақобат кўп ва янада ортади ҳали. Дипломни олиб, мени ишга олинг, дейдиган замондан ўтдик, ҳозир иш берувчи яхши кадрни ўзи излаб топади ва шунга лойиқ бўлиш керак. Иш берувчилар ўзи ортидан югурсин, шу даражада бўлиши керак ёшлар.

Муаммолардан қўрқиш керак эмас. Муаммо борки, албатта, ечилади. Муаммо пайдо бўлиши билан уни ўйлаб бошласангиз, унинг 50 фоизи ҳал бўлади ўзи, қолгани ҳаракатда. Кўп айтилган гап бўлса-да, келажагимиз ёшларнинг қўлида.

— Умр ўтиб кетаётганини кеч англаймиз. Ўтган умрга қараганда, юзимизга шапалоқ тушгандек бўлади. Умрнинг қийматини туширадиган энг кераксиз 3 та одат ё ишлар нима сиз учун?

Беруний Алимов

— Биринчи ўринда умримизни — вақтимизни тежашни ўрганишимиз керак. Умр ўлчаб берилган. Ёшлигимизда ҳали ёшсан, улгурасан, деган гапни кўп эшитганман, энди ҳеч ким бу гапни айтмайди.

Жуда ҳам катта бўлган режалар қилишга қаршиман. Яъни биз ҳозирги кунда ҳар йили мева берадиган орзулар, режалар қилишимиз керак, жуда узоқдаги орзуларга берилиб, умрни ўтказиб юбориш керак эмас. Ота-оналар ҳам шунга йўналтириш керак. Катта қанақадир одам бўласан эмас, бир соҳанинг етук мутахассиси бўласан, дейиш керак.

Иложи борича кўпроқ билим олишга ҳаракат қилиш керак. Ёшликдан бошлаб кўпроқ ўрганавериш керак. Фундаментал билимлар керак бизга, бўлади-ку, мактабдаги болалар аниқ фанлар ёки гуманитар фанларни ташлаб қўяди менга керакмас деб, ундай қилиш керакмас.

Кимё фанини яхши ўқимасдим, болалардан кўчирардим вазифаларни. Лекин ўқитувчимиз ўзгаргач, ўқий бошладим, ҳатто олимпиадаларга борганман кимёдан. Бизга шундай фундаментал билимлар керак. Тил борасида ҳам шундай, битта тилни билиб, «бўлди» эмас, ўрганиш керак яна. Ҳозиргидай шароит бўлмаган даврда Беруний, Фаробий каби аждодларимиз қанча тилни билган?

Қўлимиздан китоб тушмаслиги керак. Шу нарса бизнинг ҳаётимизни белгилайди. Яхши иш топамиз, ҳаётимиз гўзал бўлади ва қўлдан келганча атрофдагиларга ёрдам бера оламиз. Ҳақиқий саодат шунда.

Баъзи давраларда сен бундай бўлиб кетдинг, кўтарилиб кетдинг деган гаплар бўлиб қолади. Ҳаммамизда имконият бир хил эди, мен бойваччанинг боласи эмасдим. Биринчи курс пайтим иссиқхонада ишлаб, одамларнинг қўйига қараб кун кўрганман, бундан уялмайман.

— Ҳаммада имконият бўлади. Демак, одамларда қатъият яхши шаклланмаган экан-да?

Беруний Алимов

— Руҳлантириш деган нарса ҳам бор-да. Биз болаларимизни ўқитамиз, уйлантирамиз, лекин уларни катта ҳаётга тайёрлаш ҳам бор. Боладаги рақобатбардошликни синдириб қўямиз ҳамма нарса қилиб бериш билан. Боланинг ўзи курашсин, пастроқ ишларда ишласин, официант бўлсин, ҳаммоллик қилсин, устачилик қилсин. Қиз болалар ҳам кўп ишни эплайди, бири торт пишириб сотади, гул сотади, тикувчилик қилади. Қўлидан кўп иш келадиган йигит-қизларимиз бор, лекин кам.

«Адабиёт ва санъат» газетасида мусаҳҳиҳлик қилардим. Кейин таржимон бўлдим, мухбир, муҳаррир, шарҳловчи ва бошқа лавозимларда ишладим. Инсон бир соҳада қачонки мустаҳкам туради — пастдан юқорилаб чиққан бўлса, ойдан тушмаган бўлса.

Ёшларга фақат ишлаш эмас, ўсишга ҳам имкон бериш керак. Бир ёш кадр ташкилотга, компанияга келдими, унга ўсишга имкон бериш керак.

Таваккал қилишни ҳам билиши керак ёшлар. Ёш бола иссиқ чойнакни бир ушлагач, қайта ушламайди. Ёшларда хато қилишдан чўчишни йўқотиш керак. Дейлик, бизнесда таваккалсиз иш қилиб бўлмайди. Ҳаёт таваккаллар ва ислоҳлардан иборат.

Ёшларда ташаббускорлик ҳам етишмайди. Имкониятлар кўп ҳозир. Майли, кулгили ташаббус бўлсин, лекин эртага унинг ортидан яхшироғи ўсиб чиқиши мумкин. Қўрқмаслик керак бундан. Муҳими амалга ошириш.

Дўст масаласи. Киши ўз вақтини бўлиб-бўлиб ҳар кимга бериб юбориши керакмас. Энг қимматли нарса — вақт. Вақтдан қиммат инвестиция йўқ, кимгадир вақт ажратиш пулданам кўп нарса бериш дегани.

Японияда бирор компанияда ишлайдиган одам суянчиқсиз стулларда ўтиради. Ва оиласига ё бошқа бировга телефон қилмайди, тақиқланмаган бу, лекин шундай этика шаклланган. Бизда эса бундай эмас, диққатимизни тўла ишга қаратолмаймиз. Японларам жуда оилапарвар халқ аслида. Вақтнинг ичидан кемирадиган одатларимизни назорат қилишимиз керак. Шунда вақтдан самаралироқ фойдалана оламиз.

— Танбаллик шаклланган авлод билан жамиятни қандай инқирозлар кутиб турибди?

Беруний Алимов

— Танбалликнинг негизига қараш керак. «Клипча» ўйлаш оқибатида танбаллик пайдо бўлади. Дейлик, Tik-Tok ижтимоий тармоғида вақт ўтказадиган ёшлар шунчаки вақт ўтказади қисқа-қисқа қанақадир роликлар билан. Бу нарса яхшиликка олиб келмайди эртага. Ёшлар ўз соҳасини тўлиқ эгаллолмайди, кучлироғи ўйиндан чиқариб юборади уларни, рақобатбардошлик йўқ. Ҳозирги замонда ҳаракат қилмаган одам ҳеч нарсага эришолмайди.

Талабаларга доим ота-онанг шунча пул сарфлаяпти, 5 сўмлик бўлсаям нарса олиб кетяпсанми шу дарсдан, деб айтаман. Ота-она молини сотади, ўзидан аяйди пулни, ёшлар эса кимнидир алдашга уриниб ўқийди. Ваҳоланки, улар ўзини алдаётган бўлади. Жиддий масала бу. Уларни руҳлантира оладиган устозлар керак ва ортидан эргаштириш керак. Мен 12 йил устозимнинг уйида яшаганман, десам ҳам бўлади, доим у кишининг ёнига борганман, ишларимни кўрсатганман. Билим олиш, нимагадир эришиш имконияти ҳаммада бор.

Суҳбатни Уралбек Бўриев олиб борди.
Тасвирчи – Шоҳруз Абдураимов

Мавзуга оид